Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:57

Тошкентдаги емакхоналар "жаз кабоб"га гўшт етказа олмаяпти


Пойтахтдаги қатор емакхоналарда тушдан кейин кабоб тугаб қолаётгани кузатилмоқда. Баъзи емакхона эгалари бозорда гўшт камёб-қимматлиги боис, ўзбеклар севган овқатнинг бу турини етказиб беролмаётганини айтмоқда. Бозордаги гўшт кризиси, Бош вазир Абдулла Орипов шахсан назоратига олганига қарамай, 3 ойдирки, давом этмоқда.

Озодликнинг мобил мухбири 29 июл куни пойтахтда номи чиққан кабобхоналардаги вазиятни ўрганди.

Маълум бўлишича, аксар кабобчилар халқ тилида "жаз кабоб" дейиладиган емакнинг бу турини тушдан кейин пиширмаётир.

"Тошкентдаги “Миллий Таомлар” номи остидаги кафелар ва халқ орасида “шашликхона” дейиладиган емакхоналарда, айниқса, жаз кабоблари етишмаяпти. Пешиндан кейин жаз кабобни, умуман, топиб бўлмаяпти", деди Озодликнинг исми сир сақланаётган мобил мухбири.

Озодлик мухбири якшанба куни суҳбатлашган баъзи емакхона эгалари ва ошпазлар ҳам бундай танқислик борлигини тасдиқладилар. Улардан олинган маълумотга кўра, бунга "поставшиклар гўшт етказиб беролмаётгани" ва "шашликка сихлайдиган мол гўштининг килоси 43 000 сўмга чиқиб кетгани"ни сабабдир.

Бундай аҳволга кгвоҳ бўлган пойтахтлик иқтисодчи Тошбекка кўра, гўшт бозоридаги кризис фонида кечган сўнгги бир ой ичида бир сих кабобнинг нархи ўртача 500-800 сўмга ошгани кузатилган ва бу мамлакат ҳукуматининг гўшт бозоридаги инқирознинг олдини олишга уринишлари кутилган натижани бермаётганидан даракдир.

"Қанақадир фонд ташкил қилиш, гўшт нархини назоратда ушлаб туришга уриниш - буларнинг ҳаммаси қисқа муддатли чора. Бу чоралар кутилган натижани бермаяпти ҳам. Чунки, гўшт танқислигининг қатор сабаблари бор - нарх-наво, валюта бозори, чорвачилар айтганидек, ем-хашак етишмаслиги ва ҳоказо комплекс муаммоларни ҳал қилиш керак, биринчи навбатда", дейди иқтисодчи.

Кейинги икки ой ичида бутун Ўзбекистон бўйлаб гўшт нархи 25 фоизга қимматлади.

Сўнгги бир неча кун ичида Тошкент бозорларида бир кило мол гўшти ўртача 35 минг сўм, бир кило қўй гўшти ўртача 38 минг сўмдан сотилди. Озиқ-овқат дўконларида эса мол гўштининг бир килоси 35 минг сўмдан 45 минг сўмгача сотилмоқда.

Қиёс учун шу йилнинг бошидаги нархни эслаш мумкин: бозорда бир кило мол гўшти 22 минг сўм, бир кило қўй гўшти эса 25 минг сўм, озиқ-овқат дўконларидаги гўшт нархи ўртача 27 минг сўм эди. Яъни, ярим йил ичида гўшт нархи қарийб 50 фоизга ошиб кетди.

Май ойида Бош вазир Абдулла Арипов гўшт нархини туширишни талабқилганидан сўнг, бозорларда арзон гўшт сотувчи расталар пайдо бўлди. Нарх-навони барқарорлаштиришга кўмалашувчи жамғарма тузилди. Лекин ҳозирча гўшт арзонлаш ўрнига фақат қимматлаётгани кузатилмоқда.

Қассоблар ва гўшт савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг айтишича, гўшт нархининг ошишига бир қанча омиллар сабаб бўлаяпти. Жумладан, бензин нархи ошгани боис, асосан, жанубий вилоятлардан ташиладиган қорамолларни пойтахт ва бошқа вилоятларга келтириш ҳаражатлари ошгани, ем-ҳашак танқислашгани ортидан унинг нархи кескин кўтарилиб кетгани ва шунингдек, маъмурий босимлар ҳам гўшт нархининг кун сайин қимматлашига сабаб кўрилмоқда.

Бундан ташқари, гўшт ва гўшт маҳсулотлари экспортига тақиқ бекор қилингани ҳам бунинг сабабларидан бири сифатида келтирилмоқда.

Президент Мирзиёевнинг 2017 йил май ойидаги 5034-сонли фармони билан республикадан экспорт қилинувчи озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатидан гўшт ва гўшт маҳсулотлари чиқарилган.

XS
SM
MD
LG