Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:39

Мирзиëев “ўлик туғилган бола” - Навоий логистика марказини тирилтиришга қўл урди


"Ўзбекистон ҳаво йўллари"га қарашли карго учқичи.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари"га қарашли карго учқичи.

6 декабрь куни Шавкат Мирзиëев йиллар давомида давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан кўз-кўз қилинган Навоий логистика маркази ва эркин иқтисодий зонаси ҳақидаги баëнотларнинг “баландпарвоз гап”дан бошқа нарса эмаслигини фош қилди. Кескин танқидлардан сўнг президент “марказ фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берди.” Бу лойиҳани аввал-бошданоқ “ўлик туғилган бола” деб атаган айрим транспорт-логистика мутахассислари Озодлик билан 7 декабрь кунги суҳбатда бундай топшириқнинг бажарилиш истиқболига шубҳа билдирди.

Баландпарвоз гаплар ортидаги ғариб манзара

Ўзбекистон президенти 6 декабрь куни ўтказган йиғилиш тўлиғича бундан қарийб 10 йил олдин Навоийда ташкил этилган халқаро интермодал логистика маркази¸ шунингдек¸ унга ëндош қурилган эркин иқтисодий зонанинг бугунги реал аҳволига бағишланди.

Навоий аэропортини халқаро юк транзити учун ҳаб – қитъалараро юк ташувчи учқичлар қўниб ўтадиган жойга айлантириш иддаоси билан катта маблағ эвазига қурилиб¸ мақтаниб келинган иккала лойиҳа¸ Мирзиëев эътирофича¸ мамлакат иқтисодига манфаат келтирмаган.

Бошқаруви “Korean Air” компаниясига топширилган бу логистика марказига “аввалбошдан барча турдаги солиқ имтиёзлари ва божхона преференциялари берилган” ва унинг йилига 100 минг тонна юк қуввати ўтказиш салоҳияти иқтисодий даромад келтириши кутилган эди.

Президент келтирган рақамларга кўра¸ ишга тушганидан саккиз йил ўтиб¸ ҳаб даъвосини қилган Навоий халқаро аэропортидан бор-йўқ 300 минг тонна юк ташилган ва бу марказ қувватининг 20 фоиздан ҳам камроғини ташкил этади.

Президент чиқишида айтилишича¸ кунига атиги иккита юк самолëти қўнадиган улкан бу аэропортдаги умумий юк айланмаси 2017 йилда ўтган йилга нисбатан 11 фоизга камайган.

Талон-тарож қилинган 100 миллион доллар

Озодлик 7 декабрь куни гаплашган авиацияда юк ташовчи мутахассисларидан бири¸ Навоий логистика марказини “ўлик туғилган бола” деб атади.

Навоийни ҳаб қилиш¸ аслида Самарқандни ҳаб қилиш ҳақида ишлаб чиқилган “Шарқ дурдонаси” лойиҳасини ўлдириш учун сунъий ўйлаб топилди. 2000 йиллар бошида бир гуруҳ ишбилармонлар Самарқандни Европадан жануб-шарқий Осиë¸ Осиëдан эса¸ Европага учадиган юк ва йўловчи самолëтлари учун ҳаб қилиш лойиҳасини ишлаб чиққан эди. Улар мантиғига кўра¸ Самарқанд ҳам юк ташувчилар¸ ҳам сайëҳлар учун тўхтаб¸ бир-икки кун Самарқандни кўриб¸ яна асосий манзилига учиб кетишда идеал жой бўлиши керак эди. Самарқанд деган номнинг ўзиëқ машҳур бренд¸ бу ерда қулай инфратузилма қурилса¸ қўниб-учиш арзон¸ устига кўрадиган қадимий жой бўлса¸ лойиҳа зўр ишлаши мумкин эди. Аммо “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг ўшандаги бош директори Тянь бу идеяни ўғирлаб¸ уни чўлнинг ўртасига - Навоийга кўчирди ва Каримовни лойиҳани корейсларга топширишга кўндирди. Орада 100 миллион доллар пул йўқ бўлди¸” дейди Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган мутахассис-тадбиркор.

“Навоий логистика марказига кунига иккита учқич қўниб-учади¸ деган маълумот ҳам президентни алдашдир – аслида бу икки парвоз кунига эмас¸ ҳафтасига қилинади”¸ деб давом этади бу мутахассис.

Ўзбекистон ҳаво йўллари”да мустақилликдан кейин 20 дан ошиқ карго самолëти бор эди. Ҳозир шундан иккитаси қолган. Унинг ҳам биттаси анчадан бери ремонтда ëтипти. Қолганини сотиб еб юборишган¸ арендага бериб¸ ўзлари пул қилади ва ҳоказо. Учадигани битта. Ана шу битта самолëт ҳафтасига икки марта учиб-қўнади. Бор ҳаракат шу, бу 100 миллион долларлик марказда. Ўзбекистонда юк ташишга самолëт йўқ. Чет элга ëзда мева экспорт қиламан деганлар оëғини қўлига олиб югурса ҳам¸ самолëт тополмайди. Оқибатда¸ ëзда минглаб тонна мева етказиб берилолмади”¸ дейди бу суҳбатдош.

Президент аниқ рақамлар билан "Навоий" халқаро аэропортидаги ҳақиқий аҳволини фош этганинининг эртаси - 7 декабрь куни ҳам "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси расмий сайтида "Ўзбекистон Республикасини Ҳукуматининг қўллаб қувватлаши ва дунëда ҳаво юк ташуви бўйича биринчи ўринда турувчи «Korean Air» компанияси билан яқин ҳамкорлик қилиш натижасида "Навоий" халқаро аэропорти қисқа вақт давомида жаҳон бўйлаб юк ташуви тармоғини ярата олди"¸ деган иддаони кўриш мумкин.

Айни пайтда¸ авиакомпания бундай улкан иддаони қўлловчи аниқ рақамлар¸ хусусан¸ ўз ихтиëридаги юк учқичлари сонини эълон қилмаган.

"Навоий" лойиҳаси нега ишламади?

6 декабрь кунги мажлисда президент Мирзиëев бу саволга тўхталиб¸ “бундай ҳолат юзага келишига бу соҳага бевосита масъул бўлган айрим мансабдор шахсларнинг бепарволиги, масъулиятсизлиги, ушбу марказни чуқур ўйланган стратегия асосида ривожлантирмагани сабаб бўлди”¸ дея жавоб бериб ўтди.

Озодлик суҳбатлашган логистика соҳаси мутахасисси¸ президент қўйган умумий ташхисни кенгайтиришга уринди.

Навоий" проектидан мақсад “Ўзбекистон ҳаво йўллари”¸ аниқроғи бу миллий компаниясини ўз назоратига олганлар монополиясини сақлаб қолиш эди. Шу мақсадда¸ Навоий аэропортига бошқа авиакомпанияларнинг қўниб-учишига йўл берилмади – тўхташ нархиниям¸ авиакеросин нархиниям атайин қиммат қилишди. Бундан ташқари¸ ўз самолëтларига ëнилғи топиб беролмаëтган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” бошқаларга қиммат топливониям топиб беришни уддалай олмади. Оқибатда¸ бу аэропортга ҳеч ким қизиқиш кўрсатмади. Жануб-шарқий Осиëнинг узоқ масофага учадиган самолëтлари йўлини икки соатга узайтирса ҳам¸ транзит ва топливони сув текин қилиб қўйган Дубайга қўниб-учади. Чунки арзонга тушади”¸ дейди бу мутахассис.

Муаммонинг асл сабаби¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари”¸ унга хизмат кўрсатадиган¸ хусусан¸ ëнилғи ва овқат етказиб берадиган ширкатларнинг монополия эканидадир¸ деб давом этади суҳбатдош.

Буларнинг ҳаммасини МХХ раиси Иноятовга қарашли бизнес структурасидагилар¸ Ориентдагилар монополия қилиб олган. Авиакеросинни шулар импорт қилади¸ икки баравар қимматга. Йўловчилар учун овқатларни шуларга қарашли ширкат пишириб беради¸ еб бўлмайди”¸ дейди бу мутахассис.

Озодлик "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясига хизмат кўрсатувчи ширкатларнинг кимларга қарашли экани¸ хусусан¸ уларнинг¸ МХХ раисига бориб тақалишини далилловчи ҳужжатларга ҳозирча эга эмас. (Бундай ҳужжатлар сизда бўлса¸ уларни Озодликка юборишингиз мумкин.)

Топшириқ берилди...

