Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:20

Тожикистонда ўнлаб жомеъ масжидлари имомлари вазифаларидан бўшатилди


Тожикистонда ўнлаб жомеъ масжидларининг имомлари мамлакат Дин қўмитаси ва Исломий уламолар кенгаши ўтказган имтиҳонларидан ўта олмагани учун вазифаларидан бўшатилди.

Тожикистон Дин қўмитаси ходимининг Озодлик радиосига хабар беришича, 2017 йилда 265 жума масжид имомларининг диний ва дунёвий билимлари сатҳини аниқлаш мақсадида имтиҳон ўтказилган.

Дин қўмитаси ходими имтиҳонлар натижасини шарҳлай олмаслигини билдирди.

Яқин келажакда кичик масжидларда имомлик қилувчи яна 3 минг имомнинг ўхшаш синовлардан ўтиши кутилмоқда.

25 йил масжид имоми бӯлган ва имтиҳондан ўтмаган Панжакент тумани жомеъ масжиди имоми Олимназар Файзиевнинг Озодликка айтишича, комиссия аъзоларининг барча саволларига жавоб беришига қарамай, олий маълумотга эга эмаслиги ва масжидда замонавий таҳоратхона бўлмагани боис уни имомлик вазифасидан бўшатишган.

"Тумандаги Дин қӯмитаси бӯлими раиси менга "сиз имтиҳондан ўтмадингиз ва шу сабаб масжид имоми бўлишга ҳаққингиз йӯқ,"- деди. Шу билан у мени масжидга келиб, намозга етакчилик қилишимни тақиқлади. Масжидда замонавий таҳоратхона йўқлиги борасидаги даъволар нотўғридир. Бу даъво мени масжид имомлигидан четлаштириш учун топилган бир баҳона эди халос," - деди Олимназар Файзиев.

Аммо Панжакент тумани Дин қӯмитаси бўлими раиси Саидбек Шодиев Озодлик радиоси билан сўҳбатда Олимназар Файзиев иддаосини рад этди.

"Бу шахс комиссия берган бирорта саволга аниқ жавоб бера олмади. Билим даражаси паст даражада. Масжидда ободончилик ишлари олиб борилмаган. Таҳорат қилиш учун иссиқ сув йӯқ. Шу сабабли Файзиев имомлик вазифасидан бўшатилди,"- деди Саидбек Шодиев.

Масжид имомларини учун синовлар 2009 йилда, "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар" қонуни қабул қилинганидан буён ҳар йили ўтказилади.

Бу имтиҳонларда руҳонийларни нафақат диний билимлари, балки сиёсий қарашлари ҳам ҳисобга олинади.

Таҳлилчилар фикрича, конституция асосида Тожикистонда дин давлатдан ажралган ва ҳукуматнинг дин ишларига аралашиши қонунчиликка хилофдир.

Аммо ҳозир давлат органлари масжид имомларини тайинлаш ва уларни фаолиятини жиддий назорат қилиш билан бир қаторда, жума намози мавъизасини мавзу ва мазмунини ҳам имомларга "тушунтириб" берадилар.

Давлат органларининг бундай тавсияларни бажаришдан бош тортган Ҳожи Мирзо, Эшон Нуриддин Тӯражонзода ва Мулло Абдураҳим каби мустақил ва таниқли дин пешволари охирги йилларда Дин қўмитаси ва Исломий уламолар Кенгаши томонидан ўтказилган турли синовлар натижасида жомеъ масжиди имомлигидан четлаштирилган эди.

XS
SM
MD
LG