Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:31

Россия сайлов арафасида муҳожирлар устидан назоратни кучайтирди


Россия ҳуқуқ-тартибот органлари Россия президенти сайлови арафасида кучайтирилган режимда ишлайди. Москва шаҳар Полиция бошқармаси хабарига кўра, хавфсизлик идоралари иш режими, айниқса, 16-19 март кунлари кучайтирилади.

2018 йилнинг 18 март куни Россия президенти сайлови бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан полиция ва бошқа хавфсизлик хизматлари Россиянинг барча минтақаларида сайлов олдидан кучайтирилган режимга ўтказилади.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Минтақавий хавфсизлик департаменти хабар қилишича, шу йилнинг 28 февралидан 8 мартигача профилактика текшируви ўтказилган ва сайлов ўтказилажак жойларда қўшимча хавфсизлик чоралари жорий этилган.

"Режага кўра, 2018 йилнинг 6 мартидан мавжуд куч ва воситалар ҳисоб-китоби олиб борилади, жамоатчилик тартиби ва хавфсизлигини таъминловчи нарядларнинг сайлов ўтказиладиган жойларда жойлашуви ўрганилади. 2018 йилнинг 16 мартидан 19 мартигача Москва полицияси кучайтирилган хизмат режимига ўтказилади. Уларга ёрдам тариқасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа кучлар ходимлари жалб қилинади", дейилади хабарномада.

Полиция ходимлари, айниқса, сайлов участкалари жойлашган бинолар атрофлари қаттиқ қўриқланиши, сайлов участкалари эса, металлодетекторлар билан жиҳозланишини эълон қилди.

Шу кунларда, шунингдек, ГИБДД (Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси) бўлинмалари ҳам кучайтирилган иш режимига ўтади ва “шубҳали” кўрингани учун тўхтатиладиган машиналар сони ошиши ҳам кутилмоқда.

Ҳозирга келиб, Россиянинг барча сайлов участкалари кинологлар, МЧС ва Росгвардия ходимлари томонидан кўздан кечирилгани тўғрисида ҳисобот берилди.

Таъкидлаш жойизки, режим кучайтирилган кунлари полициячилар истаган шахсни ёки транспорт воситасини истаган жойда ҳужжат текшириш учун тўхтатиши мумкин.

Назоратнинг кучайгани, айниқса, меҳнат муҳожирлари ва хорижликлар кўп сонли бўлган Москвадек мегаполисларда сезилмоқда. Кузатувчилар меҳнат муҳожирларидан Россияга кириб келиш ёки қайдга турган манзили борасида қўшимча саволларни бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Полиция бозор, вокзал, метро, қурилиш иншоотлари ва бошқа шу каби меҳнат муҳожирлари кўп бўлган жамоат жойлари ва объектларини қаттиқ назоратга олди. Айни пайтда, Озодлик таҳририятига Москва ва Москва вилоятида полиция назорати кучайтирилгани тўғрисида хабарлар келмоқда.

Самарқандлик Саидаҳмад 11 март куни Москва вилоятининг Раменское туманидаги текширув пайтида қўлга олинганлардан бири.

- Раменскоеда бекатда тушган эдик хотиним билан, келди иккита полициячи. Хотинимнинг ҳамма ҳужжатлари жойида эди. Меникини кўриб, “Регистрация қани?”, деди. Мен унга “ФМС 1 ойлик мана шу регистрация қоғозини берган”, десам, ишонмасдан отделениега олиб борди. 3 соатча ушлаб ўтирди, қўйвормасдан. Дежурний сўроқ қилди, қаердан эканимни сўради, "ҳужжатинг йўқ", деб баҳона қилди. Улар мендан нимадир умид қилди – мен бир тийин бермайман, дедим. Ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Валентиновнага телефон қилган эдим “Чиқарвор, чиқарвор!”, деб қўйиб юборишди, деди Саидаҳмад.

Сайлов олдидан Россия шаҳарларида автомобил назорати ҳам кучайтирилди
Сайлов олдидан Россия шаҳарларида автомобил назорати ҳам кучайтирилди

​Хоразмлик Шоҳназар Варшавское шоссесидаги қурилишлардан бирида ишлайди.

Бундан бир неча кун олдин у ҳам ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан полиция рейди пайтида ушланиб, бўлимга олиб келинганини сўзлаб берди.

- Магазиндан чиқдим, қуёш чиқиб турган экан. Қуёшда туриб, коктейлдан бир қултум ичдим. Полиция келиб, “Сен қонунни буздинг! Депорт қиламиз”, деб олиб кетди. Тўғриси, минг рубл бердим – кўз олдимда протоколни йиртиб ташлади. Мен кетмасимдан яна ўн кишини олиб келди отделга. Ҳаммани олиб келиб ётибди! Нормал муносабат йўқ, қўпол гапиради, дейди ўзбек муҳожири.

Айни пайтда, шу кунларда рейдлар Москванинг бошқа туманларида ҳам олиб борилаётгани тўғрисида хабарлар тарқамоқда. Москва вилоятининг Серпухов шаҳрида полиция бўлимига бир кунда келтирилган 40 марказий осиёлик муҳожирдан 13 нафарига нисбатан маъмурий протокол тузилди.

Москвадаги "TONG JAHONI" Халқаро нотижорат ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилоти ижрочи директори Валентина Чупик Озодлик билан суҳбатда полиция одамларнинг асосан ирқий ва миллий мансублиги асосида текширув олиб бораётганини таъкидлаб, деди:

- Асосан ташқи кўриниши славян бўлмаган йигитлар ушланмоқда. Уларнинг ҳужжатлари жойидами-йўқми – ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ. Охирги икки кун бироз тинч ўтди. Айниқса, 6 март куни жуда кўпчиликни ушлашган эди. Билишимча, 16 март кунидан яна рейдлар кучаяди. Иложи борича полиция ходимлари билан тортишиб ўтирмасдан, ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан менга қўнғироқ қилиб, қайси полиция бўлимида эканингиз, исми-шарифингиз, гражданлигингиз тўғрисида хабар беринг, деди Валентина Валентиновна.

Ҳуқуқ фаоли меҳнат муҳожирларига ўзлари ҳақида маълумотларни олдиндан СМС тарзида ҳозирлаб қўйиш ва полиция қўлига тушгандан кейин дарҳол +79031489636, +79268347602 рақамлари бўйича қўнғироқ қилишни тавсия қилди.

Россия президенти сайлови 2018 йилнинг 18 март куни бўлиб ўтади. Сайлов кампанияси 2017 йилнинг 18 декабрь куни бошланган.

XS
SM
MD
LG