Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:03

OzodTa’sir: Ўқувчилар оммавий калтакланган мактабнинг уч ходими ишдан бўшатилди (ВИДЕО)


Навоий шаҳридаги ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқувчиларининг оммавий калтаклангани борасидаги Озодлик мақоласидан сўнг ушбу мактабнинг уч ходими ишдан олинди. Маданият вазирлиги расмийсига кўра, ўз тасарруфидаги мактабда содир бўлган ушбу воқеа бўйича прокуратура ҳам суриштирув бошлаган.

Озодлик орқали 18 февраль куни эълон қилинган “Маданият вазирлиги мактаб ўқувчилари оммавий калтакланганини ўрганмоқда” сарлавҳали мақоладан сўнг Навоий ихтисослаштирилган маданият мактабининг уч ходими ишдан олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Мавлуда Асқархўжаева Озодликка маълум қилди.

“Ўқувчиларнинг калтакланиш воқеаси бўйича Маданият вазирлиги ўз суриштирувини олиб бораяпти. Бу воқеа вазирликдан умуман яширилган. Ҳозирда иш прокуратурага берилди”, деди Асқархўжаева.

Маданият мактаби ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, яна икки кишига ҳайфсан ҳам берилган.

“Маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ҳасанова Гулшан, ётоқхона коменданти Жабборов Файзулла ва ётоқхона тарбиячиси Сулаймон Қўчқоров 19 февраль куни ишдан ҳайдалди. Ёшлар етакчиси Ашуров Фарҳод ва руҳшунос Ҳақбердиева Шарофатга хайфсан берилди. Староста йигит билан Ички ишлар ходимлари суҳбат ўтказиб, ундан тушунтириш хати олишди”, деди исмини очиқламаётганимиз мактаб ходими.

Озодликка йўлланган видеода ўндан зиёд боланинг саф тортиб, қатор бўлиб тургани ва бир йигит уларга бирма-бир мушт туширгани акс этган. Ураётган йигит худди боксчидек, болаларга куч билан мушт туширадики, ҳар урганида мушт овози эшитилади. Видео давомида “Боксчи” йигит “Мен қайсингни урдим, кимни урдим”, деб сўрайди. Мушт еган болалар жўр овозда “Ҳеч кимни” деб жавоб беришади.

Маданият вазирлиги мактаб ўқувчилари оммавий калтакланганини ўрганмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:13 0:00

Озодлик ўтказган суриштирувлари натижасида видеодаги воқеа Навоий ихтисослаштирилган маданият мактаби ётоқхонасида содир бўлганини аниқлади. Воқеа гувоҳларидан бирига кўра, видео ўқувчилардан бири томонидан яширин равишда тасвирга олинган.

18 февраль куни мактаб директори Ғолиб Сатторов Озодлик билан суҳбатда ўқувчиларнинг калтакланиш воқеаси 14 октябрь куни содир бўлгани ва воқеа бўйича икки кишига хайфсан берилганини айтганди.

Айни пайтда Озодликка боғланган воқеа гувоҳларидан бири калтак еган ўқувчилар айбдорларга берилган жазодан қониқмагани учун видеони матбуот орқали намойиш қилишга қарор қилганликларини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG