Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:37

Мирзиёевнинг Хонободга келишига 77 км йўлдаги бинолар фасади безалмоқда


Андижон-Хонобод йўлидаги қурилиши битмаган бино олдига қўйилган тунука тўсиқ.
Андижон-Хонобод йўлидаги қурилиши битмаган бино олдига қўйилган тунука тўсиқ.

Андижонлик тадбиркорлар Мирзиёев ташрифига тайёргарлик ишларига мажбурий жалб қилинаётганликларидан шикоят қилишди. Тадбиркорларга кўра, 77 километр узунликдаги Андижон-Хонобод автомобил йўли бўйидаги уй ва биноларнинг фасади безалмоқда. Томларнинг кўча қисми бўялиб, қурилиши чала бинолар тунука билан тўсиб қўйилаяпти. Тадбиркорларнинг арзига кўра, бу ишлар учун айрим тадбиркорлар 500-1000 доллар атрофида пул сарфлашга мажбур бўлаяпти.

Тунука тўсиқлар

Президентнинг март ойида бўлиши кутилаётган Хонободга ташрифига тайёргарлик доирасида Андижон шаҳридан Хонободгача бўлган 77,2 километр узунликдаги йўл бўйида тўлалигича ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари кетаяпти.

Шу ишларга жалб қилинган андижонлик тадбиркорлардан бирига кўра, у президент ташрифига тайёргарлик ишларига 500 долларлик ҳаражат қилишга мажбур қолмоқда:

“Андижон-Хонобод йўли бўйидаги қурилиши тугалланмаган биноларнинг кўча томони бутунлай тунука билан тўсиб қўйилиши топширилди. Мен фирмамга тегишли бино ҳам ҳали битмаган. Кўча томони 30 метрдан зиёдроқ. Бунга забор қўйиш учун тунука сотиб олиш, уста ҳақи, умуман барча ҳаражатлари тахминан 500 долларга тушаяпти. Шу йўл бўйида жойлашган уйлар, янги қурилишлар, тадбиркорлик объектларига қийин бўлиб кетди”, дейди исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган тадбиркор.

Тадбиркор сўзларига илова қилиб, йўл четига қўйилаётган тунука тўсиқлар суратларини ҳам жўнатди.

Андижон-Хонобод йўлидаги қурилиши битмаган ушбу бинонинг ҳам олдига тунука тўсиқ қўйиш ишлари бошланган. (Яшил тунукага эътибор қилинг)
Андижон-Хонобод йўлидаги қурилиши битмаган ушбу бинонинг ҳам олдига тунука тўсиқ қўйиш ишлари бошланган. (Яшил тунукага эътибор қилинг)

"Қизариб, кўкараётган томлар"

Озодлик суҳбатлашган яна бир тадбиркор унга президент ташрифига тайёргарлик ишларига ҳомийлик қилиш топширилганини айтди:

“Ҳокимият топшириғи бу. Президент юрадиган йўллар четида кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари кетаяпти. Фирмамиз каттароқ бўлгани учун 1000 долларга яқин ҳаражат қилишимизга тўғри келаяпти. Йўл бўйида яшайдиган уйлар томининг ҳеч бўлмаса, кўча қисмини краскалаш, биноларни оҳаклаш шартлиги айтилди. Энди барчанинг ҳам қурби етмайди. Шунинг учун “камбағал оилаларга бу борада ҳомийлик қиласиз” дейишди. Бир нечта уйнинг кўча томони қизил ва яшил краска билан бўялди. Энди кўпга келган тўй. Йўқ десангиз, муаммо қилишларидан қўрқади ҳамма”, деди тадбиркор йигит.

“Кўзбўямачилик қачонгача?”

500 доллар ҳаражат қилаётганини айтган тадбиркор президент ташрифига тайёргарлик ишларини кўзбўямачилик дея атади:

“Эски система, эски кўзбуямачилик ҳали ҳам томирлари қуримаган шекилли. Одамларни молиявий шароити, қишнинг совуқ факторига золимларча кўз юмилаяпти. Ҳамма раҳбарлар куни кўчада қолди ва одамларга деворингни шуватасан, томингни бўяйсан, тунукадан девор қиласан деб тазйиқ ўтказиб келинмоқда. Қачонгача бу кўзбўямачилик давом этади, нима президент халқининг реал кўринишини кўришидан қўрқишадими булар?”, деди андижонлик тадбиркор.

Андижон-Хонобод йўлидаги қурилиши битмаган бу бинолар олдини тунука билан тўсиш ҳали ниҳоясига етмаган.
Андижон-Хонобод йўлидаги қурилиши битмаган бу бинолар олдини тунука билан тўсиш ҳали ниҳоясига етмаган.

Андижон вилоят ҳокимлиги ходими президент ташрифига тайёргарлик кетаётганини тасдиқлади, бироқ тадбиркорлар бунга мажбурланганини инкор қилиб, бу жараёнда барча ихтиёрий равишда иштирок этаётганини таъкидлади.

“Президент ташрифига Хонобод гуллаб-яшнайди”

Хонобод туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Мирзиёвнинг ташрифи март ойига мўлжалланган бўлиб, ҳозирча аниқ санаси маълум эмас.

“Президент ўтган йили келиб кетганларида шаҳримизни гуллаб-яшнаши учун қатор топшириқлар берганди. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилинди. Ҳозирда бутун шаҳар бўйлаб ободонлаштириш ишлари кетаяпти. Президент Андижон шаҳридан автомобилда келиши режаланган. Шунга Андижондан Хонободга бўлгунча жойдаги йўл бўйларида ҳам ободонлаштириш ишлари кетаяпти. Шаҳарнинг ўзи президент келишига гуллаб яшнайди”, деди ўзини таништирмаган ҳокимлик ходими.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги "2017-2019 йилларда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, шаҳар марказида 2 гектар майдонда уч қаватли супермаркет ва 200 ўринга мўлжалланган янги “Хонобод" санаторийси қурилиши ҳам режаланган.

Ҳокимликдан олинган маълумотга кўра, президент ташрифига Андижон – Хонобод йўналиши бўйича электрлаштирилган поезд қатнови йўлга қўйилиши ҳам режаланмоқда.

Мирзиёевнинг Хонободга келишига 77 км йўлдаги бинолар фасади безалмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Каримовдан қолган "анъана"

Ўзбекистонда Президент, Бош вазирнинг вилоятларга ташрифидан олдин объектларни чиройли кўрсатиш мақсадида кўзбўямачилик қилиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи олдидан жиззахликлар уйларининг шиферларини тунукага алмаштириб, уни қизилга бўяшга мажбурланган эди. Бельгиядан келтириб, кўчаларга ўтқазилган гул ва дарахтлар қурий бошлагач, кўчатларнинг ҳар бирига биттадан одам бириктирилганди.

2017 йилнинг апрелида бир-биридан мустақил тингловчилар президентнинг Жиззах вилоятига сафаридан олдин кўчаларда йиллардан буён қилинмаган ободонлаштириш ишлари зудлик билан бошлаб юборилганини Озодликка хабар қилган эди.

2015 йилнинг октябрида Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Шаҳартепа қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилган эди. Ўша пайтда мамлакат Бош вазири лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёевнинг эҳтимолий ташрифи арафасида маҳаллий ҳокимият вакиллари “пахтамиз ҳали кўп” дея мақтанмоқчи бўлди, лекин меҳмон бу ҳудудга қадам босмаган.

XS
SM
MD
LG