Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:37

Сардоба тошқини бўйича икки шахс қамоққа олингани расман тасдиқланди


Сардоба тошқини оқибатида Қозоғистонда ҳам ўнлаб уйлар вайрон бўлди.
Сардоба тошқини оқибатида Қозоғистонда ҳам ўнлаб уйлар вайрон бўлди.

Сардоба сув омборида 1 май куни юзага чиққан техноген фалокат оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 1 киши бедарак йўқолган.

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та аҳоли пунктидан 90 мингга яқин киши эвакуация қилинди.​

"Сардоба иши" бўйича тергов лойиҳадаги хатоликлар¸ қурилиш меъёрларининг бузилиши¸ эксплуатация жараёнидаги хатоликлар ва табиий офат каби тўртта версия кўриб чиқмоқда.

Бош прокуратурага кўра, бу иш доирасида 170 шахс сўроқ қилинган, улардан икки нафари қамоққа олинган.

Қозоғистон томонининг ҳисоб-китобича, Сардоба омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида жами 276 квадрат километр майдонни сув босган, бундан 76 квадрат километри Қозоғистонда жойлашган.

Туркистон вилояти Махтаарал туманидаги 14 та қишлоқдан жами 31 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинган.

Ушбу Сардоба тошқинига оид жонли блогнинг 3-қисми. Блогнинг олдинги қисмлари қуйида:

Сардоба тошқини бўйича икки шахс қамоққа олингани расман тасдиқланди

Сардоба сув омборида 1 май куни юзага чиққан техноген фалокат юзасидан жиноят иши доирасида икки киши қамоққа олинди.

Бу ҳақда хабар қилган Бош прокуратура баёнотида қамоққа олинганлар шахси очиқланмаган:

"Ҳозирда жиноят иши бўйича 2 нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилди. Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди".

Бош прокуратуранинг ушбу баёноти Озодликнинг "Сардоба иши"га оид икки шахс қамоққа олингани ҳақидаги мақоласидан сўнг эълон қилинди.

Кеча Озодлик "Сардоба иши" бўйича тергов ҳаракатларини олиб бораётган Давлат хавфсизлик хизмати 19 май куни "Сардоба" сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоевнинг ҳибсга олингани ҳақида ​хабар берган эди.

Сардоба тошқини бўйича қамоққа олинган иккинчи шахснинг кимлиги ҳозирча Озодликка номаълум.

16 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ëрилиши бўйича очилган жиноят иши ҳақида жамоатчиликка илк бор маълумот берган Бош прокуратура¸ 16 майга қадар бу иш доирасида 170 шахснинг сўроқ қилинганини билдирган эди.

Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, "Сардоба иши" бўйича тергов 4 та версияни ўрганмоқда:

  • Лойиҳадаги хатоликлар;
  • Қурилиш меъёрларининг бузилиши;
  • Эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;
  • Табиий офат;

Сардобадаги техноген фалокат ортидан берилган 3 май кунги илк расмий баëнотида Бош прокуратура воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 258-моддаси 2-қисми "б" банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганини билдирган эди.

Сардоба тошқинида эвакуация қилинганлардан 23 мингга яқини ҳали уйларига қайтарилгани йўқ

Сардоба сув омбори ўпирилиши ортидан юзага келган тошқин сабаб Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан хавфсиз ҳудудга кўчирилган 89 минг 450 кишидан. 22 минг 870 нафари ҳалигача эвакуация қилинган ҳудудда қолмоқда. Эвакуация қилинганларнинг 74,4 фоизи, яъни 66 минг 580 нафари ўз уйларига қайтган.

Бу ҳақда 21 май куни ўтган брифингда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.

Унга кўра, Сирдарё вилоятида олиб борилган қидирув ишлари натижасида 5 160 бош тирик ва 5 940 бош нобуд бўлган катта ва кичик шохли чорва топилди.

Тирик қолган чорва молларининг 5 154 таси таниб олиш далолатномаси ва тилхатлар асосида ўз эгаларига қайтарилди.

