Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:03

OzodDayjest: Виртуал қимор важидан одам ўлдирган жиззахлик йигит 18 йилга қамалди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Матбуот расмийларни нега ҳокимлар орасида порахўрлик кўп кузатилаётгани борасида саволга тутди. Виртуал қиморга гирифтор бўлган жиззахлик йигит қотилликка қўл урди. 1 ноябрдан йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдалар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилади.

_____________________________________________________________

Жиззахлик йигит виртуал қиморни деб одам ўлдирди

Жиззахлик 29 ёшли Ғайрат Кулибаев Тошкент шаҳрида компьютер ўйини сабаб қотилликка қўл урди (“Даракчи”,18 октябрь). Ғ.Кулибаев “Махсустранс” корхонаси ҳудудий бўлимида ишлаган. Ишдан бўш вақтларида интернет орқали спорт мусобақаларига пул тикиб ўйнаб келган. Охирги пайтларда виртуал қимор ўйинига боғланиб қолиб бор-буди ва ишидан айрилган, қарзга ботган. Шундан кейин қарздан қутулиш учун виртуал қимор ўйини учун пул олиб турадиган таниши Е.Радченконинг уйига ўғриликка тушган. Ўғриликка гувоҳ бўлиб қолган уй соҳибининг танишини чавақлаб ўлдирган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Бахтиёр Исломовга кўра, қотилликда айбланган судланувчи 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қайд этилишича, Ғ.Кулибаевнинг вояга етмаган фарзанди ва оиласи бор.

Нега ҳокимлар орасида порахўрлик кўп кузатилмоқда?

Cўнгги вақтларда турли лавозимдаги мансабдорлар, хусусан, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлар ва ҳоким ўринбосарларининг пора билан қўлга тушиши кўп кузатилмоқда, деб ёзади “Оила даврасида” нашри. Коррупцияда айланаётганлар орасида депутат, молиячи, ўқитувчи ва шифокорлар ҳам бор. Ўтган 2017 йил сарҳисоб қилинса, мансабдорларга пора бериш билан боғлиқ 1700 дан ортиқ жиноий иш очилган ва 2,5 минг нафарга яқин шахс жавобгарликка тортилган. Оммавий ахборот воситаларида берилаётган хабарларга қаралса, бу йил мазкур жиноят кўрсаткичи ошиб кетганини тахмин қилиш мумкин. Хўш, бунинг сабаби нима: мамлакатда коррупцияни таг-томири билан қўпориб ташлашга жиддий киришилдими ёки мансабдорларнинг пора олишга иштаҳаси очилиб кетдими? Газета ушбу саволларга мутасаддилар, хусусан, қонун ижодкори бўлган депутатлар жавоб бериши кераклигини эслатган.

1 ноябрдан қоидабузар пиёдалар ҳам жаримага тортилади

Жорий йил 1 ноябрдан йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдалар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилади. Бир қатор матбуот нашрлари хабарига кўра, Ички ишлар вазири П.Бобожонов пиёдалар содир этадиган ҳуқуқбузарликлар бўйича электрон шаклда маъмурий баённомалар расмийлаштириш тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаган. Бунга кўра, ЙПХ ходими қоидабузар пиёдани махсус мослама ёрдамида суратга олади. Қоидабузарликни тасдиқловчи далил саналган фотосуратда ҳуқуқбузарликнинг вақти ва жойи акс этади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги идораси пиёдаларни қоидаларга амал қилиш, хусусан, пиёдалар йўлагида телефондан фойдаланмаслик, китоб ўқимаслик, видео ёки аудио эшитмасликка чақирган.

XS
SM
MD
LG