Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:24

Тожикистонда Viber, WhatsApp, IMO ва Telegram тақиқланди


Тожикистон Алоқa хизмати мамлакатдаги мобил телефон операторларидан NGN, Viber, WhatsApp, IMO ва Telegramни беркитиб ташлади.

Алоқа хизмати мулозимлари бундай амални “электрон алоқа воситасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш”га қаратилган чора сифатида баҳолади.

Тожикистон алоқа хизмати мулозими Жонибек Дадоматовнинг Озодлик радиосига айтишича, 18 декабрдан бошлаб мамлакатда мессенжерлар хизмати тўхтатилади.

“Viber, WhatsApp ва бу каби бошқа мессенжерлардан ватандошлар аноним тарзда фойдаланади. Ҳозирча Тожикистонда бу хизматлардан ким фойдаланаётганини аниқлаш учун техник имкониятлар йӯқ. Шу сабабли биз ушбу мессенжерларни беркитишга мажбур бўлдик”- деди Жонибек Дадоматов.

Бу расмийга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу мессенжерлардан кўпинча жиноятчилар фойдаланиб келаётгани борасида маълумотлар борлигини айтган.

Жонибек Дадоматовнинг таъкидлашича, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, электрон алоқа хизматидан жиноий амалларда фойдаланишни бартараф этиш ва ватандошларни экстремистик гуруҳларга жалб этишни олдини олиш мақсадида мессенжерларни беркитиш қарори қабул қилинган.

Шунингдек, Давлат алоқа хизмати симкарталарни сотишни ҳам ўз назоратига олди.

Тожикистонда Babilon, Tcell, Beeline , Estera ва Intercom мобил ширкатларида NGN алоқа хизмати беркитилди.

Бугунгача аҳоли, айниқса, Россиядаги меҳнат муҳожирлари расмий алоқа хизматидан бир неча баравар арзон бӯлган Viber ва WhatsApp каби арзон мессенжерлардан фойдаланиб келаётганди.

Энди миллионлаб муҳожир бундай арзон алоқа хизматидан маҳрум бўлди.

Россиядаги меҳнат муҳожири Акмал Алиевнинг Озодлик мухбирига Россиядан NGN алоқа хизмати орқали Ваҳдат туманидаги оила аъзолари билан осон ва арзон тарзда суҳбатлашиб келганини айтади.

“Масалан, мен Россия шаҳарларидан 50 рубль ёки қарийб 1 доллар тўлаб бир ҳафта муддатида Тожикистондаги яқинларим билан гаплашардим. Кўп муҳожирларда телефон орқали Тожикистон билан гаплашишга молиявий имконият йӯқ”- деди Акмал Алиев.

Таниқли журналист ва хориждаги “Саодат кимёси” сайти раҳбари Саидюнус Истаравшаний Фейсбук ижтимоий тармоғида Тожикистон Алоқа хизмати мазкур амалини “золимона” дея баҳолади.

Унинг ёзишича, Тожикистон ҳукумати “миллий хавфсизликни таъминлаш” баҳонасида тожик меҳнат муҳожирларини ягона арзон алоқа хизматидан маҳрум этмоқда, давлат алоқа хизматлари эса шу йўл билан мўмай даромад кўришга кўз тикмоқда.

Олдин Алоқа хизмати раиси Бег Сабуров фармони билан Озодлик, Озодагон, YOUTUBE, Facebook каби ижтимоий ва ахборот сайтлар беркитиб қўйилган эди.

XS
SM
MD
LG