Бундан ташқари 3 448 нафар фуқаронинг фуқаролик паспортлари йўқлиги аниқланган. Шундан 1116 нафар фуқаронинг паспортлари топилиб, ўз эгаларига қайтарилган. 1349 нафар фуқарога янги биометрик паспортлар расмийлаштирилган, 983 нафар шахсга фуқаролик паспортлари расмийлаштирилиш жараёнида.

Сардоба сув омбори директори ҳибсга олинди

Сардоба сув омборида 1 май куни юзага чиққан техноген фалокат юзасидан жиноят иши терговини олиб бораëтган Давлат хавфсизлик хизмати 19 май куни “Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоевни ҳибсга олди.

"Сардобада фожиа қурбонлари картинасини кўрдим"

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Сирдарёга бориб, Сардоба тошқинидан азият чеккан аҳоли билан учрашиб, суҳбатда бўлиб қайтди.

21 май куни Ташанов Озодлик билан суҳбатда Сирдарёга сафари таассуротлари билан ўртоқлашди:

- У ерда фожиа қурбонларининг картинаси бор дейиш мумкин. Мен кўрган одамларнинг юзида бир томондан саросимани, бир томондан хотиржамликни ҳам, иккинчи томондан ташвиш, учинчи томондан маълум кўникмаларини ҳам кўриш мумкин.

Ташанов суҳбат давомида тошқин натижасида уйлари бузилган одамларнинг бугунги аҳволи, ҳукумат ажратган ёрдам ва хайриялар билан боғлиқ манзара, ҳовли ўрнига қурилаётган уйларни сирдарёликлар хоҳлаяптими-йўқ, каби мавзуларга ҳам тўхталди.

Буни қуйидаги аудио суҳбат орқали тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Абдураҳмон Ташанов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:23 0:00
Бевосита линк


“Бошимизга тушган мусибатдан виждонсизлар фойдаланиб қоляпти”

Сардоба фожиасидан сўнг 24 та аҳоли пунктидан қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди. Улар Сирдарё ва Жиззах вилояти туманларига жойлаштирилди.

Озодлик 9 май куни Жиззах шаҳридан вақтинча бошпана топган сардобаликлардан бири билан суҳбатлашди.

Асли касби ўқитувчи бўлган бу аёлнинг OzodMikrofonга айтишича, у оиласи билан Сардоба туманининг “Юртдош” маҳалласида (собиқ иттифоқ давридаги 1-совхоз) яшаган, 1 май кунги тошқинда зўрға жонларини сақлаб қолган.

“Бошимизга тушган мусибатдан виждонсизлар фойдаланиб қоляпти”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:00 0:00
Бевосита линк

Cардоба туманида эҳсон тарқатилиши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:57 0:00

Тожикистон Ўзбекистонга 50 вагондан зиёд инсонпарварлик ёрдами йўллади

Тожикистон ҳукумати Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида юз берган тошқин оқибатларини бартараф қилиш учун гуманитар ёрдам сифатида қурилиш материаллари жўнатди.

Тожик матбуоти хабарига кўра, мулозимлар ҳамроҳлигида олиб кетилаётган гуманитар юкнинг умумий ҳажми 51 вагондан иборат.

Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманидаги станциядан йўлга чиққан юкнинг цемент, шифер, бўёқ ва михлардан иборатлиги айтилмоқда.

"Сардоба иши" бўйича терговда 4 та версия ўрганилмоқда

Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, "Сардоба иши" бўйича тергов 4 та версияни ўрганмоқда:

  • Лойиҳадаги хатоликлар;
  • Қурилиш меъёрларининг бузилиши;
  • Эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;
  • Табиий офат;

Баёнотда айтилишича, 16 майга қадар бу иш доирасида 170 киши сўроқ қилинган. Тергов, зарурат бўлса, 7 ойгача давом этиши мумкин.

Сардобадаги уйларни тендерсиз танлаб олинган 3 та ширкат қуриши маълум қилинди

Сардоба омбори ўпирилиши ортидан сув тошқинида бошпанасини йўқотганларга мўлжалланган янги кўпқаватли уйларни қуриб берадиган 3 ширкат номи эълон қилинди.

