Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:03

Москвада "Нолегал-2018" муҳожир ови давом этмоқда (ВИДЕО)


Перово полиция бўлимида муҳожирлар кун давомида мана шу аҳволда туришга мажбур
Перово полиция бўлимида муҳожирлар кун давомида мана шу аҳволда туришга мажбур

Ҳуқуқ фаоллари Москва полицияси меҳнат муҳожирларини ноқонуний тарзда текшириш ва полиция бўлимида оммавий тарзда ушлаб туриш амалиётини давом этаётганини билдирди.

Озодликка тақдим этилган видеода Москва полиция участкаларидан бирида 28 нафар мигрант, жумладан Ўзбекистон гражданларининг ушлаб турилганини кўриш мумкин.

2018 йилнинг 17 сентябрида эрталабки 8 ларда тожикистонлик 35 ёшли Фируз Ҳайдаров Москванинг “Перово” метро бекатига кириб кетаётганида полиция ходимлари томонидан тўхтатилди.

- Улар ёнимга келди ва бир неча киши мени қуршаб олди. Мен улардан ҳужжатларини ва тўхтатилганимни асослаб беришларини сўрадим. Мен паспортимни олсам, улар “Қўлимга бер!”, деб тортиб олди ва четга ўтиб бошқа ўтаётган мигрантлардан ҳужжатларини текширишни давом эттирди. Паспортни қайтариб бериш талабларимни инкор этганидан кейин мен видеога олишни бошладим. Селедкин исмли бошқа участковой ёнимга келиб, қўлимни қайириб, кишан солиб, жиноятчига ўхшатиб “Газелда” бўлимга олиб келди, дейди Озодликка тафсилотларни гапирган Фируз Ҳайдаров.

Уч соат ушлаб турилганидан кейин муҳожир йигит “Перово” полиция бўлимидан протокол тузилмасдан чиқариб юборилган, аммо бироздан кейин унинг қўл телефонига гўёки УСБ – Ички хавфсизлик бошқармасидан ходим қўнғироқ қилиб, бўлимга қайтиб киришни сўраган.

“Кейин билсам, улар мени УСБдан деб алдаб қайтариб олишибди”, дея давом этади Фируз:

- Мени ичкарига хонага олиб киришди. Шу пайт бояги участковой келиб, мени ушлаб қолаётгани тўғрисида протоколни кўрсатди. Улар мени 18.8 модда асосида “регистрациянинг муддати ўтиб кетган” деб маъмурий иш очибди. Ўша ерда мендан ташқари яна 50 тача одам бор эди. Дежурнийнинг ўзи одам кўплигидан норозилик билдираётганди. Аслида менинг регистрациям жойида, у ерга мен анча йилдан буён қайдга тураман, ўнлаб маротаба текширишган – ҳаммаси жойида бўлган. Менимча, участковой Селёдкин мени айблаш учун сохта қоғозни кўрсатиб, маъмурий протокол тузиб келди, деди тожикистонлик муҳожир.

Фируз Ҳайдаров ноқонуний ушлаб турилгани ва сохта протокол асосида 5 минг рубллик жаримага тортилганидан шикоят қилиб юрист Валентина Чупикка мурожаат этган.

“Перово” полиция бўлимига борган ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Озодлик билан суҳбатда у ерда ўнлаб мигрант ноқонуний равишда ушлаб турилганига гувоҳ бўлганини айтади.

- Ман 13:32 дан кечки соат 10-гача бўлимда бўлдим. Келганимда полицияда ўтирган 28 кишини мен видеога олдим. Мигрантларнинг иккинчи партиясини полицияга соат 17:15-ларда олиб келишди. Ўша ерда туриб ва олиб келганларни ҳисоблаб, мен бўлимга кўз олдимда жами 92 кишини олиб келишганига гувоҳ бўлдим. Улардан 11 киши, жумладан Фируз, маъмурий жавобгарликка тортилди. Мен кетганимдан кейин болалар яна 20 кишини олиб келишганини айтишди. Ярим кун давомида 112 нафар фақат “славян кўринишига эга бўлмаганлар” ушланган! – деди Валентина Чупик.

Ҳуқуқ фаоли “Перово” бўлимида ушлаб турилган 28 муҳожирнинг Ўзбекистон, Тожикистон ва қирғизистонлик эканини расман тасдиқлатишга муваффақ бўлган.

Полиция раҳбарияти ҳуқуқ фаолига меҳнат муҳожирларининг “Нолегал-2018” амалиёти доирасида полиция бўлимига олиб келинаётганини билдирган.

- Қизиғи, улар бу амалиёт тўғрисидаги буйруқ оғзаки эканини айтишди. Биз “Нолегал-2018” масаласида юборган расмий сўровномамизга ҳеч қанақа бундай амалиёт ўтказилмаётгани борасида расмий жавоб олганмиз¸ деди Валентина Чупик.

Айни дамда, Россия аммавий ахборот воситалари мамлакатнинг бошқа минтақаларида ҳам “Нолегал-2018” амалиёти олиб борилаётгани ҳақида хабар бермоқда.

Россия ИИБси маълумотларига биноан, 2017 йил давомида Россияда 15 миллион мигрант расман қайдга турган ва улардан 4 миллиони Ўзбекистон гражданларидир.

XS
SM
MD
LG