Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:59

Туркманистон: Карантин чекловлари норозилик чиқишларига сабаб бўлди


 Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ноябрь бошидан бери Туркманобод шаҳрида икки ой муқаддам жорий этилган карантин чекловларига қарши бир неча тартибсиз норозилик акциялари бўлиб ўтди. 1 ноябрь куни сотувчилар бозор очилишини талаб қилиб кўчани тўсишган бўлса, 5 ноябрда автобус ҳайдовчилари иш ташлади. Озодлик радиосининг туркман хизмати мухбирлари бу воқеаларнинг айрим тафсилотларини хабар қилишмоқда.

5 ноябрь куни “Лебапавтоулаг” транспорт корхонаси ҳайдовчилари шаҳардаги айрим йўналишларда хизмат кўрсатишдан бош тортишди. Иш ташлашда жами 30 га яқин автобус ҳайдовчиси иштирок этди.

Озодлик мухбирлари аниқлашича, иш ташлашга корхона раҳбариятининг Ашхободдан келган фармонга биноан шаҳар автобусида ташишга рухсат этилган йўловчилар сонини кескин камайтиришга буйруқ бериши сабаб бўлган. Ҳайдовчилардан ҳар бир автобусга 10 нафардан ортиқ йўловчи олмаслик талаб қилинган, бўйсунмаганларга эса тушунтириш хати ёздириш, ҳолат такрорланганида эса ишдан бўшатиш билан таҳдид қилганлар.

Айни чоғда раҳбарият ҳайдовчиларнинг кунига 300 манатдан нақд пул топшириш режасини ўз кучида қолдирган. Бинобарин, кунлик режани бажармаслик ҳам ҳайдовчини ишдан бўшатилиш хавфи остига қўяди.

“Автобусга 10 дан зиёд йўловчи олинмаса, 300 манат пул ишлашнинг иложи йўқ. Режани бажармасанг – яна тушунтириш хати ёздиришади, бўшатамиз деб дўқ уришади. Бошлиғимиз бу талабларни бажаришимизни шахсан ўзи назорат қилишини айтди”, дейди исми сир тутилишини хоҳлаган корхона ҳайдовчиларидан бири.

Озодлик мухбирига кўра, шаҳар транспортида ташиладиган йўловчилар сонига доир буйруқ ростдан ҳам бор. Бу коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий масофага риоя қилиш талаби билан боғлиқ. Яъни, ҳайдовчилардан автобусга заводда ўрнатилган ўриндиқлар сонидан ортиқ йўловчи олмаслик талаб қилинмоқда.

Туркманистонда автобуслар жамоат транспортининг ягона тури бўлиб, уларда кўпинча одам тирбанд бўлади. Йўловчи оқими катталиги ва “режа тизими” ҳайдовчиларни автобусларга қўшимча ўриндиқлар ўрнатишга мажбур этади.

Иш ташлаш Туркманобод транспорти фаолиятига таъсир қилиб, шаҳардаги аксар йўналишларда қатнов тўхтаб қолишига олиб келди.

1 ноябрда Туркманободдаги 5-сонли бозор сотувчилари ва савдо шохобчалари эгалари ҳам карантин чекловлари узайтирилишига қарши тартибсиз норозилик акцияси ўтказишди.

Шу куни бозор ишга тушишини кутиб, тўпланиб қолган ўнлаб одамлар маҳаллий маъмурият бозорни очиш хусусидаги ваъдасини бажармаганидан ғазабланиб, энг яқин кўчани тўсишга киришди.

“1 ноябрь куни савдогарлар бозор очилишини кутиб бекорга овора бўлишди. Шундан сўнг улар бозор ёнидаги Амул кўчасини 8 соатдан зиёд вақтга тўсиб қўйишди. Бир-бирларининг қўлларидан тутиб, йўлга кўндаланг туриб олишди. Бир пасда ўткинчи машина ва автобуслардан катта тирбандлик ҳосил бўлди”, дея сўзлаб берди Озодликка воқеа гувоҳларидан бири.

Озодлик мухбирлари хабар беришича, натижада йўлнинг қатнов қисмида қарийб тўрт чақиримлик издиҳом пайдо бўлгач, у ерга ўнлаб полиция машиналари ва 5 та патрул автомобили етиб борган.

“Полициячилар норозилик акцияси иштирокчиларини қатнов қисмидан зўрлик билан четлатишга уринишди, лекин уддалай олишмади. Шундан кейин уларга мадад кучлари етиб келиб, одамларни битта-битта тутиб автобусга босишди. Шу тариқа йўл тозаланиб, кўчада ҳаракат тикланди”, дейди воқеа иштирокчиларидан бири.

"Президент имиджини бузаётган" туркманларга навбатда туриш тақиқланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:46 0:00

Озодлик радиоси норозилик акцияси иштирокчиларининг кейинги тақдирига аниқлик кирита олганича йўқ.

Ноябрь ойи бошида августда жорий этилган карантин чекловлари номаълум муддатга узайтирилгани маълум бўлган эди. Ҳукумат карантин бошлангани, узайтирилгани, шунингдек кейинги режалар тўғрисида аҳолига расман ахборот берган эмас. Туркманистонликлар буларларнинг барини маҳаллий маъмурлардан эшитиб билишди.

Бу пайтда Ашхободда одамлар карантин чекловлари юмшатилишини кутаётган пайтда, маҳаллалардаги ўнлаб озиқ-овқат дўконлари ёпилди.

Пойтахтда дўкондор ва сотувчилар прокуратурага мурожаат қилиш учун имзо тўплашмоқда. Локдаун шароитида кўплаб тадбиркорлар даромаддан маҳрум бўлиб, зарар кўрмоқда, ёпилган муассасалар ходимлари эса тирикчилик манбаидан айрилди. Давлат томонидан пандемия шароитида аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмади.

Мамлакатда коронавирус мавжудлигини расман тан олмай келаётган Туркманистон ҳукумати савдо, хизмат кўрсатиш корхоналари ва кўнгилочар муассасаларни жорий йилнинг августида ёпиб қўйди. Бу пайтда коронавируснинг навбатдаги тўлқини бошланиб, касалхона ва морглар тўлган, қабристонларда эса кечаю кундуз майитлар дафн қилинаётган эди.

XS
SM
MD
LG