Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:47

Ўзбекистон билан Қирғизистон чегара муаммосини узил-кесил ҳал этмоқчи


Ҳудуд алмашиладими? Қийин аҳволда қолган ватандошлар кўчириладими? Ўзбекистон билан Қирғизистон кўп йиллардан бери ҳал этилмай келаётган чегара муаммосини ҳал қилиш учун барча вариантларни кўриб чиқмоқда.
Ҳудуд алмашиладими? Қийин аҳволда қолган ватандошлар кўчириладими? Ўзбекистон билан Қирғизистон кўп йиллардан бери ҳал этилмай келаётган чегара муаммосини ҳал қилиш учун барча вариантларни кўриб чиқмоқда.

Ҳудуд алмашиладими? Қийин аҳволда қолган ватандошлар кўчириладими? Ўзбекистон билан Қирғизистон кўп йиллардан бери ҳал этилмай келаётган чегара муаммосини ҳал қилиш учун барча вариантларни кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистон билан Қирғизистон неча ўн йиллардан бери ҳал этилмай келаётган баҳсли масалаларнинг аксариятини жорий йилда ҳал қилиш билан улкан олға силжишга эришди.

Энди муаммонинг оғир қисми: йил охиригача энг сўнгги ва низоли нуқталари бўйича келишувга эришиш қолди.

Энди арқон тортиш ўйинига барҳам бериш учун чегаранинг ҳал этилмаган 200 километрлик қисми қолди. Ушбу муаммо Совет диктатори Иосиф Сталиннинг «бўлиб ташла ва идора қил» қабилидаги бошқаруви оқибатда юзага келган эди. Тафовутларга барҳам бериш энг йирик ўзаро айқаш бўлиб кетган нуқталарда бир қарорга келишни англатади: улар бешта кичик эксклав ва улар билан боғлиқ мураккаб муаммолардан иборат. Айни муаммолар сўнгги йилларда қўзғолон, ҳибсга олиш, ўқ отиш ва одамларнинг ўлдирилишига сабаб бўлди.

Ушбу муаммоларни бартараф қилиш учун иккала томон ноанъанавий ечимлар изламоқда. Ўзаро ҳудуд алмашиш ёки ватандошларни асрлар бўйи яшаб келган эксклавларидан кўчириш эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.

Шўролар давридан қолган бошоғриқ

Чегара муаммоларини Совет амалдорларининг тахминан бир аср олдин чиқарган қарорлари сабаб бўлмоқда. 1924-27-йилларда республикалар ўртасидан қинғир-қийшиқ ва тартибсиз чегара тортилди ҳамда ушбу чегаралар Марказий Осиёни, қолаверса, улкан Фарғона водийсида яшаётган ўзбеклар, қирғизлар ва тожикларни ақл бовар қилмайдиган тарзда бўлиб ташлади.

1991 йилда Совет Иттифоқининг парчаланиб кетиши Марказий Осиёнинг бешта мамлакатида чегарасиз ва эркин борди-келди даврига барҳам берди. Пайдо бўлган авторитар ҳукуматлар чегараларни белгилай бошлади ҳамда товарлар ва одамларнинг ҳаракати устидан назоратни кучайтирди.

Ўзбек ва қирғиз амалдорларининг чегара масаласидаги «қонга – қон, жонга – жон» қабилидаги хатти-ҳаракатлари отишмалар ва бошқа бузғунчиликларни келтириб чиқарди.

1999 йили Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида рўй берган бомба портлашлари, мамлакатга исломий террорчилар кириб келишидан қўрқув сабаб ҳукумат Фарғона водийсидаги Қирғизистон билан чегаранинг кўп жойларига девор тиклаш ва зовур қазишга мажбур бўлди. У ҳатто 2000 йил ёзида чегаранинг бир қанча жойларига миналар кўмди. Бу ҳол одамлар ва жониворларнинг ўлими ва яраланишиги сабаб бўлди.

Бироқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов даврида неча ўн йиллаб боши берк кўчага кириб қолган чегара муаммолари унинг ўлимидан сўнг яна муҳокама қилина бошлади. Каримовнинг вориси Шавкат Мирзиёев қирғиз ҳамкасби Алмазбек Атамбаев билан октябрь ойида икки мамлакат ўртасидаги 1300 километрилк чегаранинг 85 фоизини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани имзолади.

– Каримов даврида Ўзбекистон тарафида чегара муаммосини ҳал қилиш истаги йўқ эди, – дейди бишкеклик халқаро муносабатлар бўйича мустақил синчи Чинара Эсенгул. – Аммо энди Мирзиёев даврига келиб, Ўзбекистон изоляцияда қолишни хоҳламаяпти. Янги президент мамлакатнинг савдо-сотиқ ва саноат потенциали тўлиқ рўёбга чиқишини ва чегаралари очиқ бўлишини истайди.

Чегара масаласидаги икки томонлама шартнома байрам қилишга арзирли воқеа бўлди.

– Қирғиз ва ўзбек халқлари ушбу тарихий кунни 20 йилдан ошиқ кутди, – деган эди Атамбаев.

Атамбаев 24 ноябрь куни ниҳоясига етган олти йиллик президентлиги даврида иқтисодиёт ва дипломатия соҳасида арзирли ютуқларга эриша олмади. Шунинг учун Ўзбекистон билан чегара муаммоларини ҳал этиш орқали ўзидан яхши ном ва мерос қолдиришга ҳаракат қилаётган кўринади.

Мирзиёев билан Атамбаев шу пайтга демаркация қилинмаган ўзбек-қирғиз чегараси билан боғлиқ осон низоларни бартараф қилишга эришди. Энди қолган 15 фоизлик масала 5 та мураккаб этник эксклавларни ўз ичига олади.

Қирғизистон ҳукуматининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Қурбонбой Искандаровнинг «Озодлик» радиосига маълум қилишича, чегара бўйича Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида низоли 36 та ҳудуд бор, у ерларда эксклавлар жойлашган.

Сўх, Шоҳимардон, Жани-Айил (Ҳалмиён) ва Чон Қора/Қалача Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги ерларидир. Ўзбекистон ватандошлари эксклавдан чиқиш учун Қирғизистон чегара постларидан ўтишга мажбур.

Сўхда чегарачилар билан маҳаллий аҳоли ўртасида бир неча марта можаро келиб чиқди. 350 км2 ҳудудга эга ушбу эксклавда 50 мингдан ўзбек ватандоши истиқомат қилади. Можаролардан сўнг қирғиз амалдорлари чегара ва йўлни ёпиб қўйди, оқибатда озиқ-овқат танқислиги бошланиб, исён ва бузғунчиликларга сабаб бўлди.

2013 йил январида Сўх эксклавида исён кўтарилган эди.

Ўзбекистон ҳудудида Қирғизистоннинг Барак эксклави бор, 270 гектарлик қишлоқда фақат 75 нафар қирғиз ватандоши яшайди.

Бир замонлар Барак аҳолиси бир неча юз кишини ташкил қилар эди, бироқ аҳоли аста-секин Қирғизистонга кўчиб кетмоқда. Барак қишлоғи оқсоқоли Нурканбек Ашировнинг айтишича, қишлов мактабида бугун, бор-йўғи, 8 ўқувчи ўқимоқда.

Қирғиз ва ўзбек ҳукуматлари вакиллари чегара билан боғлиқ қолган муаммоларни зудлик билан, яъни 2017 йил охиригача ҳал қилмоқчи эканини айтмоқда, бироқ бу мақсадга эришиш осон эмас.

– Энг муҳими – сиёсий ироданинг мавжудлиги, айни пайтда президент Мирзиёевда шундай ирода бор, – дейди Буюк Британиядаги Ньюкасл университетининг жуғрофия бўйича мутахассиси Никк Мегоран. У 1995 йилдан бери ўзбек-қирғиз чегара зоналарини тадқиқ қилиб келади.

Ҳудуд алмашиш…

Таҳлилчи Эсенгулга кўра, Тошкент ва Бишкек расмийлари эксклавлар муаммосини ҳал этишининг иккита асосий йўли бор.

