Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:03

Қизини зўрлаган шахс жазоланмаганидан норози она иккинчи марта ўз жонига қасд қилди (2-қисм)


Ушбу мақоланинг 1- қисми 30 октябрда эълон қилиниши ортидан унда ёритилган воқеа юзасидан текшириш бошлангани Озодликка маълум бўлди.

Озодлик 30 октябрь куни Қашқадарё вилоят, Косон туманида яшайдиган, 21 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган 40 яшар аёл 15 сентябрда бўйнига арқон солиб, жонига иккинчи марта қасд қилгани ҳақида журналист суриштируви ўтказиб, мақоланинг биринчи қисмини эълон қилган эди.

Унда она 14 яшар қизини зўрлаган шахс жазога тортилмагани, маҳаллада бу оилага нисбатан таҳқирловчи гап-сўзнинг кўпайгани учун ўз жонига қасд қилгани айтилган эди.

Қиз эса, туққан боласини бошқа қайтиб кўрмаганини, мактабда унга нисбатан масхара ва таҳқирлаш тинмаётганини айтган.

14 яшар қиз туққан қиз бола ўша куннинг ўзида бошқа шахсга фарзандликка бериб юборилган.

Текширув бошланди

31 октябрь куни Косон туман ички ишлар бўлимининг инспекторлари зўрлангани иддао қилинган қизни мактабдан олиб кетишган. Бу ҳақда Озодликка қизнинг ўзи айтди:

Синф раҳбаримиз нега мендан бесўроқ чиқиб кетдинг, деб бақирди.


“Учинчи соат дарсга кирган эдим, участкавойимиз билан бир аёл милиция ходими келиб Озодлик радиосига сен чиққанмисан деб сўради. Мен ҳа, дедим. Кейин мени туман прокуратурасига олиб кетишди. У ерда онам нега ўзини осгани, нега шикоят қилганимиз ҳақида тилхат ёздириб олди. Шундан кейин қайтиб келдик. Синф раҳбаримиз нега мендан бесўроқ чиқиб кетдинг, деб бақирди. Бўлмаса мени олиб кетишаётганини директорнинг икки ўринбосари кўриб турган эди”

Исмини Озодлик ошкор этмаган мактаб ўқитувчиларидан бирининг айтишича, мактаб ўқувчисини орган ходимлари психолог ёки синф раҳбари ҳамроҳлигида олиб бориши шарт бўлган, лекин уни ёлғиз олиб кетишган.

31 август куни тушдан кейин қиз яшайдиган уйга вилоят ва туман ички ишлар органларидан вакиллар келиб, қизнинг онаси ўзини осган жойни суратга туширган, қўни-қўшнилардан тушунтириш хатлари олинган.

2- қисм

15 яшар ўқувчи қиз 2018 йилнинг 10 майида Косон туғруқхонасида қиз фарзанд кўрган.

Аммо, айтишича фарзанди унга умуман кўрсатилмаган:

“Мактабимиз директори ўзим тўғирлаб бераман, деди-да, мени кечаси туғруқхонага олиб борди. Духтурлар алоҳида палатага олди, эрталаб соат беш яримларда туғдирди. Аямни дорига юборишди. Аям келганидан кейин менга жавоб бериб, уйга юборишди. Тамом, болани ҳам кўрсатишмади”.

Қизнинг холасининг айтишича, туғдириш тадбирида мактаб директори, оталикда гумонланаётган боланинг онаси ҳам иштирок этган:

Болани нима қилган бўлса ҳам, шулар қилишди.


“Мактаб директори мендан ҳам, у йигитнинг онасидан ҳам бир миллион сўмдан духтурлар учун деб пул олди. Болани нима қилган бўлса ҳам, шулар қилишди. Мактаб директори билан йигитнинг онаси бизга ҳеч кимга айтманглар, қизларинг мактабни битирсин, келин қилиб оламиз, деб ваъда беришди. Лекин, орадан кўп ўтмай, туғилган чақалоқ менинг боламдан эмас экан, келин қилмаймиз, деб сўзларидан қайтишди. Буни эшитиб, опам стрессга тушиб қолди”.

