Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:50

Ўзбекистонда сувсизлик. Яқинлашаётган фалокатнинг ечими борми?


Бойсунлик боғбон Баҳром Бозоров сув тақчиллигидан боғини сув ташиб суғормоқда
Бойсунлик боғбон Баҳром Бозоров сув тақчиллигидан боғини сув ташиб суғормоқда

Ўзбекистон ва минтақада сув танқислиги ва саҳролашиш иқлим ўзгаришининг глобал таъсиридан аввал ҳам жиддий муаммо эди.

Иқлим ўзгариши, мутахассисларга кўра, вазиятни янада оғирлаштирган.

Ўзбекистон расмийлари муаммони, асосан иқлим ўзгариши билан тушунтиришади. Худди мамлакатни тобора кўпроқ қоплаб бораётган чанг ва туз бўронлари билан бўлгани каби.

Аммо совет давридан қолган ирригация тизимларининг янгиланмагани, етарли инвестиция ва сўнгги технологиялар жорий қилинмаётгани ҳам муаммонинг бир қисми.

Оддий деҳқонлар сув тақсимотидаги коррупция ва адолатсизликлардан ҳам нолишади.

Мамлакатда ичимлик суви ҳам жиддий муаммолигича қолмоқда. Жаҳон банки 2017 йилда берган рақамларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, "Ўзсувтаъминот" ўтган йил берган маълумотга кўра эса, аҳолининг учдан бир қисми тоза ичимлик сувидан маҳрум қолмоқда.

Жаҳон банки шаҳарларда ичимлик суви билан узлуксиз ёки 24 соат таъминланган хонадонлар бештадан биттага ҳам етмаслигини айтган.

БМТ Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш ташкилоти 2022 йилда эълон қилган баёнотида 2050 йилга келиб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилиши мумкинлиги айтилган.

Жаҳон табиий ресурслар институти (World Resources Institute) ва Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти эса 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат номини эълон қилди.

Ўзбекистон ҳам бу давлатлар орасида.

Ўзбекистондаги асосий икки дарё - Сирдарё ва Амударёнинг манбаси бўлган Марказий Осиёнинг баланд тоғларидаги музликлар ҳар йили бир фоизга қисқараётгани айтилади.

Марказий Осиёда энг катта ҳудудга эга бўлган ва энг кўп пахта етиштирадиган Ўзбекистонда суғорадиган ва ичимлик сув йилдан-йилга танқис бўлиб бораётгани мамлакатнинг иқтисодий ҳолати ва аҳолининг ижтимоий ҳаётига салбий таъсир қилиб бораётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон сув томирлари асосан Сирдарё ва Амударёга уланган. Водийдан тортиб Қорақалпоғистонгача шу дарёлардан сув ичади.

Озодлик олган маълумотларга кўра, айни пайтда, боғларни, ғўзани суғориш, буғдойдан бўшаган ерларга такрорий экин экиш учун жуда қаттиқ сув танқислиги кузатилмоқда.

Хўш, нега сўнгги йилларда сув танқислиги ортиб бормоқда? Бунга ким айбдор, табиатми? Ёки бор сувдан рационал фойдалана олмаётган, сувни ҳаддан ташқари исроф қилаётган инсон факторими?

Сув йўқ.
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:35 0:00

Сурхондарё вилоят, Бойсун туманидан бўлган боғбон Баҳром Бозоровнинг бир ярим гектардаги узумзорини бу йил қишда совуқ урган, айни пайтда эса тагидан қайта кўкариб чиққан. Аммо янги униб чиққан ниҳоллар чанқаб қуриб қолмоқда:

"Бир ярим гектарга тойфи узум экканман.Ўнинчи йил бўляпти. Бу йил совуқ қаттиқ бўлиб уриб кетди. Жанжаллашиб бир марта сув олганимдан кейин тагидан кўкариб чиқди. Энди бошқа сув беришмаяпти. Шунча меҳнат, шунча боғ увол бўлиш хавфи остида турибди. Ҳозир ниҳолларни челак билан сув ташиб қуйиб сақлаб турибмиз".