Халқаро пресс-клубда 16 май куни ўтган брифингда Қурилиш вазири биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятовнинг маълум қилишича, вақт тиғизлиги боис, Тошкентда уйлар қурган ширкатларнинг ишлари кўриб чиқилган ва улар орасидан 3 таси, тендерсиз танлаб олинган.

Булардан бири Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Оқтепа мавзеси ва Сергели туманидаги монолит уйларни қурган Whitecity Construction ширкатидир. Айтилишича, айни ширкат Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасида ўқитувчилар учун ҳам уйлар қурган. Ширкат ходимларининг асосий қисми турклардан иборатлиги ҳам айтилди.

Иккинчиси Тошкентдаги экоуйларни қурган Ecopark ширкати.

Учинчиси Тошкент шаҳрининг Қорасув даҳасида Миллий гвардия ходимлари учун уйлар қурган Gold Step Invest ширкатидир.

Расмий маълумотга кўра, Сирдарё вилоятидаги зарар етган хонадонларни таъмирлашга 123 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, 3 та янги уй-жойлар даҳаси қурилиши, унинг ичида 1 та мактаб, 66 та уй, 1 та боғча ва битта қишлоқ оилавий поликлиникаси бўлиши айтилган.

Сардоба тошқинида уйини йўқотганларга қуриладиган янги уй лойиҳалари, Қурилиш вазирлиги эълон қилган суратлар
Сардоба тошқинида уйини йўқотганларга қуриладиган янги уй лойиҳалари, Қурилиш вазирлиги эълон қилган суратлар

Сардоба тошқинида Қозоғистон томонига сув ўтмайди, деб маълумот берилгани расман тан олинди

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов 1 май куни Сардоба сув омборида тўғон ўпирилгач, Қозоғистон сўровига жавобан, сув омборида "тезроқ сув ёпилади ва сув хавфсиз йўналтирилади", деб айтилганини тан олган.

Gazeta.uz нашрига берган интервьюсида мулозимнинг маълум қилишича, 1 май куни Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громовга шундай маълумот берилган.

Мулозим бу маълумот вазиятга оид дастлабки баҳолашга таяниб, берилганини таъкидлаган.

"Дастлабки баҳолашларда ҳеч ким кутмаган эди, сув омборидан катта миқдорда сув чиқиб кетишини. Шунга асосланиб [Қозоғистон томонига] ҳақиқатан ҳам бу сув омборида тезроқ сув ёпилади ва сув хавфсиз йўналтирилади, деб айтилган. Лекин, афсуски, ҳеч қандай техноген аварияни олдиндан башорат қилиш қийин. Бунинг талафотини, бунинг кўламини зудлик билан айта олиш жуда қийин. Биринчи он, биринчи лаҳзаларида, улар [Қозоғистон] томонидан сўров бўлганида, ҳақиқатан ҳам шунақа жавоб бўлган. Барча чоралар кўриляпти, сизларга сув етиб бормаслиги учун ёки талафот етказмаслик учун, деган хабарлар бўлган", деган Воҳиджон Аҳмаджонов.

Шунингдек, "Сардобадаги тошқин сувларини Арнасой кўлига йўналтириш чораси самара бермадими?" деган саволга жавобан Воҳиджон Аҳмаджонов, сув тошқинини мавжуд Жанубий Мирзачўл магистрал зовурига (коллектор) йўналтиришда бу каналнинг ўтказиш қобилияти етмаганини айтган:

"Бу атрофда сув чиқариб юборадиган асосий артерия, бу — Жанубий Мирзачўл магистрал зовури (коллектор). Шу орқали сув чиқиб кетади. Умуман, рельеф шунақа тузилганки, энг пастлик жойига ўша коллектор қурилган. Барча сув шу йўналишдан чиқиб кетади. Лекин ҳар бир каналнинг ўз ўтказиш қобилияти бўлади. Ўша канал 120 метр кубли. Шу куни [1 май куни] 300 кубгача сув ўтган. Демак, ўзига нисбатан 2−3 баравар [кўп]".