Озодликка қизнинг қариндошларининг айтишича, уларда чақалоқни ким васийликка олгани ва унинг яшаш манзили ҳақида аниқ маълумот бор.

Қизнинг отасининг айтишича, уларнинг ички ишлар бўлимига, вилоят ва туман прокуратурасига ёзган аризалари эътиборга олинмаган:

Мен бир камбағал одам бўлсам, қўлим калта, ким ҳам бизнинг дардимизга қулоқ соларди?!


“Бу воқеадан кейин мактаб ҳам аёлимга иш бермади. Сиқилиб, гап-сўзларни эшитавериб, касал бўлиб қолди. Кўчага чиқолмасак, уруғ-аймоқнинг олдига боролмасак. Прокуратура тингламаса, ички ишлар тингламаса. Хотин-қизлар қўмитаси бошлиғи ҳам тингламайди. Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор? Уларга фақат пул бўлсин. Шунча мурожаат қилдик, қизимни фоҳиша деб, уруғ-аймоғимизни ДНК қилади. 14 яшар қизча қанақасига фоҳиша бўлсин? Қўшни бола эса оппоқ эмиш. Биламиз нега ундай дейишаётганини. Унинг поччаси ҳокимнинг ўринбосари. Ҳоким эса ишни ёп дейди, тумандан жиноят чиқмасин экан. Мактаб директори эса ҳаммасининг оғзини ёпдим, керак бўлса ўзингни ботқоққа ботираман дейди. Мен бир камбағал одам бўлсам, қўлим калтада, ким ҳам бизнинг дардимизга қулоқ соларди”.

Отанинг айтишича, суриштирув бошида қўшни йигит унинг қизи билан жинсий алоқа қилганини бўйнига олган, кейин эса ўз кўрсатмасидан тонган.

Озодлик исмини ошкор қилмаётган, ўқувчи қиз ўқиётган мактаб ўқитувчиларидан бирининг айтишича, у ҳам бу воқеа холис тергов қилинишини сўраб, вилоят прокуратурасига мурожаат қилган, аммо ижобий жавоб бўлмаган:

Қизи туққанидан кейин қаттиқ стресс олиб касал бўлиб қолди.


“Аслида, шундай воқеа содир бўлишига мактаб директори айбдор. Бу аёл шу мактабда 21 йил бошланғич синфларга дарс берди. Меҳнаткаш ва ҳалол ўқитувчи бўлган. Қизи туққанидан кейин қаттиқ стресс олиб касал бўлиб қолди. Даволаниб чиққанидан кейин директор унга сенинг мактабда ўрнинг йўқ деб, иш бермади. Касаллик варақалари пулини ҳам бермади. Ўшандан буён шўрлик она стресс ҳолатидан чиқолмайди. Аввал ўзига ўт қўйди, яқинда ўзини осиб қўйди”.

Косон туман хотин-қизлар қўмитаси раҳбари ўринбосари Азиза Холмўминова бу воқеадан хабардор эканлигини айтар экан, туғилган чақалоқ қизнинг онаси розилиги билан бошқа одамга расмийлаштириб берилганини билдирди:

У йигитнинг оиласи кейин тан олмай оралари бузилиб кетди.


“Йигит ва қиз томон ўзлари келишди. Қизини туққанини ҳам, чақалоқни бериб юборганини ҳам аввал биздан яширишди. Кейин мен суриштириб, чақалоқчани топганимда ўз ихтиёри билан бир оилага фарзандликка берган экан. Васийлик бўйича ҳужжат қилиб, қарор чиққан экан, ҳаммаси қонуний қилинган экан. Кейин бу ишни прокуратура кўрди. У йигитнинг оиласи кейин тан олмай оралари бузилиб кетди. Шундан кейин қизнинг онаси шикоят қила бошлаган”.

Қизнинг онаси Озодлик билан суҳбатда чақалоқни бировга васийликка бермаганини, унинг номидан қилинган ҳужжатлар қалбаки эканлигини иддао қилди:

Бу депрессиялар, бу ғийбатлар, бу миш-мишлардан тўйиб кетдим, ҳаётдан ҳам тўйиб кетдим.


“Мактаб директори орага тушди, чунки гумонланган йигит унинг қариндоши бўлади. Улар прокуратура билмасин, милиция билмасин деди-да, ишни ёпти-ёпти қилиш учун уйимга битта рўмолга иккита нон, конфет тугиб келди. Мени тинчитиш учун улар шундай қилди. Кейин мен бу стресслардан касал бўлиб ётиб қолганимдан сўнг, бу қизнинг онаси тентак, мен тентакни қизини олиб бераманми, деб ғийбатларни бошлади. Мен даволаниб чиққанимдан кейин мактабга иш сўраб борсам, директор иш бермади. Мен ҳеч бўлмаса фаррошликни беринг десам ҳам кўнмади. Мени жамиятдан чиқариб ташлашди. Бу депрессиялар, бу ғийбатлар, бу миш-мишлардан тўйиб кетдим, ҳаётдан ҳам тўйиб кетдим. Бунинг устига 14 яшар қизимини зўрлаган жиноятчи очиқда юрганини кўриш мен учун азоб эди. Дардларимни ҳеч ким тингламагандан, шикоятларим асоссиз ёпилиб кетаверганидан сўнг ҳаётдан безиб, икки марта ўз жонимга қасд қилишга мажбур бўлдим”.

Зўрлангани иддао қилинган ўқувчи қиз ўқиётган мактаб директори (аёл), Озодлик билан суҳбатда бу воқеа хусусида ички ишлар ёки прокуратурага хабар бермаганини тан олди:

Мен буни фақат ўзимнинг бошлиғимга айтганман, органга хабар бермаганман. Менинг битта хатоим шу.


Ўқувчи қизнинг онаси бу воқеани ҳеч қаерга айтманг, бўлмаса ўзимни ўлдираман дегани учун, мен буни фақат ўзимнинг бошлиғимга айтганман, органга хабар бермаганман. Менинг битта хатоим шу. Бошқа ҳеч нарсага аралашмаганман. У қизча ҳам мактабда ўқияпти, шундай чиройли, яхши ўқийди. Ўзим ҳар доим назорат қилиб бораман. У туққан қизчани ҳам кўрмаганман, роддомда ҳам бўлмаганман”.

Косон туман прокурори Улуғбек Эргашевга Озодлик қўнғироқ қилганида аввал гаплашиб, кейин гўё эшитмаётгандай телефонни ўчириб қўйди.

Қашқадарё вилоят прокурори ўринбосари Азамат Мирзаев, Озодлик саволига жавобан, бу воқеадан яхши хабардор эканлигини айтди:

“Менга телефон рақамингиз кўринди. Ҳозир матбуот хизматимизга айтаман, йигитлар ўрганиб, сизга ўзлари батафсил информация беришади”.

Аммо вилоят прокуратурасидан кун давомида Озодликка қўнғироқ бўлмади.

Вилоят прокурори ўринбосари Азамат Мирзаев мактаб ўқитувчиларидан бирининг шикоятига 2019 йилнинг 13 июнь куни берган жавобида шундай деб ёзган:

"Аниқланишича, муқаддам ушбу мазмундаги мурожаатингиз Косон тумани прокурататураси томонидан ўрганилиб, мазкур мактаб ўқувчиси Н.Б.нинг ҳомиладор бўлганлиги юзасидан фуқаро Б.Б.га нисбатан 01.05.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128- моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини олиб боришлик учун туман ИИБ ТБга юборилган".

Бу жавобдан жиноят иши қиз туққанидан сўнг бир йил вақт ўтиб қўзғатилгани кўринади.

Бу вақтдан сўнг орадан яна олти ой ўтган бўлса-да, унинг натижалари ҳақида жабрланувчи томонга ҳеч қандай хабар берилмаган.

XS
SM
MD
LG