Боғбон ўнлаб туп олмаси ҳам сувсизликдан кичкина бўлиб қолиб кетгани ҳақида куюнади.

Бойсунда Баҳром бобо каби юзлаб гектар боғи сувсизликдан қуриб қолаётган боғбонлар кўп. Раҳим бобо Мамараҳимовнинг ўн нафар ўғли бор. Ота фарзандларининг бирортасини Россияга ишлагани юбормаган. Энди, сувсизликдан боғ қуриса, болаларни мардикорликка юборишдан бошқа чораси қолмаслигини айтади:

"Ҳозир юз гектарлик боғимизнинг 50 фоизи кўкаришдан тўхтаган. Президентимиз икки гапининг бирида экология, "яшил макон" деб гапиряпти. Экаяпмиз, қурияпти. Туман мутасаддилари сув бермаяпти".

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида сув танқислиги, айниқса, жанубий ва ғарбий вилоятларда кўпроқ кузатиляпти.

Озодлик турли вилоятлардан ўнлаб фермер билан гаплашди.

Гарчи сув танқислиги бўғзига пичоқдек қадалиб турган бўлса ҳам, фермерлар очиқ гапиришга қўрқишларини айтиб, исм-шарифларини ошкор этмасликни сўрашди.

Уларнинг айтишларича, президент сайлови арафасида ҳар қандай танқидий фикр учун жазолаш механизми қайта ишга тушган.

Сурхондарёлик фермерларнинг айтишича, яқинда Денов тумани ҳокимининг ўринбосари Алишер Алимардонов мажлисга келмаган фермерларнинг сувини ёпиш билан таҳдид қилган.

Исми сир қолишини илтимос қилган фермерлардан бирининг айтишича, ҳокимият сувни фермерларга босим ўтказиш учун қурол сифатида фойдаланмоқда:

“Фермерлар жуда қийналяпти. Сув ниҳоятда танқис. Сув олиш азоб бўлиб кетди. Сув коррупция бўлди. Туманлар ўн кундан навбат билан сув олади. Мисол учун, Денов тумани 50 куб сув олиши керак, лекин булар буни 30 кубга қисқартиради ва сув бошқа йўқ, дейди. Ҳосили куйиб кетаётган деҳқон, бориб долясини бериб, сув олишга мажбур бўлади. Ҳамма ёқ коррупция!”

Фермернинг айтишича, агар ғўза бу жазирама иссиқда уч кун сувдан қолса бор шонасини ҳам ташлаб юборади, ҳосилнинг ярми йўқ бўлади. Сувни бермаслик билан таҳдид қилиш коррупцияни тез ва оқибатсиз қўллашнинг энг самарали усулига айланган.

Озодлик суҳбатлашган жуда кўп фермер, сув тақсимотидаги адолатсизликлар ҳақида гапирди.

Исми сир қолишини сўраган андижонлик фермернинг айтишича, муаммонинг илдизи сув тақсимотининг советча услубда қолаётганида:

"Ҳозир ҳамма иш эски замоннинг қолдиғи, эски тушунча билан кетяпти. Оддийгина сув тақсимоти йўқ. Бир ҳафтлаб сувни очиб олиб, исроф қилаётганлар ҳам бор, сувга зор бўлиб турганлар ҳам бор. Ким зўравон бўлса, ким жанжалкаш бўлса, кимнинг раҳбарлардан таниш-билиши бўлса ана ўшлар сувни оляпти, қолганлар зор бўлиб уришиб юрибди".

