Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:51

Олтинсойда ИИБ ходимлари билан тўқнашувда калтакланганлардан бири касалхонага ётқизилди


Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маҳалла аҳолиси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига таёқ, болта, белкурак ва тош билан ҳужум қилгани ва оқибатда икки нафар ходими яраланганини маълум қилди.
Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маҳалла аҳолиси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига таёқ, болта, белкурак ва тош билан ҳужум қилгани ва оқибатда икки нафар ходими яраланганини маълум қилди.

Сурхондарё вилоят, Олтинсой туман, Халқобод маҳалласида ички ишлар ходимлари билан тўқнашувда боши ёрилган фуқаро вилоят касалхонасига ётқизилди.

Халқобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуваҳоб Алимовнинг Озодликка айтишича, 14 февраль куни содир бўлган тўқнашув пайтида қўлга олинган 6 киши қўйиб юборилган.

Озодлик 14 февраль куни “Халқобод” маҳалласидаги ноқонуний қурилган уйлар бузилиши ҳақида огоҳлантиргани келган туман ҳокимлиги, прокуратураси ҳамда ИИБ ходимлари ва маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув юз бергани ҳақида хабар берган эди.

Маҳалла раиси: Қамалганлар қўйиб юборилди, бир киши касалхонага ётқизилди

“Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуваҳоб Алимовнинг 17 февралда Озодликка айтишича, ички ишлар ходимлари қўлга олинган 6 кишини ўша куниёқ маҳалла оқсоқолларининг аралашуви билан қўйиб юборган:

- Ҳозир қамалганлар йўқ, ҳаммаси қўйиб юборилган. Лекин касалхонада бир одам бор. Жароҳати жиддий бўлгани учун вилоят касалхонасига олиб кетишган. Ўша ерда даволанаяпти.

Раисга кўра, тўқнашувда яна икки киши – ёши 60 лар атрофидаги эркак ва бир ҳомиладор келинга ҳам куч ишлатилган. Лекин уларга жиддий шикаст етмаган. Шунинг учун улар касалхонага мурожаат қилмаган.

Бош прокуратура жанжалда Ички ишлар бўлимининг 2 ходими жароҳатланганини маълум қилган. Бироқ Бош прокуратура баёнотида тўқнашувда қанча одам иштирок этгани, улардан қанчаси калтаклангани ва қўлга олингани тўғрисидаги маълумотлар айтилмаган.

Бузилиши режалаштирилаётган 5 та уй эгалари "амнистия"дан умид қилган эди

Абдуваҳоб Алимовга кўра, бузилиши режалаштирилаётган уйлар Ўзбекистон президентининг 2019 йил, 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга “амнистия” эълон қилинганидан кейин қурилган. Эгалари уйлари президент қарори ортидан қонунийлаштирилишига умид қилганлар.

- Маҳалламизда 527 та хўжалик бор. Шулардан 5 тасининг ҳужжатлари йўқ. Улар мажбур бўлганликларидан, бошқа иложи қолмаганидан 6 сотихдан ерни эгаллаб олишган. Улар кадастрга бир неча марта уйларини қонунийлаштиришни сўраб мурожаат қилган, аммо кадастр уларни ҳужжатлаштиришдан бош тортган. Улар бу ерларни 2008 йилда экин экиш учун олишган эди. Картошка, сабзавот экиб, йиғиб олишарди. Президентнинг қарори чиққанидан кейин уй қуриб олишган, - деди маҳалла раиси.

Олтинсой туман ҳокимияти эса 16 февраль куни эълон қилган расмий баёнотида мазкур уйлар “амнистия” муддати тугагандан кейин фермер хўжалигига тегишли ер майдонига ноқонуний қурилганини ва бу уйлар бузилишини билдирди.

Вилоят ҳокими норозилар билан учрашди, уйлар бузиладиган бўлди

“Халқобод” маҳалласидаги жанжалдан сўнг воқеа жойида вилоят ҳокими Тўра Боболов маҳаллий аҳоли билан учрашди. Учрашув видеоси ижтимоий тармоқларда тарқатилди. Видеода вилоят ҳокими мазкур ҳудуд суғориладиган ер бўлгани учун бу ерда уй қуриш мумкин эмаслигини таъкидлаган ва мутассадиларга уйи бузиладиганларга суғорилмайдиган ердан уй қуриш учун ер ажратиб беришни топширган.

- Ҳозир буларга тегмайсизлар. Ҳозир булар қаерга боради, деган масала ҳам бор. Наврўз ўтганидан кейин буларга сувсиз ердан жой ажратиб берасизлар, - дейди ҳоким видеода.

Аммо ҳоким билан учрашаётган аҳоли бунга норозилик билдирган.

“Бобур фермер хўжалигида ҳам уйлар қурилган. Ўша ерда қурилган 72 та уйнинг кадастрини беришди. Нега бизга беришмади? Кадастр ходимларининг айблари билан бизнинг ҳужжатларимиз қонунийлаштирилмасдан қолиб кетди”, дейишади видеода норозилар.

"Амнистия" тўғрисидаги фармон

Озодлик 14 февраль куни “Халқобод” маҳалласидаги ноқонуний қурилган уйлар бузилиши ҳақида огоҳлантиргани келган туман ҳокимлиги, прокуратураси ва ИИБ ходимлари ва маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув юз бергани ҳақида хабар берган эди.

Бош прокуратура 16 февраль куни тарқатилган баёнотида жанжал учун масъулият "ноқонуний қурилган" уй-жойи бузилишига қарши чиққан оилаларга юкланган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 20 апрелда ўзбошимчалик билан қурилган уйларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Мазкур акция 2019 йилнинг 1 майида якунланди.

Ўзбекистонда уй-жой амнистияси муносабати билан ўтказилаётган хатлов натижасида 1 миллионга яқин турар-жойлар ўзбошимчалик билан қурилгани аниқланганди.

Фармонга асосан, 2019 йилнинг 1 майигача фуқаролар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкалари ёки рухсатнома олмасдан қурилган турар -жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинган.

Бироқ фармонда уй-жой қуриш мумкин бўлмаган ерларга қурилган уйлар қонунийлаштирилмаслиги, шунингдек, қўп қаватли уйлар олдидаги майдонларга қурилган иншоотлар амнистияга тушмаслиги белгиланганди.

Маҳаллий сайтлар Олтинсойдаги низо тўғрисида нималарни ёзди?

Олтинсойдаги воқеа Ўзбекистоннинг деярли барча маҳаллий ахборот сайтларида ёритилди.

Жумладан, “Дарё” сайтининг ёзишича, ички ишлар ходимлари 53 ёшли Фотима Мирзаевани 10 метр жойгача судраб боришган.

“Роса уришгач, ҳушимдан кетганман. Одамлар ҳимоя қилишган. Қўлларим ва оёқларим ишламаяпти. Келинимни ҳам судрашди. Ахир ўша ходимларнинг онаси тенги аёл бўлсам, менга шундай қилишгани инсофданми?” деб айтган Фотима Мирзаева.

“Дарё”нинг ёзишича, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги воқеада вилоят ИИБ айни кунда Россияда юрган фуқаро — Аъзам Тошовни ҳам ходимларига тажовуз қилишда айблаган.

Kun.uz эса мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Олтинсой туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини хабар қилди.

Kun.uz яна бир хабарида “Миллий тикланиш" партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси раиси Алишер Қодиров Олтинсой туманидаги воқеани "бир гуруҳ фуқаролар томонидан амалга оширилган қўпол қонун бузилиши, жамоат тартибига путур етказиш ҳаракатлари қонунларимизга ҳам, қадриятларимизга ҳам зид бўлган жиноят сифатида баҳоланиши керак”, деб баҳолагани ҳақида ёзди.

Ҳокимият органларининг реакцияси хроникаси

Олтинсойдаги тўқнашув ҳақида ўша куннинг ўзидаёқ Сурхондарё вилоят ИИБ расмий баёнот берди. Унда икки нафар милиция ходими Ш.Мустафоқулов ва А.Жабборов турли даражадаги тан жароҳатлари олгани ва касалхонага ётқизилгани билдирилган. Лекин аҳоли вакиллари орасида тан жароҳати олганлар ҳақида маълумотлар берилмаган.

15 февралда Бош прокуратура ҳам бу борада ўз баёнотини эълон қилди. Баёнотда жанжал учун масъулият "ноқонуний қурилган" уй-жойи бузилишига қарши чиққан оилаларга юкланган.

Олтинсой туман ҳокимияти эса 16 февралдаги баёнотида “Олтинсой туманининг “Халқобод” маҳалласида яшовчи 6 нафар фуқаро томонидан ўзига тегишли бўлмаган суғориладиган экин майдонларида рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний бинолар албатта бузилади. Аммо бу уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган заҳира майдонлардан ер ажратилиб, уй-жой қуриб олишларига амалий жиҳатдан кўмаклашилгандан кейин амалга оширилади. Ушбу ҳудудга борган комиссия аьзолари ҳам ўзбошимчалик билар қурилган уйларни буздириш учун эмас, асл ҳолатни ўрганиш учун борган” деб билдирди.

Вилоят ҳокими Тўра Боболов маҳаллий аҳоли билан учрашди. Вилоят ҳокими мазкур ҳудуд суғориладиган ер бўлгани учун бу ерда уй қуриш мумкин эмаслигини таъкидлаган ва мутассадиларга уйи бузиладиганларга суғорилмайдиган ердан уй қуриш учун ер ажратиб беришни топширган.

Ижтимоий тармоқлардаги муносабат

Олтинсойдаги тўқнашув ижтимой тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинди.

Жумладан, блогер Малоҳат Эшонқулова: "Бу нимадан далолат? "Ислоҳот"лар "меваси"ми? Ўзбекистонда олиб борилаёттган оламшумул ўзгаришлар шумиди ҳали? Бу ўша "буюк" ишларнинг бошланишими?" деб савол қўйди.

Блогер Ибрат Сафо эса: "Ерни уларга кимдир сотганми, ким сотгани, қанчага, қачон - маълумот йўқ, чунки ҳали айтганимдек, бу уйлар кеча осмондан тушган.

Президент унумдор ерларни қаттиқ назорат остига олишни буюрибди. Унумдор ерларда яшаётган одамларнинг ота-онасини судраб, кўтига тепиб чиқарилсин деган жойи кўринмади қарорда.

Осмондан тушган уйлар турган фермер хўжалигининг номи “Оқ олтин манзараси” экан... Мана оқ олтин манзараси. Балки энди “Қора қон манзараси”га ўзгартирилар",
деб ёзди.

Блогер Темур Малик "Миллий тикланиш" партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси раиси Алишер Қодировнинг Олтинсойдаги воқеа ҳақидаги муносабатига муносабат билдирар экан, бундай ёзди: "Шу ўринда Марк Твеннинг бир машҳур иқтибосини эслатиб ўтишни лозим топдим: “Агар халқ овози бирон нарсани ҳал қилганида эди, уларни сайловларга яқинлаштиришмасди”.

XS
SM
MD
LG