Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:50

Олтинсой ҳокими боғбон фермерларга буғдой солиғи солди


Олтинсой туманидаги токзор.
Олтинсой туманидаги токзор.

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги лалми ерларда узум етиштирадиган фермерларга қисқа муддат ичида ғалла қабул қилиш пунктига 300 килограммдан буғдой топшириш вазифаси юклатилди. Бу ҳақда хабар берган фермерларнинг айтишларича, туман ҳокимлигидан ҳар бир фермерга телефон қилган мулозим, ҳокимнинг топшириғини бажариш шарт эканлигини таъкидлаган. Туман Фермерлар кенгаши ҳам бу хабарни тасдиқлади.

Олтинсой туманининг Тўхтамиш, Лукка, Кичик Вахшивор, Обшир қишлоқларида узумчилик билан шуғулланадиган юзлаб фермерларга 300 килограммдан буғдой топшириш вазифаси юклатилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган фермерлардан бирининг айтишича, топшириқ ҳокимиятдан бўлган:

“Кеча ҳокимиятнинг 4777431 рақамли телефонидан менга қўнғироқ бўлиб, 300 кило буғдой топширасан, деб айтди. Кимсиз, десам ҳокимиятданман, бу ҳокимнинг буйруғи, деб айтди. Мен буғдой экмаганман, бизнинг хўжалик узумчилик десам, фарқи йўқ, ернинг тагидан бўлса ҳам топширишинг шарт, бўлмаса ёмон бўлади, деб айтди”, деди фермер.

Лукка қишлоғида узумчилик билан шуғулланадиган бошқа бир фермер эса, бу топшириқ билан туман Фермерлар кенгашининг раиси қўнғироқ қилганини айтди:

- Ўрол ака деган, раисимиз бор. Ўзи биз буғдой экмаганимизни, ўзимиз буғдойни сотиб олишимизни яхши билади. Ака, қаердан топиб берамиз, ҳали узум пишгани йўқки сотиб олиб берсак”, десак, “менга ҳам ҳоким шундай топшириқ берган, топиб бермасаларинг бўлмайди”, деб айтди, дейди фермер.

Кичик Вахшивор қишлоғида яшайдиган фермернинг айтишича, лалми ерларда буғдой етиштиришнинг имкони йўқ:

- Ўтган куни менга ҳам биров телефон қилиб ҳокимиятданман, деди. Шундай, шундай, 300 кило буғдой берасиз, деди. Мен, еримиз лалми бўлса, токларнинг ораси тор бўлса, қандай экамиз десам, экса бўлади, дейди. Умрида қўлига кетмон ушламаган бўлса керак, у одам. Одамлар уйларининг томорқасига буғдой эккан эди, сув йўқ, ёмғир йўқ, ҳеч нарса бўлмади. Энди ўйланиб ўтирибман, нима қилишимни билмай. Пул йўқ, бозорга қўй олиб чиқиб сотсамми деб турибман”, дейди фермер.

Олтинсой тумани ҳокимининг ўзини Комил деб таништирган ёрдамчиси фермерларга буғдой солиғи солинганидан хабари йўқлигини айтди:

- Бизда мингдан ортиқ фермер бор. Мен ундай гапни айтмаганман, бундан хабарим йўқ, деди ҳоким ёрдамчиси.

Ўзини Олтинсой тумани Фермерлар кенгаши раиси Ўрол ака деб таништирган мулозим, узумчилик билан шуғулланадиган фермерларга қўнғироқ қилиб, буғдой топшириш ҳақида кўрсатма берганини тан олди:

- Бизга ҳам боғдорчилик фермер хўжаликлари гектарига 100 килодан буғдой топширсин деган топшириқ берилган. Буғдойи бор фермерларга телефон қилиб айтяпмиз. Энди уларнинг буғдой топшириш ҳақида шартномаси борми-йўқми, уни катталардан сўрайсиз, деди фермерлар кенгаши раиси.

Олтинсойлик фермерларнинг айтишларича, узум ораларига буғдой экишнинг умуман иложи йўқ. Адир ён бағрида бўлган токзорлар ерга шох отиб, ҳосил солади ва буғдой экиш учун жой қолмайди. Фермерлар бу ҳолатни акс эттирган суратларни ҳам Озодликка тақдим этди.

Олтинсой туманидаги токзор.
Олтинсой туманидаги токзор.

Олтинсой тумани ҳокими Эркин Бойниёзов Озодликнинг бир неча бор қилган қўнғироғига жавоб бермади.

Ўзбекистонда ҳокимлар давлат буғдой режасини бажариш учун ноқонуний тадбирлардан биринчи бор фойдаланишаётгани йўқ.

Ўтган йилнинг июль ойида Наманган вилояти ҳокимининг топшириғига кўра, боғ ва токчилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари ҳар гектар боғи ҳисобига 500 килодан буғдой солиғи солинган эди. Боғбонлар бозордан қиммат нархда буғдой сотиб олиб, арзон нархда ҳукуматга топширишга мажбур бўлган эдилар.

XS
SM
MD
LG