Шу билан бирга, Воҳиджон Аҳмаджонов Ўзбекистон томони Қозоғистонга минимал даражада зарар етказиш бўйича барча чораларни кўрганини айтиб ўтган.

1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши натижасида сув тошқини рўй берган. Тошқин Қозоғистоннинг Мактаарал туманидаги 5 қишлоқни босган, 845 та уй сув остида қолганди.

Сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов

Сардоба тошқинидан кўрилган зарар миқдори очиқланди

Сардоба сув омборидаги техноген офат оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 25та аҳоли пунктида 4351та хонадон зарар кўрган.

Хонадонлардан 2570таси яроқсиз ҳолга келган, 1781тасига қисман зарар етган.

Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати​ Телеграм каналида эълон қилди.

Маълумотга кўра, 31,719та уй ҳайвонлари йўқолган бўлиб, уларнинг 13,685таси йирик ва майда шохли қорамол, отлар, 17,752таси парранда ва 282таси бошқа ҳайвонлардир. Тирик ҳолда топилган 5160та йирик ва майда шохли қорамол, отларнинг 5143таси ўз эгаларига қайтарилган, эгаси аниқланмаган 17та жонивор сақловга олинган.

Тошқин оқибатида аҳолининг 10 мингдан зиёд ҳужжати йўқотилган, уларнинг 3970таси фуқаролик паспорти ва 2840таси туғилганлик ҳақида гувоҳномалардир.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба куни сув тошқинидан зарар кўрган Сардобага сафар қилиб, у ердаги аҳоли вакиллари билан учрашганди.

У сардобаликларни ҳовлилари бузилмаслиги ва давлат уйларни текинга таъмирлаб ва қуриб беришига ваъда берган.

Ҳарбийлар тошқиндан вайрон бўлган уйларни тозаламоқда
Ҳарбийлар тошқиндан вайрон бўлган уйларни тозаламоқда

Мирзиёев Сардоба фожиаси дунёнинг етакчи экспертлари иштирокида текширилишини айтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омборидаги техноген офатни таҳлил этиш учун Франция, Туркия ва Россия каби мамлакатлардан дунёнинг етакчи экспертлари таклиф этилиши ва улар воқеага холисона баҳо беришини маълум қилди.

15 май куни офатдан талафот кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида бўлган Мирзиёев бундай ҳодиса такрорланмаслиги учун текширув муҳимлигини таъкидлади.

"Сирдарё ва Жиззах вилоятларини ривожлантириш нуқтайи назаридан – чорвага ҳам, экинларга ҳам, парранда, балиқларга ҳам сув керак. Бу тўғри қарор бўлган. Лекин шундай талафот бўлди, [энди] келажакда ҳар бир қилган ишимизни янада пишиқроқ, пухтароқ, мукаммал қилишимиз керак", – деди Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёев Сардоба сув омборида.
Мирзиёев Сардоба сув омборида.

Сардоба тошқинидан зарар кўрганларга 40 миллион сўмдан улашилмоқда

Сардоба тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда, дея маълумот тарқатди президент матбуот хизмати 15 май куни.

Аввалроқ президент Ш.Мирзиёев жума куни Сирдарё вилоятига йўл олиб, Сардоба туманида қурилажак кўп қаватли уйлар тамал тошини қўйиб бергани ҳақида хабар қилгандик.

Шундан сўнг давлат раҳбари мазкур туманда маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашган. Учрашувда у аҳолининг турмуш шароитларини тиклаш асосий вазифа экани, зарарланган уйларни таъмирлаш ҳамда янги турар жойлар қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилганини таъкидлаган.

"Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади", деган Ш. Мирзиёев.

Мирзиёев яна Сардобага бориб, янги турар-жойлар тамал тошини қўйди

Сардоба тошқинидан роппа-роса икки ҳафта ўтиб, 15 май куни яна Сирдарё вилоятига сафар қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев дастлаб Сардоба туманида бўлиб, ҳудудда олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ш.Мирзиёев бу ерда таъмирланаётган хонадонларни кириб кўрган, одамлар билан суҳбатлашган.

