Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:21

Чегарадош ҳудудлардаги қирғизистонликлар Ўзбекистонда даволанишни афзал билмоқда


Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларидан ўтиш тартиби енгиллаштирилганидан бери Боткен вилояти аҳолисининг бир қисми Фарғона вилояти касалхоналарига бориб даволанишни афзал кўрмоқда. Ўзбекистонда даволаниб қайтган қирғизистонликларнинг айтишича, ўзбек шифокорларининг ширинсўзлиги, даволаниш ҳақининг арзонлиги қўшни давлат фуқароларини ўзига жалб этмоқда.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Кўприкбоши қишлоғида яшовчи Исмоил Жапаров сариқ касали билан оғриб қолган икки неварасини Фарғона вилоятининг Сўх туман касалхонасида даволатди.

Исмоил Жапаров 10 кунлик даволанишга қирғиз сўмида 200 сўм маблағ сарфлаганини айтди. Бу пул тахминан 25 минг ўзбек сўмига тўғри келади.

-Боткенда ҳеч қандай фойдаси бўлмаган текширувларга қирғиз пулида 900 сўм сарфладим. Текширганлар, ҳатто, мана бундай дориларни ичинглар, мана бундай даволанглар, деб айтиб ҳам қўймади. Кейин 900 сўм пулимга куйиб, қайтиб келдик ва Сўхнинг касалхонасига бордик. Сўхнинг касалхонасида қирғизлар жуда кўп. Сабаби, ташҳисни аниқ қўйиб даволар экан, даволаниш ҳаққи ҳам арзон экан. Мана шу нарса халққа ёқаяпти, деб ўйлайман, -деди Исмоил Жапаров.

Унга кўра, ўзбек шифокорлари ширинсуханлиги билан ҳам боткенлик шифокорлардан ажралиб туради.

-“Хуш келибсиз, қаерингиз оғрияпти”, деб ниҳоятда ширинсуханлик билан кутиб олишади. Уларнингг ширин сўзлигидан оғриётган бўлсанг шифо топиб кетасан, -деб қўшимча қилди Исмоил Жапаров.

Фарғона касалхоналаридан шифо излаган боткенликлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00

Боткен вилояти аҳолиси Ўзбекистон касалхоналарига улар яқин ҳудудларда жойлашгани учун ҳам мурожаат қилмоқда. Ўзбекистон-Қирғизистон чегаралари ёпиқ бўлган пайтда вилоят аҳолиси 50-60 километр олисликда жойлашган туман касалхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлар эди. Чегаралар очилганидан сўнг эса қишлоқдан ўн километр узоқликдаги ўзбек касалхоналарида даволаниш имконияти пайдо бўлган.

-Биринчидан, Боткенга бориш учун жуда узоқ йўл юриш керак. Иккинчидан, Боткенда шифокорнинг қабулига кириш ҳам осон эмас, уларнинг муомиласи ҳам қўполроқ. Ўзбекистон касалхоналарига борсак, жуда яхши кутиб олишади, яхши даволашади, - дейди Боткен вилоятидаги қишлоқлардан бирида яшовчи Мирболот Имарали.

Боткен вилояти касалхоналаридаги шифокорларнинг қўпол муомиласидан шикоят қилаётган беморлар сони кўплигини вилоят бош шифокори Абдулаким Абдуллаев ҳам тан олди.

-Албатта беш қўл баробар эмас. Қўпол муомала қилувчилар ҳам бор. Биз улар билан тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Бугунги кунда қўпол муомалада бўлаётган шифокорлар сони озайиб бораяпти, -деди Абдулаким Абдуллаев.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаралар 2017 йилнинг сентябрида президент Шавкат Мирзиёев Бишкекка давлат ташрифи билан келгани ортидан очилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан бошлаб ўнларча марта тиббиёт соҳасидаги жиддий муаммолар ва етишмовчиликлар ҳақида гапирди. Соҳа раҳбарларини алмаштирди.

Мирзиëевнинг селектор йиғилишларида “тиббий хизматлар сифати пастлиги туфайли ҳар йили 30 мингга яқин фуқаро чет элга даволанишга боришга мажбур бўлаётганини” хавотирли омил сифатида таъкидлаб айтган.

Президент Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимини “касал”деб баҳолаган эди.

XS
SM
MD
LG