Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:39

Фарғонада фермер режадан ортган буғдойини ўриб ололмаяпти, комбайнлар “ҳибс”га олинди


Фарғона вилояти Фурқат тумани ички ишлар ходимлари фермерларнинг комбайнларини “ҳибс”га олди. Бу ҳақда хабар берган фермерларнинг айтишларича, гарчи улар режани 110-120 фоиз қилиб бажарган бўлса-да, лекин туман ҳокими фермернинг ўзига қоладиган буғдойини ҳам ўрдиришга рухсат бермаяпти. Ёзнинг саратонида қақшаб пишган буғдой ҳосили тўкилиб кетмоқда. Расмийлар бу вилоят ҳокимининг топшириғи эканлигини айтмоқда.

Фурқат туманидаги илғор фермерлардан бири бўлган 70 яшар Очил Бегматовнинг Озодликка айтишича, фермерлар буғдой режасини ортиғи билан бажарган бўлса-да, лекин фермернинг ўзига қоладиган буғдойини ўриб олмаслиги учун милиция уларнинг комбайнларини “ҳибс”га олмоқда:

- Бизнинг туман буғдой планини бажарди. Бу йил буғдой яхши бўлди. Лекин план тўлгандан кейин фермерларнинг хусусий комбайнларини МТПга олиб кириб беркитиб қўйди. Кеча ҳам менинг олдимга 7та мелиса келди. “Комбайнингизни обориб қантариб қўямиз экан”, деди. Аммо мен бермадим. Ким шундай буйруқ берган, ҳокимми, прокурорми ёки бошлиғингми, фарқи йўқ, печати билан қоғоз олиб келасан, кейин оласан, дедим, дейди Очил Бегматов.

Фарғонада фермерларнинг комбайнлари "ҳибс" қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:35 0:00
Бевосита линк

Унинг айтишича, маҳаллий ҳокимлар президентнинг сиёсатига қарши иш олиб боряпти:

- Қаранг энди, буларнинг халққа душманлигини. Фермерларнинг далада қолган буғдойи қовжираб, тўкилиб кетяпти. Бу бир. Иккинчидан, фермер тезроқ ерни бўшатиб, ўрнига иккинчи экин экиши керакку. Ахир фермер планни тўлдирса, шартномани бажарсаю энди ўзига қоладиган буғдойни ўриб ололмаса, ишчиларига беролмаса, бу душманлик эмасми? Кеча ўша мелисаларга “сенларда ҳам виждон борми”, дедим. Буйруқ, дейди. Президентимиз халқни қақшатма, унинг дардига қулоқ сол деб турибдию, лекин буларнинг иши халқни раҳбарларга қайраш бўляпти. Яна битта ҳолат, ортиқча буғдойини ўрдирганларнинг уйига милиция, прокурор бориб, мажбуран олиб кетяпти. Мана кеча эри ўлган бир фермер аёл олдимга йиғлаб келди, деди Очил Бегматов.

Фурқат туманининг Томоша ҳудудидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири ҳам, режадан ортган буғдойини ўрдирган фермернинг комбайни “ҳибс”га олинганига гувоҳ бўлганини айтди:

“Бизнинг ҳудуддаги комбайни бор фермерлардан бири режани ортиғи билан бажариб, уйига 5700 кило буғдой тўккан экан. Кеча комбайн сўрагани борсам, начальник мелиса уйидаги буғдойини олиб кетиб, комбайнини қамаб қўйибди. Бизнинг ҳудуддаги фермерлар режани 110-120 фоиз бажариб қўйган бўлса-да, лекин 4-5 гектар ердаги буғдойи қовжираб ётибди. Мана, куйиб, тўкилиб ётибди буғдой. Увол бўляпти, лекин ўргани қўймайди. Масалан гектаридан 50 центнер олиш мумкин бўлган ҳолда, фермер олса энди 30 центнер олади. Мен буларнинг бу аҳмоқона сиёсатига ҳеч ҳам тушунмадим”, дейди фермер.

Фурқат тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, фермерларнинг режадан ортган буғдойини ўришга рухсат этилмаётганини, комбайнларнинг “ҳибс”га олинаётганини тасдиқлади:

“Бу бизнинг янги бўлган ҳокимнинг эмас, балки вилоят ҳокимининг буйруғи. Вилоят буғдой режасини тўлдириши учун сақлаб турган бўлса керак. Тўғри, биз ҳам фермерларни тушунамиз, меҳнат қилган, ўзига олиши керак, ишчиларига бериши керак. Лекин, буйруқ тепадан, келган”, деди ҳокимлик мулозими.

Фурқат тумани ички ишлар бўлимининг навбатчиси милиция ходимлари комбайнларни қамаб қўяётганини инкор қилди:

“Милициянинг бундай ваколати йўқ, бизнинг ходимлар бундай тадбирда қатнашгани йўқ”, деди навбатчи милиция ходими.

Фарғона вилояти ҳокимлигидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Фарғона вилоятида комбайнларни қамаб қўйиш ҳолати ўтган йил ҳам кузатилган эди.

XS
SM
MD
LG