Қайд этилишича, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3 та массивда жами 2 минг 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Хусусан, Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласида 1480 хонадондан иборат 37 та уй барпо этилиши кутилмоқда. 15 май куни президент Ш.Мирзиёев мазкур турар жойларнинг пойдеворига тамал тоши қўйди.

Президент Ш.Мирзиёев Сардоба тўғони ўпирилган 1 май куни ҳам Сирдарёга сафар қилган эди.
Президент Ш.Мирзиёев Сардоба тўғони ўпирилган 1 май куни ҳам Сирдарёга сафар қилган эди.

БМТ Бош котиби сув тошқинидан зарар кўрганларга ҳамдардлик билдирди

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши ортидан жабрланган ўзбекистонликлар ва қозоғистонликларга ҳамдардлик билдирди.

“Сирдарё вилоятида тўғон ёрилгани тўғрисидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилганимни таъкидлашни истардим. Унинг оқибатидаги сув тошқинидан жабрланган Ўзбекистон халқи ва қўшни Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдираман. Муҳтож одамларга ёрдам кўрсатишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари яқиндан ўзаро ҳамкорлик қилаётганини юксак баҳолайман”, дейилади президент расмий сайтида 12 май куни эълон қилинган мактуб матнида.

БМТ Бош котиби Глобал миқёсда ўт очишни тўхтатиш бўйича даъватни қўллаб-қувватлагани учун президент Шавкат Мирзиеёвга миннатдорчилик билдирган.

“Шу муносабат билан Сиз раҳбарлик қилаётган мамлакатнинг минтақада жабр кўрган давлатларга, шу жумладан Афғонистон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун ғоят миннатдорман”, дейилади мактубда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

“Ергеодезкадастр” тошқиндан зарар кўрганларга кадастр ҳужжатларини бепул тайёрлаб беради

“Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси Сардоба сув омборида 1 май куни рўй берган сув тошқини оқибатида талафот кўрган аҳоли уйларининг кадастр ҳужжатларини бепул тайёрлаб беради. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Мазкур тошқин натижасида 10 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 20 та аҳоли яшаш пунктида жами 5969 та турар ва 277 та нотурар жой объектлари зарарлангани айтилмоқда.

“Ергеодезкадастр” маълумотига кўра, 5969 та турар жойнинг 4587 таси якка тартибдаги уй-жой, 1337 таси кўп қаватли уй ва 45 таси қурилиши тугалланмаган уй-жойлардир.

Қўмита зарарланган турар ва нотурар жойларнинг кадастр ҳужжатлари ва кадастр паспортларидан 3599 тасига дубликат ҳужжатлари кўчмас мулк эгалари ва фойдаланувчиларига тақдим этиш учун тайёрланганини маълум қилган.

Тошқин шикаст етказган уйлардан бири.
Тошқин шикаст етказган уйлардан бири.

Тошқиндан уйсизга айланганлар ерининг олиб қўйилиб¸ “дом”га чиқарилишидан хавотирда

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ëрилиши оқибатида уйсиз қолган сирдарëликлар Озодликка ҳар бири 8 сотихдан 30 сотихгача бўлган ҳовлилар ўрнига ҳашар йўли билан қуриладиган арзон домларга чиқишни истамаслиги¸ ҳукумат бузилган уйи ўрнида янгисини тиклаб бериш масъулиятини зиммасига олиши лозимлигини айтмоқда.​

Президентнинг 1 май кунги фармойишида тошқин оқибатида уйсиз қолган аҳоли учун зудлик билан 50 та кўпқаватли уй “давлат ҳисобидан беғараз” қуриб берилиши айтилган.

Сув омборида тўғон ёрилиши оқибатида 5000 га яқин ҳовли сув ичида қолди.

Тошқиндан сўнг бир неча кун ëққан ëмғир эса¸ айрим жойларда икки метргача сув ичида қолган уйларнинг қулашини янада тезлаштирди.

