Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:00

"Ўзбекистон ҳаво йўллари"да ярим йилда иккинчи раҳбар алмашди


Ўзбекистон ҳаво йўллари самолëтлари
Ўзбекистон ҳаво йўллари самолëтлари

Олти ой муқаддам "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси раҳбари этиб тайинланган Улуғбек Рўзиқулов эгаллаб турган вазифасидан кетди. Авиакомпания ходими Озодликка Улуғбек Рўзиқулов 22 январда ўз ихтиёри билан вазифасидан кетганини маълум қилди. Улуғбек Рўзиқулов ўрнига унинг авиакампаниядаги муовини Бахтиёр Ҳакимов тайинланди.

Ислоҳот

Ўзбекистон бош вазири муовини бўлган Улуғбек Рўзиқулов 2017 йилнинг августида 2002 йил июнидан буён авиакомпанияга раҳбарлик қилиб келган Валерий Тян ўрнига авиакомпания бош директори этиб тайинланганди.

Улуғбек Рўзиқулов авиакампания раҳбарлигига келишидан бир неча кун ўтиб, Озодлик билан суҳбатлашган авиакампания мулозимларидан бири янги раҳбарга миллий авиакомпанияда жиддий структуравий ислоҳот қилиш топшириғи қўйилганини билдирган эди.

Улуғбек Рўзиқулов бош директор этиб тайинланишидан бир неча кун ўтиб "яхши ўзгаришлар" бошланди, дейди авиакампания ходими Озодлик билан 23 январь кунги суҳбатда.

"Олти ой ичида яхши ўзгаришлар бўлди. Аэропортдан чиқиш пайтида йўловчиларнинг ушлаб турилмаётганининг ўзи катта гап. Рўзиқулов мавжуд техникаларни таъмирлашга маблағ топа билди, таъмирлаш корхоналарини қайта тиклай бошлади, авиация бизнесини ривожлантиришни бошлаб юборди," деди "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ходими ўзини ошкор қилмаслик шарти билан.

У ислоҳотлар сўнгги вақтларда жамоатчилик томонидан авиакомпания номига билдирилган танқидлар манзарасида бошланганини эътироф этди.

Улуғбек Рўзиқулов раҳбар этиб тайинланишидан бир ой ўтар-ўтмас "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Ўзбекистондан барча йўналишлардаги ўз рейсларига авиачипталарни миллий валютада сотишни бошлади.

Лекин "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётгани айтилади.

2013 йилда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси учта Airbus A-310 ва учта RJ-85 русумидаги учқични ким ошди савдосига қўйганини эълон қилган эди.

Ўшанда ихтиëрида жами 31 та учқич борлиги айтилган авиаширкат бундай чорага¸ мутахассислар таъкидича¸ зарарга ишлаб келаëтгани¸ ўз авиапаркига техник хизмат кўрсата олмай қолгани¸ лизингга олинган Ғарб самолëтлари учун олган улкан қарзларини вақтида қайтара олмай қолгани боис¸ қўл урган эди.

Аммо миллий авиаширкат ўз молиявий-иқтисодий авҳолининг абгорлигини бирор марта жамоатчилик олдида эътироф этган эмас.

Янги раҳбар

45 яшар Бахтиёр Ҳакимов меҳнат фаолияти бутунлай "Ўзбекистон ҳаво йўллари" билан боғлиқ.

У 1994 йилда Тошкент Давлат шарқушослик институти халқаро иқтисодий алоқалар факультети араб иқтисодиёти тамомлаган.

Таниқли арабшунос олим Ибрагим Мусаевич Ҳакимовнинг ўғли бўлган Бахтиёр Ҳакимов узоқ йиллар давомида авиаширкатнинг турли хорижий идораларида ишлади.

Жумладан, бир неча йил давомида авиакомпаниянинг Қўшма Штатлардаги ваколатхонасига раҳбарлик қилди.

2017 йилда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси бош директори муовини этиб тайинлангунга қадар бир неча йил Тошкент Халқаро аэропорти директори вазифасини бажарди.

Озодлик суҳбатлашган авиакомпания ходимига кўра, кўп йиллик тажрибага эга янги раҳбар жамоа орасида катта обрўга эга.

"Режалар кўп. Умид қиламизки, ислоҳотлар давом этади," деди авиакомпания ходими.

XS
SM
MD
LG