Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:27

Ўзбекистонда гўшт май ойи бошидан буён 20 фоизгача қимматлаб кетди


Ўзбекистонлик сотувчи ва харидорларга кўра, май ойи бошидан буён мамлакатда мол ва қўй гўшти 10, 15, баъзи жойларда ҳатто 20 фоизгача қимматлаб кетди. Хусусан, Тошкентда бундан 1 ҳафта-10 кун олдин 1 килоси 28 минг сўмдан сотилган қўй гўшти 11 май куни 32-34 минг сўмдан сотилди.

Қассоблар қўй гўшти нархидаги динамикани қўзилатиш мавсуми давом этаётгани билан, нархларни кузатувчи идора мутахассиси эса, қишдан чиқиш учун ғамланган ем-хашакнинг тугаши билан изоҳлади

Қашқадарёда 20 минг эди 26 мингга чиқди

Гўшт қимматлаб кетгани тўрисидаги дастлабки сигнал Қашқадарёдан келди.

“2 ой аввал 19-20 минг сўмдан сотилган гўштни шу кунда 26 мингдан сотишмоқда”, деб хабар қилди Озодлик тингловчиси 10 май куни. Лекин хабарда конкрет шаҳар ёки туман номи келтирилмаган.

Эски Жўвада қўш гўшти 5-6 мингга қимматлади

Озодлик тошкентлик Тошбек деган йигит билан 11 май куни, у Эски Жўва бозорида турган пайтда гаплашди.

Тошбекнинг айтишича, мол гўштининг нархида ўзгариш катта эмас: 1 кило суякли гўшт 28-29 минг сўм, суяксизи 35-36 минг сўм.

“Бир ҳафта-ўн кун аввал лахм гўштни 33 минг сўмга олса бўлар эди”, деди Тошбек.

Айни пайтда қўй гўшти кескин қимматлаб кетганини айтди тингловчимиз. "10 кунча олдин 1 кило қўй гўштини 28 минг сўмга олган эдим. Мана ҳозир бундайроғини 32 минг, яхшисини 34 минг сўм дейишаяпти", деди Тошбек.

Ғаллаоролда 2-3 мингга қимматлади

Жиззахнинг Ғаллаоролида яшайдиган ёши 78 га чиққан ижтимоий фаол оқсоқол Набижон Жўрабоевдан у яшайдиган туманда ҳам гўшт кескин қимматлаганини сўраб билдик.

“10 кун олдин мол гўшти 22-23 минг сўм эди. Қўй гўшти 25 минг сўм эди. Шу бугун эса, мол гўшти 27-28 мингдан, қўй гўшти 30 минг сўмдан сотилаяпти”, деди Набижон Жўрабоев.

Тиниб-тинчимас оқсоқол ўтган ҳафтада Тошкентга, Давлат солиқ қўмитасига арз қилиб боргани, қўмита раиси Ботир Парпиевнинг қабулида бўлгани, бошқа масалалар қатори гўшт қимматлаб кетганидан шикоят қилганини ҳам айтиб берди.

"Рақобат қўмитаси гўшт нархини назорат қилмайди"

Қимматчилик сабабини сўраш учун Давлат рақобат қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси билан боғландик. Бошқарманинг исми айтилмаслиги шарти билан Озодлик саволларига жавоб берган мулозимининг айтишича, у ишлайдиган бошқарма гўшт нархига аралаша олмайди.

“Гўшт“нархи эркин шартномавий” бўлган маҳсулотларга киради. Бизнинг бошқарма давлат томонидан белгиланадиган нархларни назорат қилади. Масалан, аҳолига тарқатиладиган ун, мой, шакарнинг нархини, бундан ташқари монополист корхоналар маҳсулотлари – газ, электр қуввати, фермерларга тарқатиладиган чигит нархини, ҳар-хил хизматлар нархларини назорат қиламиз. Гўшт биз нархини назорат қиладиган маҳсулотлар орасида йўқ”, деди мулозим.

Нарх ошмади дейдими?

Демак, Рақобат қўмитаси гўшт нархини назорат қилмайди, яъни нархларга таъсир қила олмайди. Лекин мулозимнинг айтишича, бозорда сотилаётган маҳсулотлар, шу жумладан гўшт нархини кузатиб, қайд этиб боради, нархлар ҳар 10 кунда қайд этилади.

“Жиззах бозорларида бундан 10 кун олдин мол гўшти 23-25 минг, қўй гўшти 24-26 минг, товуқ гўшти 12-14 минг сўмдан сотилганини" махсус қайдномадан ўқиб берган мулозим 10 май кунги нархлар билан таништиришни бошлади ва 10 кун олдинги нархларни айнан такрорлади.

Демак, ўзгариш йўқ эканда? Озодликнинг бу саволига мулозим “Йўқ, орада нарх бир сакради, лекин яна тушди”, деб жавоб берди.

Текшириб кўрдик

Давлат рақобат қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси мулозими билан суҳбатдан сўнг жиззахлик бир қассоб билан боғландик.

Унинг айтишича, мол гўшти ҳам, қўй гўшти ҳам 27 минг сўмдан сотилаяпти. (Мулозим айтганидай мол гўшти 23-25 минг, қўй гўшти 24-26 минг эмас). Бир ҳафта олдин мол гўшти 25 минг, қўй гўшти 26 мингдан сотилган.

Қассобнинг айтишича, биринчидан, қиш ичи бўрдоқига боқилган моллар сўйилиб бўлди, иккинчидан, ем қимматлаб, чорва яйловга чиқиб кетди.

XS
SM
MD
LG