ФВВ: 71 мингдан ортиқ одам Оқолтин, Мирзаобод ва Сардобадаги уйларига қайтди

Сирдарёда 71 минг 307 киши Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманидаги хонадонларига қайтиб борди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (ФВВ) хабар қилишича, Миллий гвардия ходимлари томонидан 343 вайрон бўлган уй тозаланган.

Хабарга кўра, ҳозирча зарар кўрган уйлар, ижтимоий бинолар қайта тикланмоқда, яроқсиз уйлар бузилиб, жойларда муҳандислик-коммуникация тармоқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда.

Прокуратура эса 6 минг 107 та кадастр ҳужжатидан 3 минг 338 тасини қайта тиклаган. Тошқинда йўқолган 3 минг 517 паспортдан 482 та, 61 та ҳайдовчилик гувоҳномадан 11 таси қайта тикланган.

Сардоба одамлар қайтмоқда, 9 май, 2020
Сардоба одамлар қайтмоқда, 9 май, 2020

Сардоба тошқинидан жабрланганларга Қирғизистон гуманитар ёрдам жўнатди

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан жабрланган ўзбекистонликларга Қирғизистон 11 май куни инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

Қирғизистон Бош вазири Муҳаммедқалий Абилғазиев имзолаган буйруққа асосан, Ўзбекистонга 1 000 тонна цемент, 100 тонна гурунч ва 10 тонна ўсимлик ёғи юборилади.

Ўзбекистон ҳам Қирғизистонга бир ой олдин 17 вагон гуманитар ёрдам жўнатган эди.
Ўзбекистон ҳам Қирғизистонга бир ой олдин 17 вагон гуманитар ёрдам жўнатган эди.

Бош вазирлар Сардоба тошқинида уйини йўқотган қозоғистонликларга янги уй қурилишини бошлаб берди

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 10 май куни Туркистон вилояти Мақтаарал туманидаги Мирзакент посёлкаси аҳолиси билан учрашди.

У ерда Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин билан бирга Сардоба тошқинида уйини йўқотган қозоғистонликларга қуриладиган янги уйга пойдевор қўйишни бошлаб берди.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан юзага келган сув тошқинида қўшни Қозоғистоннинг Мақтаарал туманида жами 845 та уй сув остида қолган, 30 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.

Сардоба фалокати сабабларини ўрганиш комиссиясига буюртмачи Сангинов кирди¸ бош пудратчи Раматов йўқ

Ўзбекистон президенти Мирзиëев 5 май кунги селектор йиғилишида «Сардоба айбдорлари ким бўлишидан қатъи назар¸ жазосини олади»¸ дея ваъда берди.

7 май куни Сардобадаги фалокат сабабларини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси таркиби эълон қилинди.

1 май куни президент Мирзиëев фармойиши билан тасдиқлаган бу комиссия таркибига Сардоба лойиҳасининг бош қурувчиси¸ Ўзгидроэнерго АЖ раиси¸ сенатор Абдуғани Сангинов ҳам киритилган.

2017 йилнинг 17 май куни Сардоба сув омборини айнан буюртмачи Абдуғани Сангинов ва бош пудратчи Очилбой Раматовлар президент Мирзиëевга тақдим этган эди.

Сардоба сув омборини президентга топширганининг эртасига Сангинов Мирзиëев фармони билан янги ташкил этилган Ўзгидроэнерго АЖ раиси¸ яъни Ўзбекистондаги гидроиншоотлар вазири этиб тайинланган эди.

Шу йил охирида уни Мирзиëев "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи" унвони билан тақдирлаган эди.

Жараëндан хабардор мулозимларнинг Озодликка айтишича¸ бу мукофот ҳам Сангиновга¸ айнан 2021 йили қуриб битирилиши кўзда тутилган Сардоба сув омборини белгиланганидан 4 йил олдин топширгани учун берилган.

Жамоатчилик Сардобани қурган асосий амалдорнинг ундаги фалокат сабабларини ўрганиш комиссиясига киритилгани хабаридан кейин бу фожиа ҳақиқий айбдорлари жазоланишига шубҳа билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG