Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:04

Онлайн-қимор: Хонавайрон бўлаётганлар кўпайди


Самарқанд вилоят, Пастдарғом туманидаги Янгиобод маҳалласида яшаган 18 яшар ўспириннинг ўзини осиб ўлдиришига Интернет-қиморда катта пул ютқазиб қўйгани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

15 майда содир бўлган фожиа билан боғлиқ ишни туман прокуратураси ўрганмоқда.

Ижтимоий тармоқларда “Онлайн қиморга қаршимиз” акциясини бошлаган фаоллар фикрича, пастдарғомлик ўспириннинг ўлими, агар у чиндан ҳам онлайн қимор қурбони бўлган бўлса, жамоатчилик эътибор бериши лозим бўлган улкан муаммонинг бир учи, холос.

Ўзбекистон Республикаси Киберхавфсизлик марказига кўра, онлайн казиноларни блоклаш чоралари кўрилмоқда, бироқ бу чоралар етарли бўлмаяпти.

Қимор ёшларнинг асосий иши бўлиб қолган?

Бир неча ойдан бери онлайн-қиморга ружу қўйиб, бой берган пули 50 миллион сўмга етган фарғоналик савдогар аёл бошидан ўтганларни Озодликка айтиб беришни истамади.

Ютқизганлар бой берганини айтавермайди. Уларнинг ютқизиғидан, одатда, оила-аъзолари ҳам бехабар қолади. Бироқ қаттиқ яширилган сир охир-оқибат фожиа юз берганидан сўнг фош бўлади.

Блогер Дима Қаюмга келган хабар скриншоти
Блогер Дима Қаюмга келган хабар скриншоти

“Маҳалламизда жуда яхши оила фарзанди онлайн-қиморга аралашиб қолди. Отаси 25000$ қарзини тўлади. Қолган 22000$ тўланмади. Бола қамалиб кетди. Отаси хонавайрон бўлди”.

“Хоразм вилоятида бу (онлайн-қимор) ёшларнинг асосий иши бўлиб қолган. Мен таниган 3-4 йигит бор. Биттаси 50000$, яна бири 40000$, яна бири 10000$ дан кўпроқ ютқазган. Булар шахсан ўзим билганларим”.

Булар “Онлайн қиморга қаршимиз” акциясини бошлаган фарғоналик блогер Дима Қаюмга келган кўплаб хабарлардан иккитаси, холос.

Дима Қаюм 9 июль куни Озодлик билан суҳбатда онлайн-қимор оммалашиб кетганидан ташвиш билдирди:

“Иш жойим бозорда. Яхши гапниям, ёмон гапниям биринчи бўлиб бозор эшитади. Кейинги пайтларда онлайн-қимор жуда оммалашиб кетди. Кўпроқ ёшлар орасида, бироқ катталар орасида ҳам ўйнаётганлар, бор мулкини бой бериб қўяётганлар бор”.

Блогернинг айтишича, одамларни бу иллатдан сақлашга ҳисса қўшиш мақсадида маслакдоши, психолог Шоира Исоқова билан бирга ижтимоий тармоқларда “Онлайн қиморга қаршимиз” акциясини бошлаган.

Шундан сўнг Интернет фойдаланувчилардан келаётган мавзуга оид хабарлар скриншотларини Дима Қаюм ўз Фейсбукида эълон қилиб келмоқда.

Озодлик мавзуни ўрганар экан, онлайн-қиморда иштирок этишга чорловчи рекламалар жуда кўп экани, баъзи бир ўзбек блогерлари бундай рекламаларни ўз видеомаҳсулотига тиркаётганига гувоҳ бўлди.

Онлайн-қиморга чорлаган рекламалар орасида Дима Қаюм иштирокидагиси ҳам бор.

“Албатта, у фейк реклама. Менинг телевидениедаги, Фейсбукдаги турли чиқишларимдан кесиб, монтаж қилиб ясалган. Мен ҳеч қачон қиморни реклама қилган эмасман, қилмайман ҳам, - дейди блогер, - бироқ афсуски, таниқли санъаткорларимиз, ҳатто бир устоз журналист реклама қилганига кўзим тушди”.

Вазиятни ким назорат қилади?

Хўш, онлайн-қимор билан боғлиқ юзага келган вазиятни ким, қайси идора назорат қилади?

Озодлик бу саволни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига берди ва “Вазирлик таркибида алоҳида хизмат йўқ. Бу иш билан профилактика, жиноят қидирув ва тергов, ҳар бири ўз йўналишида шуғулланади”, деган жавобни олди.

Қимор ўйинлари, шу жумладан Интернет орқали бундай ўйинларни уюштириш учун жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191- моддасида (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар) белгилаб қўйилган.

Онлайн-қимор масаласида савол йўлланиши мумкин бўлган яна бир ташкилот Киберхавфсизлик маркази ДУКдир (давлат унитар корхонаси)

Корхона расмий сайтида эълон қилинган телефонларни ҳеч ким кўтармади. Бироқ марказ ўз сайтида ўтган йилнинг ёзида айнан биз ўрганаётган мавзу юзасидан огоҳлантирув эълон қилгани маълум бўлди.

Киберхавфсизлик маркази ижтимоий тармоқларда онлайн казинолар кенг реклама қилинаётганини таъкидлаб, фойдаланувчиларни бундай рекламаларга алданиб қолмасликка чақирган.

Марказ Ўзбекистон Республикаси қонунларида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, сақлаш бўйича фаолият учун жавобгарлик кўзда тутилганини эслатган.

Киберхавфсизлик маркази баёнотида онлайн казиноларга тўсиқ қўйишга ҳаракат қилинаётгани айтилган:

“Онлайн казино ва бошқа қимор ўйинларини ташкил этиш фаолияти кўп давлатларда тақиқланган ва бундай онлайн платформалар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан блоклаш чоралари кўрилмоқда”.

Бироқ бундай чоралар самара бермаётганини ҳам Киберхавфсизлик маркази тан олган:

“Блоклашнинг олдини олиш учун, ушбу онлайн платформаларнинг эгалари, домен номлари ва серверларини мунтазам равишда ўзгартириш чораларни кўрмоқдалар, шу билан фирибгарлар қалбаки қимор сайтларидан муваффақиятли фойдаланиш учун шароит яратмоқдалар”.

Психолог: Қиморбозлик касалликдир

“Онлайн қиморга қаршимиз” акциясининг яна бир ташаббусчиси, психолог Шоира Исоқовага кўра, ҳар бир одам ўзини ўзи назорат қилишни ўрганиши, шунга ҳаракат қилиши керак.

“Ҳаётда ҳар бир одам омадли, муваффақиятга тез эришишни ва ғолиб бўлишни хоҳлайди. Аммо нотўғри қадам босиб, бу орзу-истакларни амалга ошириб бўлмайди. Йиллар давомида нотўғри тушунчалар билан шаклланган шахслар қалтис ўйинларга кўпроқ ружу қўяди. Кези келганда яна бир нарсани таъкидлаб кетишни истардим: кўпчилик виртуал оламни ҳақиқий ҳаётга алмаштириб қўяди. Натижада, бу ерда муваффақиятларга эришишни хоҳлайди. Шифокорлар бундай ўйинларга тобеъликни наркотик ва алкогол маҳсулотларига қарамлилик билан тенг баҳолашади”, - деб айтган психолог Zamon.uz нашрига берган суҳбатида.

XS
SM
MD
LG