Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:37

Фарғоналик ота ўғлини ўқитувчиси уриб ўлдирганини иддао қилди


Дарс пайтида уриб ўлдирилгани иддао қилинаётган 10 -синф ўқувчиси Миржалол Зокиров
Дарс пайтида уриб ўлдирилгани иддао қилинаётган 10 -синф ўқувчиси Миржалол Зокиров

Фарғоналик ота 10- синфда ўқиётган ўғлини ўқитувчиларидан бири уриб ўлдириб қўйганини иддао қилди.

Озодлик гаплашган ўқувчилар Миржалол Зокиров калтакланганини тасдиқлади.

Ўқитувчининг ўзи ўқувчини урганини Озодлик билан суҳбатда инкор қилди.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари вакили “марҳумнинг айнан калтак зарбидан ўлганига оид суд-тиббий экспертизаси хулосаси ҳали йўқлигини” билдирди.

Бешариқ туман, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Файз қишлоғида жойлашган 17- умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Миржалол Зокиров, отаси Дилшод Мадраҳимовнинг иддао қилишича, дарс пайтида ўқитувчилардан бири калтаклагани ортидан ўлган.

Жорий йилнинг 26 ноябрида ўлган ўқувчининг отаси Дилшод Мадраҳимов Озодлик билан 17 декабрь кунги суҳбатда «ўғлини уриб ўлдирган ўқитувчи устидан прокуратурага ариза» ëзганлигини айтди.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари вакили Озодлик билан суҳбатда “ўқувчи ўлими юзасидан терговгача текширув ўтказилганини" айтди.

Марҳум ўқувчининг отаси эса¸ “мактаб директори ва прокуратура ходимлари ходисани бости-бости қилиб юбормоқчи”, дея ўз хавотирини билдирди.

Ўғли дарс пайтида уриб ўлдирилганини иддао қилган Дилшод Мадраҳимов
Ўғли дарс пайтида уриб ўлдирилганини иддао қилган Дилшод Мадраҳимов

Аълочи ва синф сардорининг сирли ўлими

Озодлик “калтаклангани ортидан ўлганлиги” иддао қилинган ўқувчининг синфдошлари¸ қариндошлари ва мактаб ўқитувчилари билан мулоқотлар асосида воқеага ойдинлик киритишга уринди.

Мактаб дирекори Сирожиддин Қўчқоровнинг айтишича¸ марҳум Миржалол Зокиров аълочи ўқувчи эди:

- Бу воқеа бўлган куни мен малака оширишда эдим. Эшитиб ҳайрон бўлдим. Чунки бу бола аълочи эди. Ўша куни яхши баҳолар олган эди. У синф сардори қилиб сайланган эди. Мен малака оширишдан қайтиб хизмат текшируви ўтказдим. Ўқитувчи билан суҳбатлашдим. Ўша куни у дарс қолдирган болаларга жумладан марҳум Миржалолга ҳам танбеҳ берганлигини тан олди. Ўқитувчини кабинетимга обкириб нима бўлди, десам, дарсига қатнашмагани¸ конспектларни ëзмагани учун тергаганлиги, аммо қаттиқ урмаганлигини айтди.

Воқеа гувоҳларидан бири, 17-мактабнинг исми айтилмаслигини истаган 10- синф ўқувчиси Озодлик билан суҳбатда калтаклаш қандай юз берганлигини айтиб берди:

- Ўша куни бир неча ўқувчи калтакланди. Устоз бизларни турғазиб қўйиб, "нега дарс қолдирдинг?" деб ëмон гаплар билан сўкди. Миржалолни кўкрагига урганида у нафас ола олмай букчайиб қолди. Эртасига мактабга келмади.

Марҳум Миржалол Зокировнинг отаси Озодлик билан суҳбатда тўнғич ўғлининг мактабдан "бир аҳволда" келгани ва нафаси сиқилиб ëтиб қолганини гапиради:

- Фарзандимни кўкрагига ўқитувчиси катта куч билан мушт урган. Ўғлим аввалига мендан қўрқиб ҳеч нарса демади. Тушлик пайтида мактабдан келдию ҳушидан кетди. Бешариқ касалхонасига оборсам доктор аллақачон пешонаси музлаб бўлган деди. Беш фарзандим бор эди. Хозир эса тўрттаси қолди. Прокуратурага ариза бердим зўравон ўқитувчига қонуний чора кўрилсин деб.

Унинг яна айтишича¸ “қабрни очиб жасадни суд-тиббий кўрикдан ўтказишни” ҳам талаб қилган.

Мактаб директори Сирожиддин Қўчқоров марҳум ўқувчининг отаси Дилшод Мардарҳимов билан суҳбатлашиб аризани қайтариб олишни сўраганини айтиб берди:

- Мен ота билан учрашиб суҳбатлашдим. Тушунаман фарзанд доғи оғир. Аммо Миржалолнинг умр куни биткан экан. Тақдири азал бу. Худонинг хоҳиши шу экан деб тасалли бердим. Аризани қайтариб олинг¸ бир ўқитувчининг умрини ҳазон қилманг, деб айтдим. Зотан уриб ўлдиргани ҳақида экспертиза хулосаси йўқ.

Директорнинг айтишича¸ ҳали расман гумонланувчи сифатида малакаланмаган ўқитувчи мактабда дарс бермоқда:

- Уни дарсдан четлаштириш учун ҳозирча қонуний асос йўқ.

Ўқувчини урганликда гумон қилинатган ўқитувчи Озодлик саволига жавобан "Миржалол Зокировни уриб ўлдирмаганман ва бу юзадан изоҳ бермайман", деди.

Фарғона вилоят халқ таълим бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда мазкур воқеага сўнгги нуқта қўйилмагани ва “агар ўқитувчи ҳақиқатан ҳам айбдор бўлса албатта жазоланишини” билдирди.

XS
SM
MD
LG