6 декабрь кунги махсус йиғилиш ҳақидаги расмий хабардан президент Мирзиëевнинг Навоий логистика маркази лойиҳасини ҳали ҳам тирилтириш мумкин¸ деган фикрда экани англашилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев нефть-газ тармоғи мутасаддиларига миллий авиакомпания ва бошқа хорижий юк ташувчиларнинг авиакеросинга эҳтиёжини ўз вақтида ва 100 фоиз таъминлаш, ҳафталик ёқилғи етказиб беришни ошириш, бунда жаҳон бозоридаги нарх-навони инобатга олиб иш тутиш юзасидан топшириқлар берди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига тегишли ташкилотлар билан биргаликда амалдаги тарифларни қайта кўриб чиқиб, оптимал тарзда пасайтириш, логистика марказлари тажрибасини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш вазифаси юкланди. Миллий авиакомпания Навоий шаҳри аэропортига дунёнинг етакчи юк ташувчи компанияларини жалб қилиш ишларини янада фаоллаштиради, почта юкларини ташувчи етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатиб, “Навоий” хабида минтақавий почта-алоқа воситалари тузилмасини ташкил этиш каби чораларни ўз ичига олган “йўл харита”сини ишлаб чиқади.

Шунингдек, божхона органлари ва самолётда юк ташувчи ташкилотлар ўртасида электрон маълумот алмашуви тизимини йўлга қўйиш, “Навоий” логистика маркази фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва бошқа масалалар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди¸” дейилади президент расмий сайтига қўйилган хабарда жумладан.

Шубҳа

Аммо Озодлик суҳбатлашган мутахассислар¸ Навоий логистика марказининг президент ўтказган битта мажлис ва у берган топшириқлардан кейин жонланиб кетишига шубҳа билдирдилар.

Биринчи сабаби¸ монополистлар жойидан қимирлагани йўқ. 100 миллион долларнинг йўқ қилиниши учун ҳозиргача ҳеч ким жавобгарликка тортилмади. Ишни шундан бошлаш керак.

Иккинчидан¸ президент қанча сиқувга олмасин¸ бу соҳани бошқараëтганлардан тузук-қуруқ идея чиқмайди. Буларнинг кўпи фақат бор пулни йўқ қилиш¸ ўғирлашни билади¸ холос. Идея берадиганларнинг ҳаммаси четга чиқиб¸ бизнесини қилиб юрипти. Шуларни чақирсин. “Шарқ дурдонаси” проектини қилган болалар Флоридада юрипти¸ Дубайда қанча бой¸ идеяси кўп ўзбеклар юрипти. Шуларни чақирсин. Ақлиниям¸ пулиниям¸ кадрлариниям олиб келади. Битта Алишер Усмонов билан Фаттоҳ Шодиев Ўзбекистонни турғиза олмайди ахир!

Ниҳоят¸ ҳаммаëқ коррупцияга ботиб кетган. Бюрократиянинг устига ўтириб олганлар¸ ҳаммаëқни кемириб ëтипти. Йўқотсин шуларни¸ тўртта-бештасини тиқиб ташласин¸ бошқаларга ўрнак бўлади”¸ дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

Навоийни тирилтириш мумкинми?

Бу савол атрофида мулоҳаза юритган йирик тадбиркорлардан бири¸ Навоий логистика марказини халқаро ҳабга айлантириш фикридан воз кечиб¸ ундан фойдаланишнинг реал йўлларини қидириш кераклигини айтади.

Бу жойни фақат склад қилиш мумкин¸ ички логистика маркази қилиш мумкин. Темир йўл ўтқизиб¸ Навоийга боғлаш керак. Бухоро¸ Навоий¸ Самарқандга келадиган импорт моллари¸ экспортга чиқадиган маҳсулот¸ айниқса¸ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун божхона назоратини Тошкентдан тўлиқ шу ерга кўчириш керак. Масалан¸ "Абу Сахий"нинг карго самолëтлари шу ерга қўниб¸ шу ердан учсин. Хусусий авиаперевозкаларга рухсат бериш керак¸ умуман приватизация қилиш керак. Ҳозирги ҳолида уни биров олмайди¸ лекин текинга берса¸ давлат фойда қилади. Ишлатиб¸ солиғини тўлайдиган ишбилармон топилади¸ монополистлар йўқ қилинса”¸ дейди Озодлик гаплашган транзит-логистика соҳасида фаолият юрғизаëтган тадбиркорлардан бири.

Озодликка "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниясига яқин айрим тадбиркорларнинг билдиришича¸ миллий ширкатга жорий йил августида раис этиб тайинланган Улуғбек Рўзиқулов ҳозирда бу структурани ислоҳ қилишга қаратилган махсус лойиҳа устида ишламоқда.

Ҳукумат дастури лойиҳасига «Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан тортиб мамлакатдаги аэропортлар¸ учқичлар¸ хизматларнинг ҳаммасини хусусий ширкатларга сотиш таклифининг ҳам киритилгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG