Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Қирғизистон Қозоғистонга сув беришни тўхтатди. Бу Ўзбекистон учун хавотирлими?


Қирғизистоннинг Киров сув омбори.
Қирғизистоннинг Киров сув омбори.

Қирғизистон Киров сув омборида сув сатҳи кескин пасайгани ортидан Қозоғистонга сув етказиб беришни тўхтатди.

22 август ҳолатига кўра, сув омборида 14,5 миллион куб метр сув қолган. Бу ўтган йилга нисбатан 92,1 миллион куб метрга кам.

Қозоғистон Қирғизистондан сувни асосан уч дарё – Чу, Талас ва Норин орқали олади.

Қирғизистонга қўшни давлатнинг барча жанубий вилоятлари, жумладан, Жамбил вилояти 80 фоизга Қирғизистон ҳудудидан келадиган сувга қарам.

Киров сув омборидан оқим тўхташи оқибатида Қозоғистоннинг Жамбил вилояти қишлоқ хўжалик ерлари бутунлай сувсиз қолиши мумкин.

Қозоғистоннинг Байзак, Жамбил, Кордай, Меркен, Т. Рисқулов ва Талас вилоятларида суғориш суви етишмаслиги ва аномал иссиқ туфайли аллақачон фавқулодда ҳолат режими жорий этилган.

Ўзбекистонда сувсизлик. Яқинлашаётган фалокатнинг ечими борми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:47:14 0:00

Бу ҳақда Жамбил вилояти ҳокимлиги сайтида 22 август куни хабар берилди.

Хабарда айтилишича, ҳозирда жабрланган фермерларнинг зарарини қоплаш учун Қозоғистон ҳукуматининг фавқулодда захирасидан маблағ ажратиш масаласи ҳал қилинмоқда.

Суғориш суви етишмаслиги ва об-ҳавонинг ҳаддан исиб кетиши сабабли бу йил ҳосилнинг нобуд бўлиши ўтган йилга нисбатан 25-30 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Қозоғистонда сув истеъмолининг 65 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Мамлакат ер усти сувларининг қарийб ярми (44, 9 куб километр) қўшни давлатлар - Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қирғизистондан келади.

Таҳлилчиларга кўра, Киров сув омборида сув камайиши Ўзбекистон учун хавотирли эмас.

Ўзбекистон экин ерлари Қирғизистондаги Тўқтоғул омборидан сув ичади.

Қирғизистон, Талас. Киров сув омбори.
Қирғизистон, Талас. Киров сув омбори.

Тўқтоғулда ҳам сув камайган

Қирғизистон Экология вазирлиги маълумотига кўра, Тўқтоғулда ҳам сув сатҳи 9 миллиард куб метрга тушган.

Аммо, Қирғизистон ҳозирча Норин дарёсидан Ўзбекистонга оқадиган сувни тўхтатгани йўқ.

Ўтган ва олдинги йилларда сув омборида 10-11 миллиард куб метр, тўрт-беш йил аввал эса 13-14 миллиард куб метрга яқин сув тўпланган эди.

Агар сув сатҳи критик 5 ярим миллиард куб метрдан пасаядиган бўлса Ўзбекистон Норин дарёси сувисиз қолиши мумкин.

Тўқтоғулдаги сув сатҳининг пасайиши, бир томондан, мамлакатда электр энергияси истеъмоли ортиб бораётгани билан изоҳланса, иккинчи томондан, дарёларда сув етишмаслиги таъсири ўлароқ кўрилмоқда.

Қирғизистон учун Норин дарёсида сув озлиги электр энергияси етишмовчилигини келтириб чиқарган.

Қирғизистон Энергетика вазири Талайбек Ибраевнинг айтишича, мамлакатда бу йил 3 млрд квт соат электр энергия етишмайди, 2026 йилга келиб бу кўрсатгич 5-6 миллиард квт соатга етиши мумкин.

Мутахассисларга кўра, Киров омборида ҳам Тўқтоғул омборида ҳам сув охирги уч-тўрт йилда кўнгилдагидек йиғилмаяпти.

Тўқтоғул сув омбори.
Тўқтоғул сув омбори.

Қирғизистонга электр қайғу

Тўқтоғул сув омборидаги жиддий вазият йил бошидан буён Қирғизистон жамоатчилигини ташвишлантириб келади.

Тўқтоғул сув омбори 19 миллиард куб метр сувга мўлжалланган. 2007-2008 йилларда ундаги даража 7-8 миллиард куб метргача пасайиб кетганди, шу сабабли аҳолини электр энергияси билан таъминлашда чекловлар жорий этилди.

Энергетикларнинг огоҳлантиришича, агар сув сатҳи 6-6, 5 миллиард куб метрга тушса, мамлакат бош ГЭСи авария ҳолатига тушиб қолади.

Амалиёт шуни кўрсатадики, жорий йилнинг март ойида сув омборидаги сув ҳажми ана шу кескин даражага яқин эди.

Тўқтоғул СССР замонида қўриқ ерларни ўзлаштириб, кенг пахтазор ва ғаллазорларга айлантириш режасига мослаб барпо этилган, ундаги сув асосан Ўзбекистон ва Қозоғистон далаларини суғоришга мўлжалланган.

Қурғоқчилик

Ўтмишда Қирғизистон ўз сув заҳираларининг 80 фоизини Ўзбекистон ва Қозоғистонга берар эди.

Ўзбекистоннинг асосан пахтачиликка ихтисослашган Сирдарё ва Жиззах вилоятлари айнан Қирғизистон ва Тожикистондан оқиб келадиган сувга қарам.

Расмий статистикага қаралса, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун чучук сувнинг 67 фоизи сарфланади.

Бир пайтлар дунёдаги тўртинчи йирик кўл бўлган Орол денгизининг қуриши ҳам Ўзбекистондаги пахта монокултураси оқибати сифатида кўрилади.

Сувсизликнинг яна бир омили иқлим ўзгариши.

Тожикистон ва Қирғизистон тоғларидаги музликлар ҳам иқлим исиётгани сабабли жадал эримоқда.

Расмийлар аллақачон қатор музликлар кичрайгани ё чекинганини айтишган.

Келаси ярим аср давомида бу жараён тезлашиши мумкин, демоқда мутахассислар.

Совет иттифоқи парчаланиши ортидан Марказий Осиё минтақасида сув ва энергия манбаларини геосиёсий восита сифатида қўллаш ва ёки қўшниларга таъсир воситаси сифатида ишлатишга уринишлар кузатилди.

Ўтмишда Қирғизистон ва Тожикистоннинг гидроиншоот лойиҳаларига қаршилик қилган президент Ислом Каримов минтақада эҳтимолий "сув урушлари"дан огоҳлантирганди.

Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистон қўшниларнинг бу лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.

2022 йилнинг 17 ноябрида Қирғизистон парламенти Ўзбекистон чегарасидаги Кампиробод сув омборини ҳамкорликда бошқариш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди.

Шартномага асосан Кампиробод сув омбори эгаллаган 4485 гектар ер Ўзбекистон ҳудуди сифатида тан олинган. Қирғизистон ҳукумати бунинг эвазига Ўзбекистондан 19 минг гектар ер олинганини билдирган.

Ўзбек расмийлари Кампиробод суви Фарғона водийсининг қишлоқ хўжалик ерларини суғоришда ҳаётий аҳамиятга эга эканини айтишган ва ўзбек томони Қирғизистонга кўп ер бериб юборгани ҳақидаги танқидларни рад этганлар.

Форум

XS
SM
MD
LG