Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:57

Туркман фаоллари Туркияда туриб ўз ҳукуматларини танқид қилмоқда. Бундан уларга хавф борми?


Туркиядаги туркман фаоллари Туркманистоннинг авторитар ҳукуматини тобора кўпроқ танқид қилмоқда. Бу туркман расмийларининг эътиборини тортган ва улар қарши чоралар кўраётганга ўхшайди.

Туркманистон дунёнинг энг мустабид давлатларидан биридир. Мамлакатда ҳукуматга қарши кайфият бўй кўрсатишига йўл қўйилмайди, президент Гурбангули Бердимуҳамедов режимига сал тегиб кетадиган гап айтган кишининг овозини тезда ўчиришади.

Бироқ сўнгги йилларда Туркманистон хорижида яшовчи туркманлар Бердимуҳамедов ҳукуматига қарши тобора кескин фикр билдиришмоқда, улардан айримлари эса – Қўшма Штатлар, қатор Европа мамлакатлари, Россия, Туркия ва Шимолий Кипрдан оммавий чиқишлар қилмоқда.

Бироқ Туркиядаги баъзи фаолларнинг сўзларига кўра, туркман ҳукумати уларнинг оғзини юмишга уринмоқда.

Туркманистон Лебап вилоятида туғилган 30 ёшли Дурсултон Таганова туркман ҳукуматининг Туркиядаги энг таниқли танқидчиларидан бирига айланди, аммо бу машҳурликнинг тўлови бор.

“26 сентябрь куни саҳар вақти, соат 5:15 турк полициясидан келишибди. Ўша куни мен уйда эмасдим. Сўнгра полиция бўлимига чақиришди. Шунда тушундимки, нимадир бўляпти”, деган Дурсултон Озодликнинг туркман хизматига.

Дурсултон Таганова
Дурсултон Таганова

Таганова бўлимга келганида у қўлга олиниб, депортация марказига жўнатилиши лозим бўлган шахслар рўйхатига тушганлигини маълум қилганлар.

Дурсултон бунақа вазиятга биринчи марта тушаётган бўлмаса-да, барибир Туркманистонга қайтариб юборишларини ўйлаб ташвишга тушган.

Аммо 29 сентябрь куни уни қўйиб юборганлар.

Таганова ҳозирда Францияда истиқомат қилаётган туркман тадбиркори Мурод Қурбонов томонидан 2020 йилда тузилган “Туркманистоннинг демократик танлови” (ТДТ) мухолифат гуруҳига кирган. Гуруҳ аъзоларини чет элда яшаётган туркманлар, асосан меҳнат мигрантлари ташкил қилади.

Таганова Озодликнинг туркман хизматига қўлга олиниб, депортация марказига юборилиши лозим бўлганлар рўйхатида у билан бирга 25 киши бўлганини, уларнинг барчаси тез-тез чиқиш қиладиган энг фаол ватандошлар эканини айтди.

Дурсултонга кўра, у ва бошқа диссидентлар Туркманистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун ҳар куни ижтимоий тармоқларда жонли ёйин ташкил қилишади.

– Ёйинларда бизга қандай ўзаришлар зарурлиги ҳақида фикрлашамиз, Туркманистонда бўлаётган таъқиблар ва қонунсизлик, коррупция тўғрисида гаплашамиз, – дейди у.

Таганованинг айтишича, унинг 20-25 минг чоғли обуначиси бор, ҳар куни ёйинларини олти-етти минг киши томоша қилади.

Туркман ҳукумати эса, афтидан, бу оммавий муҳокамаларга тоқат қилмоқчи эмас.

Туркманистон ичкарисида ҳукумат ахборот тарқалишини қаттиқ назорат қилади. Фуқароларга асосан “Бердимуҳамедовнинг оқилона раҳбарлиги остида” эришилган улкан ютуқлар ва республикага “бутун дунё ҳавас қилиши” ҳақидаги “тўғри” ахборотгина берилади.

Аммо бу тантанавор гаплар ҳақиқий аҳволни акс эттирмайди: мамлакат бир неча йилдан бери озиқ-овқат танқислигини бошидан кечирмоқда, дўконларда ва ҳатто нақд пул берувчи банкоматлар олдида узун навбатлар кузатилади.

Туркманистон аҳолисининг тахминан 60 фоизи доимий иш ўрнига эга эмас, бу пайтда эса Бердимуҳамедов оиласи миллиардлаб доллар маблағни ўзлаштирмоқда.

Ватандаги ишсизлик юз минглаб туркманларни тирикчилик дардида чет элга меҳнат миграциясига кетишга мажбур этаётир.

Туркман ҳукумати мамлакат ичида мухолифатни жиловлаб олган, аммо турмуш шароити кескин ёмонлашгани манзарасида ишчи мигрантлар орасида норозилик кучайиб бормоқда.

Таганова туркман ҳукуматига қарши ўткир танқидий чиқишларини дунёга коронавирус инфекцияси тарқалганидан сўнг бошлаган эди. Уни расмийларнинг гўё мамлакатда COVID-19 юқтирган беморлар йўқлиги ҳақидаги абсурд баёнотлари шундай қилишга ундади.

