Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:55

Мирзиёев ташрифи арафасида Қашқадарёда одамларга товуқ тарқатилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи арафасида вилоят ҳокимлиги Қарши, Нишон ва Муборак туманларида 200 та оилага 20 тадан жўжа тарқатди. Қашқадарё ҳокимлиги мулозими товуқлар ҳомийлар ҳисобидан бепул тарқатилганини айтди. Озодлик суҳбатлашган айрим қашқадарёликлар ҳокимлик товуқ ва жўжаларни айнан Мирзиёевнинг Қашқадарёга келиши муносабати билан, у юриши мумкин бўлган жойларда яшовчи оилаларга тарқатганини таъкидлашди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мулозимларидан бирининг Озодликка айтишича, жўжалар асосан кам таъминланган, ночор оилаларга берилган.

- Бир ҳафтада ҳаммаси бўлиб икки юзта оилага жўжа тарқатдик. Ҳаммаси одамларга ҳомийлар ҳисобидан бепул берилди, - деди ҳокимликнинг исми сир қолишини истаган муолозими.

Товуқ тарқатиш кампанияси президент Мирзиёевнинг ўтган ой Қорақалпоғистонда ўтказган селектор йиғилишида айтган гапларидан сўнг Қашқадарёда ҳам авжига чиққан.

Айрим қашқадарёликлар эса ҳокимлик товуқ ва жўжаларни айнан Мирзиёевнинг Қашқадарёга келиши муносабати билан у юриши мумкин бўлган жойларда яшовчи оилаларга тарқатганини айтишди.

- Бир ҳафта олдин бизга ҳам товуқ, кўчат олиб келишди. “Президент келяпти, бизнинг маҳаллага ҳам келиши мумкин, манови кўчатларни эшик олдига экасизлар”, дейишди. Беш туп кўчатини олдик. Жўжаларни боқишга имкониятимиз йўқ деб, қайтариб юбордик. Бу ишлар президентга ҳар бир хонаданда гўёки товуқ боқилаётганини кўрсатиш учун бўлса керак, - дейди Қарши туманида яшовчи Ботир ака.

Айни пайтда Қашқадарёда товуқчиликни йўлга қўйишни истаган оилаларга кредит ҳисобидан ҳам товуқлар таклиф этиляпти.

Вилоятдаги Агробанк, Ҳамкорбанк, Халқ банки ҳамда Микрокредитбанклар ходимлари ҳамда маҳалла қўмиталари фаолларидан иборат гуруҳ уйма уй юриб, аҳолига ўз томорқасида боқиш учун кредит ҳисобидан товуқ ва жўжа олишни тарғиб этмоқда.

Қашқадарёнинг Қамаши туманида яшовчи нафақахўрлардан бири унга ҳам маҳалла ва банк фаоллари товуқ таклиф қилганини айтади.

- Банк кредит берар экан, товуқ фермасидан шу кредитга товуқ беришар экан. Энди бу кимгадир яхши, кимгадир тўғри келмайди. Дала ховлиси катта бўлганлар боқиши мумкин, шунда ҳам эплай олса, шахсан мени қўлимдан келмайди бу, - дейди қамашилик пенсионер.

Қашқадарёдаги айрим корхоналарда эса ишчиларга ойлик ҳисобидан жўжа ва товуқлар таклиф этилган.

- Мен Қарши ёғ-экстрация заводида ишлайман. Завод бизга хоҳланг юзта жўжа олинг, деяпти. Ойликдан сакин-секин ушлаб қолар экан. Икки йилга шартнома қилар экан. Икки йилда қарабсизки томорқангизда товуқлар кўпайиб, тухум беряпти, шунақа, - дейди қашқадарёлик муҳандис.

Ўзбекистондаги ҳар бир хонадоннинг 100 тадан товуқ боқишга мажбур эканлиги ҳақида Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги чиқишида айтган.

Мирзиёев бу вазифани бажариш ҳақида ўйлашни ҳокимларга, аҳолини кредитлар билан таъминлашни банкларга топширган.

Товуқчиликни ривожлантиришни эса президент Ўзбекистон бош вазири муовини Рустам Азимов зиммасига юклаган эди.

Шавкат Мирзиёев 24 феврал куни Қашқадарёга сафар қилди.

ЎзАнинг хабар беришича, Мирзиёев вилоятни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш режаси қандай бажарилаётгани билан танишади.

XS
SM
MD
LG