Қорақалпоғистонлик фермерларнинг айтишича, бугунги кунда сув масаласида вазият жуда оғир.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг идааосича, “катталарнинг шолиси” шундоқ ҳам оғир бўлиб турган ҳолатни янада оғирлаштирмоқда:

“2022 йил декабр ойидан гуручнинг баҳоси бозорда 3-4 каррага ошди ва шоли экишни "Тошкентдаги катталар" монополия қилиб олиб Амударёнинг сувга қулай жойлари – Сурхондарё вилоятнинг Музработ, Бухоро вилоятининг Жондор, Олот, Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманларида қўриқ ерларни ўзлаштириб бировнинг номига кластер ёки фермер очиб шоли экишни бошладилар.

Бугунги кунда шундоқ ҳам кам бўлган сувни халққа бермасдан Қорақалпоғистоннинг Тахтакўприк ва Бузатов туманларида катталар шоли экишган.

Ўзбекистон Бош Вазирига Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг 24-февралдаги ёзилган хатида Беруний туманида шоли экиш кўзда тутилмаган, бироқ Олтинсой овулида сувсиз 22 йил экилмай турган эгасиз 2000 гектарни хам "Тошкентдаги катталар" шоли экиш мақсадида тўқайдаги ўн мингдан ортиқ дарахтларни нобуд қилиб, тўқай ичидан 2 км канал қазиб, шолини сув билан таъминлаб келяптилар.

Натижада бу туманларда сунъий сув танқислиги вужудга келмоқда”.

Қурғоқчилик хавфи кучайиб бораётгани ҳақида Ўзбекистон раҳбарлари бонг ураётган бир пайтда, Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида 20 минг гектарга шоли экилди:

Қорақалпоғистонлик фермернинг иддаосича, сув танқислиги билан “Тошкентдаги катталар”нинг иши йўқ. Лекин айни пайтда, ўз ерига 10-15 гектар қонуний шоли эккан фермерларнинг ерлари кечаси номаълум шахслар томонидан бузиб ташланди. Яъни, фермер айтганидек, бойларга сув бору, фермерга эса шимилдириқ.

Фермерларга етарли сув берилмаётгани, сув тақсимланишида аниқ бир механизм йўқлиги, ирригация тизимларининг эскириб ишдан чиққанлиги бир масала.

Иккинчи масала эса бор сувдан оқилона фойдаланиб уни тежаб ишлатиш.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қурғоқчилик пайтида сувни тежашда илғор технологияларидан фойдаланиш зарурати ҳақида бир неча қарор ҳам чиқарган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, президентнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республика бўйича 89,8 минг гектарда томчилатиб, 16,2 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш тизимлари жорий қилинди.

Фермерлар эса улар сотиб олишга мажбур қилинган томчилатиб суғориш ускуналари қимматлиги ва сифатсизлигидан шкиоят қилади.

Жиззах вилоятидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, “Сангзор текстил” МЧЖ кластер корхонаси фермерларга мажбурлаб ўтказган томчилатиб суғориш ускуналари сифатсиз бўлгани боис ишлатилмай ётганини айтади:

"Томчилатиб суғоришни кластер қилиб берди, лекин дабдала. Ускуналарнинг 50-60 фоизи "брак". Биринчидан, ҳовузга тўшайдиган мембрамаси яхши эмас. Шлангалари ҳам бир йил ишлатилгандан кейин ёрилиб, синиб кетяпти. Гектарига фермерга кредит оформит қилиб 25 миллион сўмдан олиб бўлган. Сифатли нарса қўйса бўлади, фермер ишлатади. Лекин ҳаммаси сифатсиз".

Томчилатиб суғориш ускунасининг бир гектар учун нархи 25 миллион сўм. Шунинг 8 миллион сўмини ҳукумат субсидия қилади.

Озодлик ўтган йили декабр ойида Қашқадарё вилоят, Касби тумани фермерлари уларга брак томчилатиб суғориш ускуналарини катта кредитлар эвазига мажбурлаб олдирилганини ёзган эди.

