Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:55

Жиззахда ўқитувчиларнинг таътил пулидан 400 минг сўмгача мажбуран ушлаб қолинди


Мактаб, синфхона
Мактаб, синфхона

Жиззах вилояти, Дўстлик тумани мактаблари ўқитувчиларининг таътил пулидан газ ва электрга олдиндан тўлов қилиш учун 400 минг сўмгача ушлаб қолинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ўқитувчиларнинг айтишларича, улардан мажбурий ариза ёздириб олинган.

Мактаб директорларидан бири бу тадбир туман Мажбурий ижро бюросининг босими билан амалга оширилаётганини билдирди.

МИБ бошлиғи ўринбосари эса олдиндан тўлов қилиш фақат ихтиёрий бўлаётганини айтди.

Дўстлик тумани халқ таълими бўлимининг исми сир қолишини сўраган мутахассисларидан бирининг айтишича, барча мактаб ўқитувчиларининг таътил пулларидан газ ва электр энергияси учун катта миқдордаги пул ушлаб қолинган:

“Гап бундай бўлди. МИБ ва туман прокуратурасидан халқ таълими ва мактаб директорларига ўқитувчиларнинг маошидан ушлаб қолиш топширилди. Нега энди айнан июнь ва июль ойлари? Чунки, ҳамма ўқитувчилар 48 кунлик таътилга чиқади. Ҳамма ўқитувчилардан маошидан 400 минг сўмгача электр ва газга ушлаб қолишга рози эканлиги ҳақида мажбурий ариза ёздириб олинди. Мана бухгалтерияга келиб истаган мактабингиз, 14, 8, 10- ёки 2-мактабми, текшириб кўринг. Ҳамманинг маошидан катта пул ушлаб қолинган. Ваҳоланки, ўқитувчиларнинг маошларидан коммунал тўловлар учун пул ушлаб қолиш тақиқланган”

Исми сир қолишини сўраган бошқа ўқитувчи ҳам таътил пулидан 400 минг сўм ушлаб қолинганини айтади:

“Менинг на электрдан, на газдан қарзим бор. Ойма-ой ҳаммасини ошиғича тўлаб бораман. Лекин, нега яна аввалги кунларга қайтяпмиз, нега яна балога қолган ўқитувчи бўляпти?”

Дўстлик тумани молия бўлимининг матбуотга гапиришга ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бирининг айтишича, бу МИБнинг янги бошлиғи ва туман прокуратурасининг топшириғи бўлган:

“Фақат ўқитувчиларга эмас, мактабгача таълим бўлимига, тиббиёт бирлашмасига ҳам шундай топшириқ берилган. Менинг қўлимдаги маълумотларга кўра, бюджет ташкилотларидан 250 миллион, ўқитувчиларнинг ўзидан 175 миллион сўм ушлаб қолинди. Тумандаги мактабларнинг жами бир ойлик маоши 800 миллион сўм, ундан деярли тўртдан бир қисмини олиб қўйишди”.

Дўстлик тумани МИБ бошлиғи ўринбосари Улуғбек Алижонов, бу тадбир ихтиёрий тарзда амалга оширалаётганини айтди:

- Ҳеч қандай босим ўтказилгани йўқ. Йиғилишда ҳар бир фуқаро фойдаланётган гази, электр энергияси ва сувига барибир тўлов қилиши керак, бунинг осон варианти олдиндан ўтказиш, деб тушунтирилди. Халқ таълими бўлимига бориб йиғилиш қилдик, мактаб директорлари ҳам қатнашди, ҳеч қайсиниси тўламайман, деб қаршилик қилган жойи йўқ. Мажбурий эмас, фақат аризага асосан ушлаб қолиняпти.

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ўтган йилнинг декабрь ойида ҳудудий халқ таълими бошқарма бошлиқларига "Шахсан назорат учун" деб йўллаган хатида ўқитувчилардан коммунал тўловлар учун пул олишни тақиқлаган эди:

"Маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий бошқармалар томонидан ҳар хил нашрдаги газета ва журналларга мажбурий обуна, коммунал тўловлар учун ойлик иш ҳақидан олиб қолинишини ёки бошқа ноқонуний бадаллар йиғилишини қатъиян тақиқлайман", - деб огоҳлантирган эди вазир.

XS
SM
MD
LG