Битта йўли Ўзбекистоннинг иккита эксклави ҳудудини Қирғизистонга бериб, ушбу мамлакатнинг қайсидир чегара бўйидан шунча миқдордаги ерни Ўзбекистон билан алмашишидир. Ушбу алмашув албатта Барак қишлоғини ҳам ўз ичига олади.

Қирғизистон расмий Пекин билан чегара низосини ҳал этиш Хон-Тангри тоғи ва Узбенку-Куш дарасидаги ўн минглаб акрлик (0,400 га) ер майдонларини Хитойга берган эди ва бу борада тажрибаси бор.

Жорий йилнинг кузида Мирзиёев билан Атамбаев имзолаган ҳужжатга асосан, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида кичик-кичик ер майдонлари айирбошланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ўнгда) ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев демаркация қилинмаган ўзбек-қирғиз чегарасидаги осон низоларни ҳал қила олди. Бешта мураккаб этник анклавлар муаммоси эса ҳал этилмай қолмоқда.

– Харитада Ўзбекистон ҳудуди қилиб кўрсатилган жойларда бизнинг аҳоли яшайди, бизнинг ҳудуд қилиб кўрсатилган жойларда эса ўзбеклар истиқомат қилади, – деган эди Жалолобод вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мамасоли Ахмаматов сентябрь ойида. – Биз 476 гектар ерни олдик ва Ўзбекистонга 241 гектар ер бердик.

Унинг қўшимча қилишича, Жалолобод вилоятидаги Ўзбекистон билан чегаранинг 643 километри демаркация қилинди, энди ҳал қилиниши керак бўлган 80 километри қолди, холос.

1991 йили Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг собиқ совет республикалари ўртасида бир неча марта чегараларни аниқлаб олиш ва ҳудуд алмашиш ҳолатлари юз берди. Масалан, Литва 90-йилларнинг ўрталарида Пагириай анклавини Беларусга берди. Ундан олдин расмий Минск Беларусь билан Литва чегарасидаги кичик ҳудудни Вильнюсга беришга розилик билдирган эди.

Аммо Қирғизистон ёки Ўзбекистон ўртасида бундай ҳудудлар алмашилаётганда ўша ерда истиқомат қиладиган аҳолининг ҳиссиётларини ҳам ҳисобга олиниши шарт.

– Эксклавлар ҳам стандарт чегаралар сингари ҳуқуқий ва техник масалаларни ҳал этишни талаб қилади, лекин улар анча мураккаб, чунки у ерларда ҳал этилиши шарт бўлган кўчиш, хизмат кўрсатиш ва коммунал хизмат масалалари бор, – дейди Мегоран.

Ер алмашишда бир қанча ечими оғир масалалар ўртага чиқади: алмашилаётган ерда яшаётган аҳоли янги мамлакат ватандошлигини қабул қилишга рози бўладими?

Аслини олганда, яхши ёки ёмон чегаранинг ўзи йўқ, фақат давлатлар ўртасидаги яхши ёки ёмон муносабатлар бор».

– Никк Мегоран, Ньюкасл университети

Ёки, масалан, сўхлик ўзбек ватандошлари Ўзбекистонга кўчишга рози бўладими ва улар бунинг учун товон пули талаб қиладими?

– Сўх (50 минг киши) ва Шоҳимардон (5000 мингга яқин киши) йирик эксклавлардир, аҳоли миқдори эса жуда мураккаб омил, – дейди Мегоран. У бунча аҳолини кўчиришни «ўта оғир вариант» деб атайди, чунки бу ўша ерда яшайдиган аҳолини тарихий илдизларидан юлиб олади. Марказий Осиё аҳолиси туғилган жойига қаттиқ боғланган бўлади.

Унинг қўшимча қилишича, «ҳудуд алмашиш Араб ярим оролида ҳеч қандай муаммо туғдирмаган эди, бироқ у ерда Ўзбекистон ва Қирғизистон вилоятлари жойлашган Фарғона водийсидан фарқли ўлароқ, аҳоли зич жойлашмаган ёки экин экиладиган майдонлар йўқ эди. Шу сабабли ёмон оқибатлари деярли бўлмаган».

– Ер алмашиш у рўй бераётган жойда яшаётган аҳоли учун осон бўлмайди, – дея тахмин қилади Эсенгул. – Улар, бу ота-боболаримизнинг ери ва биз бу ерда неча асрлардан бери яшаймиз, дейиши тайин.

Шохимардон эксклави ўзбеклар учун алоҳида аҳамиятга эга, чунки у ерда 1929 йили таниқли ёзувчи, шоир ва олим Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий тошбўрон қилиб ўлдирилган.

Эсенгулнинг қўшимча қилишича, ўзбек ҳукумати вакиллари «алмашиладиган ерда яшаётган ватандошларини кўчиришга кўндириши керак бўлади. Улар кўчаётган аҳолига Ўзбекистондан яхши ер таклиф филиши лозим».

…Ва коридорлар очиш

Муаммони ҳал этишнинг иккинчи йўли ватандан эксклавларга коридорлар очиш ва коридорлар ерини ўша мамлакатга беришдир.

Бундай ечим ҳам ҳудуд алмашишни назарда тутади, лекин эксклавларнинг ўзини алмашишдан кўра осон ҳал бўлади. Қолаверса, қамроқ жамоалар ва кишиларга дахл қилади.

Аммо фойдаланиладиган йўллари бор коридорлар очиш ва чегара постларини олиб ташлаш ҳам ўзига яраша муаммолар туғдиради.

– Эксклавларга ер орқали коридорлар очиш у жойлашган давлатга чегара делимитацияси, тартибни сақлаш ва унинг ҳудуди орқали чиқиб қайтиш борасида янги муаммолар туғдиради, – дея тушунтиради Мегоран.

Учинчи йўл борми?

Мегораннинг фикрича, учинчи йўл ҳам бор. Лекин қизиғи шундаки, тўлиқ эркин ва очиқ чегаралар Совет давридан бери мавжуд эмас.

Ушбу ечим Бельгия билан Нидерландия чегара муаммосини ҳал этишда қўлланган эди, чунки икки давлат чегарасида 24 та майда эксклав бор.

– Бельгия-Нидерландия чегарасида Баарле-Ҳертог анклавларини намуна қилиб келтириш мумкин, – дейди у. – Бу ерда ҳам Бельгия, ҳам Нидерландия ватандошларига тўлиқ эркинлик берилиши иккита жамоат ўртасида тинч-тотув ҳамкорлик муносабатларини кафолатлайди. Шунинг учун на ҳудудларни алмашиш ва на коридорлар очишга ҳожат қолмади.

Марказий Осиёда ҳам бундай тажрибани қўллаш учун кўплаб ўзгаришлар қилиниши ва давлатлараро муносабатлар қалинлашиши керак.

Ўзбек-қирғиз муносабатлари айни пайтда ҳар қачонгидан кўра қалин экани ва чегара муаммолари ечилаётгани тасодиф эмас.

Президенти Мирзиёев сентябрь ойида Бишкекка сафари натижаларини, «ушбу чегаралар дўстлик чегаралари бўлиши керак», деган самимий фикр билан баҳолаган эди.

Ушбу сўзлар Қирғизистон билан Қоғистон ўртасидаги алоқаларнинг тескарисидир. Улар кейинги ойларда ёмонлашиб кетди ва Қозоғистон ҳукумати Қирғизистон билан чегарасини ёпиб қўйишига олиб келди.

– Аслини олганда, – дея гапига якун ясади Мегоран. – Яхши ёки ёмон чегаранинг ўзи йўқ, фақат давлатлар ўртасидаги яхши ёки ёмон муносабатлар бор.

Мирзиёев бу гапни яхши англаб олган кўринади.

Ўзбекистон президенти 14 декабрь куни Тошкент шаҳрида Қирғизистониннг янги президенти Сооронбай Жеенбеков билан учрашуви чоғида келгусида «учинчи йўл» сари интилиш зарурлиги ҳақида гапирди.

– Қирғизистон билан ўртамизда чегара бўлмаслиги керак ва биз муносабатларимизни бутунлай янги даражага кўтаришимиз зарур, – деди у.

XS
SM
MD
LG