Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:00

Қирғизистон вице-бош вазири: Сўх-Риштон йўли ҳозирча очилмайди


Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги Сўхга ўтилувчи чегара маскани.
Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги Сўхга ўтилувчи чегара маскани.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудуди билан ўралган Сўх эксклавини Ўзбекистоннинг асосий ҳудуди билан боғловчи Сўх-Риштон йўли ҳали очилгани йўқ. Бу ҳақда Қирғизистон бош вазири ўринбосари Жениш Раззақов Азаттиқ радиосига (Озод Европа/Озодлик радиси қирғиз хизмати) билдирди.

Бош вазир ўринбосарига кўра, Сўх-Риштон йўлини очишдан олдин бир қатор масалалар ўз ечимини топиши лозим:

- Тилга олинган ҳудудда қилинадиган ишлар кўп. Даставвал Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишимиз лозим. Иттифоққа аъзоликдан Қирғизистон зиммасига юкланган мажбуриятлар орасида ветеринар, фитосанитар хавфсизлик масалалари бор. Шу масалалар ечилмагунча йўлни оча олмаймиз.

Олти йил аввал ёпиб қўйилган Сўх-Риштон йўли 31 август куни қайта очилгани тўғрисида Ўзбекистондаги расмий нашрлар маълумотларига таяниб, Озодлик хабар қилган эди.

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида 2013 йил 5-6 январь кунлари маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида чиққан можаро ортидан Cўх-Риштон йўлидаги чегара пунктлари ëпиб қўйилган эди.

Фарғона вилоятининг икки туманини боғловчи тахминан 70 кмлик бу йўл деярли тўлиғича Қирғизистон ҳудудидан ўтади.

Сўхни Ўзбекистоннинг қолган ҳудуди билан бошловчи энг қисқа йўл ëпилганидан бери ўтган қарийб олти йил давомида сўхликлар Фарғонага ўтиб-қайтиш учун Водил орқали 130 км.дан кўпроқ йўл босишга мажбур бўлишган.

Ўтган йил Ўзбекистон-Қирғизистон расмий делегациялари учрашувида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегаралари чекловларсиз борди-келди учун очилишини ваъда қилган эди.

2013 йил январь ойида содир бўлган воқеалар оқибатида Фарғона вилоятининг Сўх туманига олиб борувчи Риштон йўли ёпилиб, «Водил» пости ягона қатнов йўли ҳисобланарди.

XS
SM
MD
LG