Ўзбекистондаги суғориладиган ерларга сув таъминоти ўзи шундай ҳам йилдан-йилга оғирлашиб бораётган бир пайтда, янги бир муаммо – Толибон ҳукуматининг Амударёда Қўштепа каналини қазишни бошлаб юборгани ўртага чиқмоқда.

Шу пайтгача бу ҳақда жим турган президент Шавкат Мирзиёев 30 май кунги сайловолди чиқишида Қўштепа канали масаласини илк бор тилга олди.

Президент канал қурилиши оқибатида Ўзбекистонга келадиган сув ҳажми 15 фоизга камайиши ва бу қурғоқчиликни янада оғирлаштириши кутилаётганини айтди:

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев журналистлар билан ўтказган матбуот анжуманида Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали ҳақида Газета.уз мухбири саволига жавоб берар экан, бу масаладан президент ҳам “қаттиқ ташвишда” деди.

Вазир Ўзбекистон делегацияси шу йилнинг 22 мартида Кобулга боргани ва Толибон ҳукумати расмийларига Қўштепа канали қурилишидан ташвиш билдирганини айтди.

Ўзбек делегацияси каналнинг қурилиши Ўзбекистонда сув танқислигини янада кучайтириши мумкинлигини таъкидлаган.

Толибон эса Афғонистондаги озиқ-овқат муаммосини ҳал қилиш учун сув зарур эканлигини ва канал қурилиши тўхтатилмаслигини маълум қилган.

Шавкат Хамроев шундан сўнг канал қурилишидаги хато ва камчиликларни тугатиш мақсадида Ўзбекистон Толибонга канални ҳамкорликда қуриш таклифини киритганини айтди.

Ҳамроев, икки давлат ўртасида сувдан оқилона фойдаланиш учун ишчи гуруҳ тузишга келишилгани ва бу борада музокаралар давом этаётганини билдирди.

Агар Қўштепа канали қуриб битказилса, Амударёнинг учдан бир қисм сувини олади. Бу Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикаси қишлоқ хўжалигига катта зарар етказишини мутахассислар башорат қилмоқда.

Ўзбекистонда экин майдонларини суғорадиган сувга бўлган танқислик йилдан-йилга ортиб боради.

Сўнгги ўттиз йил ичида Ўзбекистон аҳолиси ҳам қарийб икки бараварга кўпайди. Аҳолининг томорқаларини суғорадиган оқова сувга ҳам, ичимлик сувга ҳам талаби икки бараварга ошди.

Аммо, томорқаларни суғориш ҳам, ичимлик сув муаммоси ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда.

Қашқадарё вилояти Косон туман Обиҳаёт МФЙдан Озодликка мурожаат қилган аҳолининг арзига кўра, 700 хўжалик томорқасига сув ололмаяпти.

"Томорқамизга сув йўқ, дарахтларимиз қуриб, тамом бўлди. Олдимиздан канал оқиб ўтади, лекин сув бермайди", дейди қишлоқ аёлларидан бири.

Косон тумани аҳолиси ичимлик сувини ташиб ичади. Маҳаллаларга сув қувурлари тортилмаган.

Сув Талимаржон – Муборак сув ишлаб чиқариш филиали -Ровот 1-сонли сув қуйиш шохобчасидан катта-кичик юк автомобилларида ташилади. Бир машина сувнинг нархи сиғими ва масофасига қараб 135 минг сўмдан 350 минг сўмгача. Ҳатто мактабларга ҳам сув қувурлари тортилмаган.

Машиналарда сотиб олинган сув мактаб ва хонадонларда қурилган бетон ҳовузларга қуйилади.

Бетон ҳовуз ҳар бир ҳовлидаги ҳаёт манбаи. Бу ҳовузга қуйилган сув бир-икки ҳафта давомида ичимлик сув сифатида истеъмол қилинади. Унинг сифати, қанча туриши ва саломатликка қандай зиёни бор-йўқлигини косонликлар суриштириб ҳам ўтирмайди. Ҳовузда сув тугаб қолса дўконларда ҳар бири ўн минг сўм турадиган 20 литрли мана бу сувларни сотиб олишга мажбур бўлишади.

