Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:52

Ота-онаси Россияда ишлаëтган яккабоғлик 16 яшар ўқувчи ўзини ўлдирди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидаги 7-ўрта мактабнинг 10-синф ўқувчиси 17 сентябрь куни бувисининг уйида осилган ҳолда топилди. Озодлик гаплашган маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийларига кўра¸ ҳозирда ўсмир йигитнинг ўз жонига қасд қилиш сабаблари ўрганилмоқда.

Воқеа тафсилотларидан бевосита хабардор марҳумнинг қариндошларидан бирининг Озодликка айтишича¸ воқеа туманнинг Алакўйлак қишлоғида 17 сентябрь куни эрталаб соат 7 ларда содир бўлган.

“Кеча эрталаб ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб юрган пайти ўзини осибди. Осиш учун пухта тайёргарлик кўрибди. Яхши кийимларини ечиб, чиройли қилиб тахлаб қўйган. Устига эски кийимларини кийибди. Уйида қурилиши битмаган ошхонага нарвон олиб кирибди. Уйида 20 метрча электр кабели борган экан. Ўшани чиройли қилиб, кесиб, сиртмоқ тайёрлаб, кейин ўзини осибди”, дейди яккабоғлик йигит.

Яккабоғ ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда ўқувчининг ўзини осиш сабаблари ўрганилмоқда.

“Марҳум 2002 йилнинг 19 январида туғилган. Дастлабки тахминларга кўра, бола ўзини ўзи осган. Ҳеч ким уни осмаган. Ҳозир унинг ўзини осишига сабаб бўлган версиялар ўрганилмоқда. Мактабда синфдошлари билан бирор келишмовчилик бўлдими? Ўқитувчилар уришиб, дакки бердими? Оилада уруш-жанжал бўлдими? Ҳаммаси ўрганилаяпти”, деди ҳуқуқ-тартибот идораси мулозими.

Яккабоғдаги 7-мактаб ўқитувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, ўзини осган ўспирин хулқи яхши ўқувчилардан бири бўлган.

“Ҳеч ким билан урушмасди. Ахлоқи жуда яхши эди. Ўқитувчилар ҳам унга бирор ёмон гап гапиришмаган. Синфдошлари билан жуда иноқ эди. Бугун синфдошлари ҳаммаси унинг дафн маросимида қатнашиб келишди. Ҳамма уни ҳурмат қиларди. Билмадик, нимага бу фожиа бўлди, ҳайронмиз”, деди ўқитувчилардан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

Ўзини осган боланинг қўшниларидан бири унинг ота-онаси ажрашиб кетгани, онаси Россияга ишлашга кетгани боис, болалар тоғасининг уйида яшаб келганини билдирди.

“У синглиси билан тоғасининг уйида яшарди. Тоғасининг уйида бувиси ҳам бор. Онаси бугун Россиядан ўғлининг дафн маросимига етиб келди”, деди марҳумнинг қўшниларидан бири.

Яккабоғ туман ҳуқуқ- тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, марҳум ўқувчи яшаган маҳаллада ўзини осиш воқеаси кейинги саккиз йилда уч марта содир бўлган.

“2010 йилда шу ўзини осган ўқувчи оиласига келин бўлиб тушган 1981 йилда туғилган қиз ҳам ўзини осиб қўйганди. Кейин орадан 3 йил ўтиб, уларнинг қўшнисининг қизи ҳам ўзини осиб қўйган”, деди ҳуқуқ-тартибот идораси мулозими.

Марҳумнинг қўшниларига кўра, маҳалла оқсоқоллари “ўзини осиш ҳолатининг олдини олиш мақсадида худойи” қилишни режалаштирмоқда.

“Маҳалламизда ўзини осганлар кўпайгани учун худойи қилиш бўйича топшириқ беришди. Маҳалла фаоллари “Пул йиғиб, қўй сотиб олиб, худойи қилинглар” дейишди. Эрта-индин худойи қиламиз”, деди марҳумнинг қўшниларидан бири.

Яккабоғдаги ушбу воқеа Ўзбекистонда мактаб ўқувчисининг ўзини осиши билан боғлиқ кейинги ярим йилда Озодликка маълум бешинчи ҳолатдир.

29 июнь куни Андижон шаҳридаги 2-ўрта мактабнинг 6-синф ўқувчиси ўз уйида осилган ҳолда топилди.​

18 май куни Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги 54-сонли мактабнинг 9- синф ўқувчиси ўз уйининг ертўласида осилган ҳолда топилди.

3 май куни Тошкентнинг Яшнобод туманидаги 69-сон мактаб ўқувчиси ўз уйида осилган холда топилганди.

17 апрель куни эса Самарқанд тумани 45-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси ўз уйи молхонаси устунига ўзини осгани ҳақда қўшнилари Озодликка маълум қилганди.

Президент Мирзиёев ўтган йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Жорий йил 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG