Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:35

Сирдарё вилоятида сўнгги бир ойда 5 ўсмир ўз жонига қасд қилди


Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос туманлари ва Ширин шаҳрида сўнгги 1 ой ичида 4 ўсмир ва 23 яшар қиз ўз жонига қасд қилди.

Бу воқеаларни тасдиқлаган ички ишлар бўлимлари мулозимларига кўра, ўз жонига қасд қилганлардан бир нафарининггина ҳаёти сақлаб қолинган, қолган тўрт нафари ўлган.

Озодликка бир-биридан мустақил манбаларнинг берган хабарларига кўра, сўнгги бир ой мобайнида Сирдарё вилояти туман ва шаҳарларида ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайган.

(Озодликка ўз жонига қасд қилган ёшларнинг исм-фамилияси маълум)

Ховос туманининг Қорақум қишлоғи маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, 13 март куни 2007 йилда туғилган, 5-синф ўқувчиси ўзини осиб ўлдирган:

“Бу бола мактабдан келиб, молхонага кириб ўзини осган. Онаси кўриб қолиб ҳушидан кетган. Опалари келиб дордан кесиб олган, пресc ипдан дор қилган экан. Бола тирик бўлган, уни кўтариб, ҚВПга олиб боришса ҳеч ким йўқ, кейин Ширин шаҳрига олиб бораётганда йўлда жони узилибди. Ўзи спортсмен бола бўлган экан. Ҳеч ким сабабини билолмаяпти. Ҳозир прокуратура бу иш билан шуғулланяпти”.

Бу хабарни Ховос туман ИИБ мулозими тасдиқлади.

Бу воқеадан икки кун ўтиб, 15 март куни Боёвут туманининг Искандар қишлоғида 18 яшар қиз ва Жўлангар қишлоғида 15 яшар бола ҳам ўз уйларида осилган ҳолда топилган.

Жорий йилнинг 3 февраль куни Боёвут туманининг Сармиш қишлоғида 23 яшар қиз ҳам ўзини осган.

Боёвут туман ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозимининг айтишича, бу ўлимларнинг ҳаммаси сирли бўлиб қолмоқда:

“Энг таажжубли жойи шундаки, ёшлар ўз жонига қасд қилиш сабабларини англатувчи бирор хат ҳам қолдирмаган. Ҳақиқатан ҳам, бу йил осди-осди хабарлар кўпайиб кетди. Яна бир таажжубли жойи, бу қишлоқлар турли туманларга қарашли бўлгани билан, бир-бирига яқин, бир ҳудудда жойлашган”.

Озодликка 22 март куни ана шу ҳудудга яқин бўлган Ширин шаҳрида ҳам 5-синфда ўқиётган қиз ўз жонига қасд қилгани ҳақида ширинликлардан бири хабар қилди.

“Болалар баҳорги каникулга чиқди. Ана шу чиқишдан олдин мактабда 18 март куни “чаепитие” деган урфлари бор экан. Ана шу тадбирга ҳар бир ўқувчи нимадир пишириб олиб бориши керак экан. 12 яшар бу қизча ҳеч нарса олиб боролмаганми ёки ота-онасининг қўли калталик қилганми, мактабда унга бирор нарса дейишганми, ишқилиб, мактабдан чиқиб ўзини каналга ташлаган. Яхшиям, кундуз куни бўлгани учун уни қутқариб олишди, тирик қолди”.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшлар, айниқса мактаб ўқувчиларининг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани кузатилади.

Озодлик сўнгги ойларда ўз жонига қасд қилган ўнлаб мактаб-коллеж ўқувчилари ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Самарқанд вилоятида қилган чиқишида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида гапирган ва бундай ҳолатларни олдини олишга чақирган эди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 19 февралдаги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари жорий этилган эди.

XS
SM
MD
LG