Қўшни Сурхондарё вилоятининг туманларида ҳам шу аҳвол.

Ангор туманининг Навшаҳар маҳалласида истиқомат қилувчи Эркин Гаппаровнинг айтишича, ҳар бир хонадон ўзига бетон ҳовузлар қуриб олган. Имконияти борлар эса 3 миллион сўм сарфлаб ер ости сувини тортиб оладиган насос ўрнатиб олган.

Аммо топганини озиқ-овқатга сарфлаб кун кўраётган кам таъминланган аҳолининг бундай насос ўрнатишга қурби етмайди.

Жиззах вилояти, Дўстлик тумани
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:28 0:00

Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани маркази аҳолиси ҳам ҳар йили ёз чилласида сувсиз қолади. Бу йил ҳам шундай бўлди. Аслида уларда қувурлардан доим оқиб турадиган сувнинг ўзи йўқ. Кунига икки марта бериларди. Энди эса аҳоли машиналарда келиб туман сув таъминот идораси олдида оқиб турадиган биттагина жўмракка навбат кутиб сув олади.

Озодликнинг Sizdan Telegram каналига бу каби ўнлаб шикоят келган. Юборилган видео ва расмлардан одамлар эшакларда, автомобилларда сув ташиётгани акс этган. Умумий манзарада эса, Ўзбекистоннинг кўп вилоятларида ичимлик сув муаммоси ҳамон долзарб эканлиги кўринади.

Ўзбекистон президенти озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини ҳал қилиш учун фермерларнинг буғдойдан бўшаган ерларидан ишсиз аҳолига такрорий экиш учун ер ажратиб бериш ҳақида топшириқ берган эди.

Аксарият туманларда ер ажратиб бериляпти, лекин экинни суғоришга сув йўқ. Бор сув ҳам айни пайтда пахтага олиняпти.

Озодлик Ўзбекистонда суғорадиган ва ичимлик суви муаммосини қандай ҳал қилиш мумкин, деган савол билан Сув хўжалиги вазирлигидан бирор мутахассис тавсия қилишини сўраб вазирлик матбуот хизматига мактуб ёзди. Аммо жавоб олмади.

Ўзбекистондаги сув ресурслари чекланаётгани ва бу муаммодан қандай чиқиш йўллари ҳақида биолог олим Бахтиёр Абдуғафур Фейсбукдаги саҳифасида ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

Олим сувни тежашнинг экологик мақбул ва арзон биотехнология усулини тавсия қилади.

“Тупроқ бактериялари кўплаб биомолекулаларни ҳосил қилади. Улар орасида экзополисахарид деган тоифаси бор. Бир хусусияти сувни яхши ушлайди. Тупроққа солинса намини узоқ муддат сақлаб туради. Бизнинг тупроқларда намлик кўп сақланмайди. Анча йиллардан бери шу биомолекуланинг хусусиятларини ўрганамиз, лойиҳалар бажарганмиз. Шу модданинг 1 грамми 120 грамм атрофида сувни бириктириб олади. “Қўлга тушган” сув 2-3 ой давомида тупроқда сақланади. Бу муддатда ўсимлик бемалол ривожланади. Таклиф этаётган усулимиз учун суғориш керак эмас. Юқорида ёзилганидек, куз, қиш ва эрта баҳорнинг ёмғир-суви етади”.

Олимнинг фикрича, шу биомолекула ва биотехнология ёрдамида ҳавога кўтарилаётган чанг заррасини “зарарсизлантириш” мумкин..

Учинчи томондан, бу турдаги биомолекулалар тупроқ шўрини кесади.

Бахтиёр Абдуғафурга кўра, яқинлашаётган фалокатнинг ечими бор. Фақат унга тўғри ёндошув керак.

Форум

XS
SM
MD
LG