Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:44

Қирғиз депутатлари казиноларни ёпмоқчи


Қирғизистон парламенти, қиморхоналар ходимлари норозилига қарамай, 29 сентябр куни “Казинолар фаолиятини тақиқлаш тўғрисида” қонун қабул қилди.

Қирғизистон парламенти биноси олдига бугун йиғилган Бишкекдаги казиноларнинг мингдан ортиқ ходими “Казинолардан қўлингни торт”, “Бизга иш беринг” , “Парламент халққа қарши” каби шиорларни кўтариб туришди.

Митингчилар казинолар фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг муаллифи, депутат Бақитбек Жетигеновни ўз олдиларига чиқишини талаб этишди, бироқ намойишчилар олдига парламент депутатларидан ҳеч ким чиққани йўқ.

- Депутатлар бугун қонуний бизнесни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни муҳокама қилишмоқда. Бу халққа қарши қонун, агар у қабул қилинса, 15 минг одам ишсиз қолади. Ишсиз қолаётганларга муқобил иш ўринлари таклиф қилинмаяпти, - деди “Қимор ўйинлари асосиацияси” аъзоси Мирза Ниёзов.

Унинг айтишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан казинолар яширин фаолият кўрсата бошлайди. Бунинг оқибатида ҳуқуқ-тартибот ходимлари, айрим депутатлар қиморхоналарни муайян ҳақ эвазига ўз “оталиғи”га олади.

- Оқибатда давлат бюджетига тўланаётган солиқлар коррупциялашган амалдорлар чўнтагини тўлдира бошлайди, - деди Мирза Ниёзов.

Бироқ Қирғизистон парламенти норозилик намойиши иштирокчилари талабларини эътиборга олмаган ҳолда пайшанба куни 2012 йилнинг 1 январидан мамлакат ҳудудида казинолар фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Казино эгаларига қимор ўйинлари ускуналари ва жиҳозларини хориж давлатларига сотиш учун 3 ой вақт берилди.

Айрим депутатлар казинолар Қирғизистон бюджетига йил сайин 1,5 миллион доллардан 3 миллион долларгача солиқ тўлаётганини, агар казинолар тақиқланса, мамлакат бюджетига қаттиқ зарба бўлишидан огоҳлантирдилар. Депутат Исмаил Исақов эса казиноларни Қирғизистоннинг энг чекка ва қолоқ ҳудуди бўлган Боткен вилоятига кўчириш таклифини киритди.

Лекин қонун муаллифи Бақитбек Жетигенов ва депутат Турсунбай Бакир уули бу каби таклифларга кескин қарши чиқдилар.

- Энг асосий муаммо, казинолар ёшларнинг руҳий ва маънавий оламини емирмоқда. Бугунги кунда ёшлар казиноларнинг асосий мижозлари бўлиб ҳисобланади, - деди Бақитбек Жетигенов.

Бир неча соат давом этган муҳокамадан сўнг қирғиз парламентидаги 120 депутатдан 105 нафари казиноларни тақиқлаш тўғрисидаги қонун қабул қилиниши учун овоз берди.

Парламент биноси олдига йиғилган мингдан ортиқ казино ходимлари эса митингни қонунни бекор қилиш талаби билан эртага давом эттиришларини маълум қилдилар.
XS
SM
MD
LG