Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:36

Самарқандда ялпи “ҳашар” - минглаб хизматчи “Обод қишлоқ” қурилишига сафарбар қилинди


Озодликка келаëтган маълумотларга кўра¸ бутун Ўзбекистон бўйлаб "Обод қишлоқ" дастури минглаган давлат хизматчиларинигн текин меҳнатга сафарбар қилиниши эвазига амалга оширилмоқда.
Озодликка келаëтган маълумотларга кўра¸ бутун Ўзбекистон бўйлаб "Обод қишлоқ" дастури минглаган давлат хизматчиларинигн текин меҳнатга сафарбар қилиниши эвазига амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари 8 - 9 июнь кунлари бутун вилоятдаги иқтисодиëт ва тадбиркорлик масалалари комплексига кирувчи ўнлаб бошқарма ва ташкилотнинг юзлаб ходимини Пахтачи туманидаги “Обод қишлоқ” дастурига “ҳашар”га чиқарди.

Озодликка нусхаси етиб келган телефонограммага мувофиқ¸ Солиқ¸ Молия¸ Статистика бошқармалари ва Марказий банкдан тортиб тижорат банклари ходимларигача ëппасига “Зиëвиддин шаҳарчаси”га “ободонлаштириш ва бунëдкорлик ишларини янада жонлантириш мақсадида оммавий ҳашар”га чиқарилган.

“Ҳашар” атамаси аслида оммавий мажбурий меҳнат учун ниқоб бўлаëтганини таъкидлаган самарқандлик иқтисодчилар¸ ишдан бўшаш ва ойликсиз қолиш таҳдиди остида ўз ҳисобидан Пахтачига борганини билдирди.

Озодликка айтилишича¸ ўз ходимларини “ҳашар”га олиб чиқиш буйруғини вилоят ҳокими ўз ўринбосарларига берган ва улар бу буйруқни ўз назоратидаги бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларига юборган.

Телефонограмма

Озодликка нусхаси юборилган 7 июнь кунги буйруқ-телефонограммага Самарқанд вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Жамшед Ураков (расмий сайтда шундай ëзилган -таҳр.) қўл қўйган.

Телефонограмманинг Озодликка юборилган нусхаси.
Телефонограмманинг Озодликка юборилган нусхаси.

Иқтисодиëт ва тадбиркорлик масалалари комплексига кирувчи бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларига” юборилган ички буйруқда президентнинг “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш учун вилоятда 8-9 июнь кунлари ҳашар ташкил қилиш айтилади.

Телефонограммада бошқарма ва ташкилот раҳбарларидан вилоятнинг Пахтачи туманидаги “Зиëвиддин шаҳарчаси”ни ободонлаштириш ишларини жонлантириш мақсадида ўзи раҳбарлик қилаëтган ташкилот ходимларининг “мазкур ҳашарга фаол иштирок этишини таъминлаш” сўралган.

Иловада Телефонограмма юборилган ташкилотлар рўйхати ëзилган ва бу рўйхатда вилоятдаги нафақат давлат ташкилоти¸ балки тижорат тизимлари ҳам борлигини кўриш мумкин.

Рўйхатдан бир парча.
Рўйхатдан бир парча.

Озодликка маълум бўлишича¸ вилоят ҳокими ўринбосарлари аслида Самарқанд вилояти ҳокими топшириғини бажарган ва бошқа соҳага мутасадди бўлган ўринбосарлар ҳам ўз назоратидаги тизимларга айни шундай буйруқ берган.

“Обод қишлоқ”ни давлат хизматчилари қураяпти

Вилоят ҳокимлиги буйруғи билан Пахтачи туманига “ҳашар”га юборилган Самарқанддаги банк тизими ходимлари Озодлик билан мулоқотда ўзларининг “қаттиқ босим ва таҳдид остида” “Обод қишлоқ” қураëтганларини билдирди.

Самарқанд шаҳридаги бюджетдан ойлик оладиган ҳамма ташкилот ходимлари мажбуран юборилди. Телефонограммада 8-9 июнь кунлари ходимларингизни ҳашарга юборинг¸ дейилган. Аслида ¸ икки ойдан бери шу аҳвол. Бизга дам олиш йўқ – “Обод қишлоқ”ни унга мутлақ алоқаси йўқ давлат хизматчилари¸ тижорий структуралар мутахассисларига қурдиришаяпти. Кимлардир ўзлари бораяпти¸ кимлардир мардикор олиб юбораяпти. Вилоят ҳокими ўринбосарларига топшириқ берган. Ҳамма ўринбосарлар ўзига бўйсунадиган соҳа ходимларини олиб чиқаяпти”¸ дейди Озодлик гаплашган самарқандликлардан бири.

Банкир - фаррош¸ ўқитувчи – уста

“Ҳашар” номи билан бораëтган кенг кўламли мажбурий меҳнатга жалб этилганини айтган самарқандликлар “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ободонлаштириш жараëнида қилган ишларини тилга олди.

