Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:24

Петербург полицияси меҳнат муҳожирларини қўрқувда ушлашнинг яна бир воситасини топди


Петербургнинг миграция полицияси ишга рухсатнома расмийлаштираётган меҳнат муҳожирларини уларга қарши “компромат маълумотлар топилса” патентларини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантирмоқда.

Кузатувчилар мигрантларга берилаётган “мажбурият хатлари” бу шаҳарда авж олган миграция қонунбузарликлари ҳолатлари билан боғлиқ эканини айтмоқда.

Санкт-Петербургнинг “Красное Село” Кўптармоқли миграция марказида ишга рухсатнома – патент расмийлаштираётган кўплаб муҳожирларга берилаётган ғаройиб ҳужжат нусхаси Интернетда тарқалди.

Фейсбукнинг “Мы, мигранти” жамоасига Петербургдан юборилган «Мажбурият» деб аталган бу ҳужжат қуйидагилар битилган:

“Мен, _______ граждани (Фамилияси, исми-шарифи), Минтақадаги яшаш жойим __________________, телефоним_______, мен ҳақимда компромат маълумотлар олинса патентим бекор қилиниши борасида ОГОҲЛАНТИРИЛДИМ.

Россия ИИВсининг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича Ташқи миграция масалалари бош бошқармасининг биринчи талаби биланоқ меҳнат миграция масалалари бўйича бўлимга КЕЛИШНИ ВАЪДА БЕРАМАН.

Сана_________, имзо.”

Ушбу тилхатга қўл қўймаган айрим муҳожирларга патент берилмаслиги айтилмоқда
Ушбу тилхатга қўл қўймаган айрим муҳожирларга патент берилмаслиги айтилмоқда

Озодлик билан суҳбатлашган ҳужжат эгаси, тожикистонлик Қурбонали Сатторов муҳожирлардан нима учун бундай тилхат олинаётгани сабабларини билмаётганини айтди:

- Улар менга бўш қоғозни беришди ва тўлдиришимни сўрашди. “Қачон келганинг, нима учун келганинг, қандай келганингни ёз”, дейишди – мен ёздим. Чегараларни қачон ва қаерда кесиб ўтганимни, паспортимдаги ҳар бир урилган муҳр нима учун ва қачон урилганини тушунтириб ёзишимни айтишди. Ман тушунмадим – нима учун беришди бу қоғозни.... Улар бу қоғозни ҳаммадан ҳам сўрашаётгани йўқ. Рўйхат билан чақириб, айримларга беришаяпти. Ўшани ёзиб, жума куни соат 2-ларга бориб топширишим керак,кейин улар текшириб, патент берар экан.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатда хорижлик шахс уйидан қачон чиққани, Ўзбекистон-Қозоғистон чегараларини кесиб ўтган саналарни ёзиб қолдирганини кўриш мумкин.

Бундай ҳужжат билан танишиб чиққан яна бир мигрант – Муҳаммад бу ҳужжатни тўлдирмаганларга патент берилмаслигини айтишди, дейди:

- Менинг танишимга поезд ва автомобилда келганларнинг ҳаммаси мана шу қоғозни тўлдиришлари керак, тўлдирмаган кетаверсин – патент олмайди, дейишибди. Одамлар у ерда норози бўлишди, имзоламаганни чиқариб юборишибди. Петербургдаги ФМСда беспредел илгаридан бор! Мен бу масалада юристлар билан суҳбатлашдим ва улар бундай қонун йўқлигини айтишмоқда. Мен 144- хонадан “отказ” олганларни ҳам кўрдим. Бу ҳужжатга имзо қўйиб одам ўзига ҳукм чиқараяпти экан-да!

Суҳбатдош бу тилхат ҳеч қайси бир расмий ҳужжат билан тасдиқланмагани ва аслида маҳаллий миграция бўлими раҳбариятининг шахсий истаги эканини тахмин қилди.

“Красное Село” кўптармоқли марказ ходимларидан бири Озодлик сўровига бундай ҳужжатлар берилаётгани борасида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди.

"Петербургда қалбаки ҳужжатлар билан юрганлар сони кўпайиб кетган!"

Ҳужжат билан танишиб чиққан ҳуқуқ фаоллари тилхат билан Санкт-Петербург прокуратураси, Инсон ҳақлари бўйича вакил ва шаҳар полицияси бошқармаси бошлиғи ҳузурига “давлат хизматини бажаришдан бош тортиш” асосида арз қилишни тавсия қилмоқда.

Бироқ, Петербургдаги жамоатчилик фаоли Бек Тоҳировга кўра, мазкур тилхат шаҳарда миграция ва ишга рухсатнома бериш масаласида юзага келган тартибсизлик туфайли қалбаки ҳужжатларни тарқатувчилар сони кўпайгани билан боғлиқ эканини тахмин қилди.

- Бу ҳужжат асосан кирди-чиқди қилиб, патент олаётганлардан олинаяпти. Ҳозир чаласавод фалшивка патент қиладиганлар кўпайиб кетган. Улар ФМС олдида туриб олади: одамларни алдаб, “улгурмай қолдингиз, деб қалбаки Беларус ва Қозоғистон муҳрларини босиб, “кирди-чиқди” қилиб бераяпти. Бу тилхат бир йил ишлаб қўйганлардан олинаяпти экан. 3,5 минг рублли регистрацияни принтердан чиқариб, қалбакилаштиришаяпти 500 рублга. Улар жуда кўпайиб кетди! – дейди Бек.

Ўзбекистонлик фаол айрим фирибгарлар маҳаллий полиция ходимлари билан ҳамкорликда ишлаётганини аллақачон ҳамма билишини иддао қилди.

- Патентни базадан текширсангиз чиқаверади – чеклар ва регистрация эса қалбаки! Бу ерда ФМС олдидагилар ҳаммаси “криша” қилиб олган. Бир кунда 100 минггача пул топишади. Бу иш учун улар полициячиларга доля бераяпти – биргаликда қилмаса турмайди булар бу ерда! Ўша ерга борсангиз аёл-қизлар, ёш боллар “Документ қиламиз!”, деб юрибди. Оддий одамлар ўзи борса кира олмайди ичкарига – 2-3 минглик навбатга қўймайди. Булар сунъий равишда катта навбатларни яратишмоқда, дея тахмин қилди Бек Тоҳиров.

Озодлик 2017 йилнинг апрелида Санкт-Петербург метрополитенида содир бўлган портлаш оқибатида шаҳар ва вилоятда қаттиқ текширувлар бошлангани ва миграция қоидалари янада кучайтирилгани бир неча бор хабар қилган.

XS
SM
MD
LG