2020 йил 19 июль куни Дурсултон 80 нафар фаол қаторида Туркманистоннинг Истанбулдаги консулхонаси ёнида қўлга олинди – улар туркман ҳукуматининг мамлакатда коронавирус йўқлиги ҳақидаги иддаоларига қарши норозилик акциясига чиқишган эди.

Ушланганлар ўша куниёқ қўйиб юборилди, аммо Тагановани паспорт муддати тугагани учун олиб қолдилар.

Фаол Истанбулдаги депортация марказида қарийб уч ой яшади ва хайрли тасодиф туфайлигина Туркманистонга жўнатилишдан қутулиб қолди: пандемия туфайли рейслар бекор қилинган эди.

Ҳуқуқбонлик ташкилотлари Таганованинг оғир аҳволидан хабар топди ва 2020 йил 12 октябрь куни “Human Rights Watch” 11 ҳуқуқбонлик гуруҳининг Дурсултонни Туркманистонга жўнатиб юбормаслик тўғрисидаги мурожаатини эълон қилди.

HRWнинг Европа ва Марказий Осиё шўъбаси директори Ҳью Уильямсон ўз баёнотида “Туркманистон, маълумки, ҳукуматни танқид қилувчиларни аёвсиз таъқиб этади. Дурсултон Таганованинг мамлакатга қайтиши уни жиддий таҳдидларга йўлиқиш ва қийноққа солиниш хавфи остига қўяди”, деб айтди.

Таганова ўша куниёқ озод этилди ва у депортация марказида Туркиядан бошпана беришларини сўраб ариза ёзди.

Ҳозирда у Туркияда қонуний яшамоқда, аммо 2020 йилда қўлга олинганидан бери ҳаётида анча-мунча ўзгаришлар юз берди.

Туркман ҳукумати у туғилган Лебап вилоятида уни ёмонотлиқ қилди.

Таганова Туркияда ҳибсдан бўшатилгач, Лебап маркази бўлмиш Туркманободда ва бошқа шаҳарларда унинг ишларини қоралаш учун жамоат ташкилотлари, аёллар кенгашлари, махсус хизматлар, ИИВ ва прокуратура вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказилди.

У яқинда Озодликка билдиришича, бир неча ой муқаддам Туркия миграция хизмати чақириб, “Туркия ва Туркманистон алоқалари бирмунча чигаллашди, шунинг учун ҳар хил митинглар ўтказишни бас қилинг”, дея огоҳлантиришган.

Таганова норозилик акцияларига чиқмаганини, шунчаки, Туркманистон сиёсатини муҳокама қилиш учун ижтимоий тармоқларда ёйинлар ташкил қилишини айтади.

“Шунда улар ҳатто жонли ёйин қилишимни ҳам тақиқлаб қўйишди”, дейди у ва барибир Туркманистондаги коррупция ва адолатсизликлар ҳақида ижтимоий тармоқларда гапиришда давом этганини қўшимча қилди.

Таганова Туркияда муаммоларга дуч келган ягона мухолифатчи эмас.

11 октябрда Истанбулда уч нафар туркман фаоли ҳужумга йўлиқди. Ҳамла ортида Туркманистон хавфсизлик вазирлиги турганига уларнинг ишончи комил.

Фаоллардан бири – Нурмуҳаммад Аннаев Озодлик радиосига ҳужум қилган беш кишидан бири Лебап вилояти шевасида сўкинганини айтди.

Ўша куни Аннаев қўлидан жароҳат олган, Азиз Мамедов исмли яна бирининг бурни синган, Бахтиёр исмли учинчи фаол эса бошидан шикастланган.

Аннаевнинг айтишича, ўша куни, ҳужумдан бирмунча олдин учовлон Ғарб нашрларидан бирининг мухбирлари билан учрашишган, кейин интернетда жонли ёйин қилишган.

Аннаев ЕХҲТ тадбирида иштирок этиш учун Варшавага жўнаб кетиши керак бўлган, фаол у ерда туркман ҳукуматини танқид қилиб нутқ сўзлашни режалаштирган.

Яна бир ҳолатда эса 1 август куни туркман консуллиги олдида митинг қилаётган фаоллар гуруҳи нотаниш одамларнинг ҳужумига дучор бўлган эди. Фаоллар уларни консуллик ходимлари ёллаганини иддао қилишади.

Ҳужум натижасида икки фаол қўли ва қорнидан тиғ жароҳати олишди.

Туркман фаоли Фарҳод Дурдиев 1 август куни норозилик акциясида қатнашиш учун уйидан чиққан. Туркман консуллиги биносига 400 қадамча қолганида икки киши уни Лебап вилоятини англатувчи LB ҳарф белгили машинага “босиб”, консуллик ҳудудига келтиришади.

Дурдиев Озодлик билан суҳбатда консуллик биносида уни калтаклашгани ва таҳдид қилишгани ҳақида сўзлаб берган.

Туркманистондаги ҳукуматпараст блогерлар чет элдаги фаолларнинг чиқишларига жавобан, уларнинг оила аъзоларидан интервью олиб, эълон қилинмоқда.

Айнан Дурдиев воқеасида ҳам қўштирноқ ичидаги бир блогер унинг онасидан “йўлидан адашган ўғил” ҳақида интервью олган.

Аммо Туркманистондан ташқаридаги фаоллар тўхтамоқчи эмас. Улар ўз ватанларидаги реал аҳволни дунёга англатишни хоҳлашади.

XS
SM
MD
LG