Бизга одамларнинг уйларини бузиш¸ ремонт қилиш¸ кўп қаватли уйларнинг олдини тозалаш буюрилди. Зиëвуддин шаҳарчаси “Обод қишлоқ”қа тушган. Ташкилотларга одамларнинг уйини бузиш¸ уй қуриб бериш¸ ремонт қилиш каби ишларни бўлиб бериб¸ мажбурлаб ишлатаяпти. Вилоят ҳокими прокурор¸ ИИБ бошлиғи билан ўзи бориб ўтириб олаяпти. Битта бизнинг ташкилотдан 20 га яқин одам бордик. Бутун вилоятдаги давлат хизматчилари сонини ҳисоблаб кўрингчи¸ қанча одам мажбурий қурилишга чиқарилганини тасаввур қиласиз»¸ дейди ҳафта охирида Пахтачи туманига юборилган самарқандликлардан бири.

Бу суҳбатдошлар шунингдек¸ қурилишга алоқаси бўлмаган мутахассисларга «бошида калтак ушлаш» билан қурдирилаëтган бундай «обод ва намунали» уйлар сифатининг "қўрқинчли даражада паст"лигини алоҳида тилга олдилар.

Вилоят ҳокимлиги расмийси – Телефонограмма 15 минутдан кейин бекор қилинди!

Озодлик самарқандлик давлат ва тижорий ташкилотлар вакиллари номидан келган шикоятга муносабат билдиришни сўраб Самарқанд вилояти ҳокимлиги расмийлари билан боғланди.

Ўзини вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Жамшед Ураков ëрдамчиси деб таништирган мулозим¸ Озодликка нусхаси юборилган Телефонограмманинг ҳақиқийлигини тасдиқлади.

«Бу Телефонограмма нотўғри иш бўлган. 15 минутдан кейин уни бекор қилдик. Ташкилотларга¸ ким хоҳласа¸ «ватан ва халқ фаровонлигига ҳисса қўшиш учун» ўз ихтиëри билан ҳашарга чиқиши мумкинлигини айтдик. Бу ерда ҳеч кимни мажбурлаш бўлмаган¸ бўлган бўлса¸ бу англашилмовчилик бўлган. Бунинг учун узр сўраймиз»¸ деди ҳокимлик мулозими Озодлик билан 12 июнь кунги суҳбатда.

Айни пайтда Озодлик суҳбатдоши¸ буйруқ-телефонограмманинг дарҳол бекор этилганини тасдиқловчи бирор ҳужжат тақдим этиш сўровига¸ «бу ишнинг оғзаки бўлгани»ни айтиш билан чекланди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги расмийси¸ «ҳашар» деб аталаëтган мажбурий меҳнатнинг икки ойдан бери тинимсиз давом этаëтгани ҳақидаги шикоятни рад қилишга уринди¸ аммо тафсилотларни эшитгач¸ «узр» сўраб¸ суҳбатни тўхтатди.

Ҳокимлик мулозимининг ҳашарнинг бир марталик бўлгани ва унда мажбурийлик йўқлиги ҳақидаги иддаосига муносабат билдирган «ҳашарчилар»:

«Самарқанддан Пахтачигача 150 км . Ким дам олиш кунлари бола-чақасини кўрмай¸ шу иссиқда шунча масофага ўз ëнидан боришни хоҳлайди. Куракда турмайдиган ëлғон»¸ дея жавоб берди.

«Обод қишлоқ»ни ким қуриши керагу¸ кимга қурдирилаяпти?

Президент Шавкат Мирзиëевнинг 2019 йил 20 февраль кунги “Обод қишлоқ” дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида​” деб номланган қарорига мувофиқ¸ жорий йили “159 туманда 1,6 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган 478 та қишлоқда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши лозим.

Бу бузиш ва қурилишларга давлат ҳисобидан 4¸8 триллион сўм (қарийб 565 миллион доллар – таҳр.) ажратилган ва дастур ижросини назорат қилувчи махсус комиссияга Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раис этиб тайинланган.

Президент қарорининг бирор сатрида¸ “Обод қишлоқ” дастури доирасида белгиланган ишларнинг ҳашар йўли билан амалга оширилиши айтилмаган.

Кейинги ойларда Озодликка мамлакатнинг аксар вилоятларида “Обод қишлоқ” дастури доирасида қилинаëтган бузилиш ва қурилишларга давлат идоралари ходимлари¸ хусусан¸ таълим¸ тиббиëт соҳаси хизматчиларининг текинга¸ мажбурлаб жалб этилаëтганига оид келаëтган шикоятлар кўпайиб бормоқда.

Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати расмийларидан бирортаси¸ мажбурий меҳнатни янги босиқчга олиб чиққани айтилаëтган бу шикоятларга муносабат билдирмади.

Хусусан¸ “Обод қишлоқ”қа ажратилган юзлаб миллион долларнинг қаерга¸ қандай сарфланаëтгани¸ нега бу дастур ижроси текин ишчига айлантирилаëтган таълим ва тиббиëт¸ банк ва молия соҳаси мутахассислари зиммасига юкланаëтгани ҳақида бирор изоҳ берилмаëтир.

12 июнь куни Озодликнинг бу каби шикоятларга Бандлик вазирлиги мулозимларидан изоҳ олиш уриниши самарасиз қолди – вазирлик Матбуот хизмати¸ мажбурий меҳнат муаммоси билан шуғулланувчи Меҳнат инспекцияси бошқармаси телефонларига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG