Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:51

"Президентга аталган" гўнглар ёки яна бир кўзбўямачилик


Самарқанд вилоятида йўл четидаги гўнг ортилган тракторлар кимни кутмоқда?
Самарқанд вилоятида йўл четидаги гўнг ортилган тракторлар кимни кутмоқда?

Самарқанд вилоятига Жиззахдан кириб келаверишдаги йўл ёқасида 11 январь куни гўнг ортилган трактор ва "Камаз"ларнинг саф тортгани кузатилди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган маҳаллий фермерлар ва ҳайдовчилар ўша куни ҳокимликдан "каттакон келиши"га трассага гўнг олиб чиқиш ҳақида топшириқ олганликларини айтишди.

Самарқанд вилоятида гўнг ортилган тракторлар йўл четига қўйиб қўйилди.
Самарқанд вилоятида гўнг ортилган тракторлар йўл четига қўйиб қўйилди.

Исми очиқланмаслигини истаган жомбойлик трактор ҳайдовчисига кўра, туман ҳокимлигидан уларга қандайдир "каттакон" келади, деб айтишган:

"11 январь куни эрталаб 8 да қандайдир каттакон келаркан, деб ҳаммамиз трассага гўнг олиб чиқдик. Соат 16 гача тушлик қилмасдан оч ўтирдик. Ҳеч ким келмади. Кимга кераги бор бунақа спектаклни?", - дейди трактор ҳайдовчиси.

Бу ҳолат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига сафари билан бир кунга тўғри келган.

Лекин Мирзиёев шу куннинг ўзида Жиззахдан Тошкентга қайтган эди.

Исми очиқланмаслигини сўраган жомбойлик фермер гўнг ортилган прицеплар йўл бўйига "президент кўрсин" учун олиб чиқилган бўлиши мумкинлигини айтади.

"Президент кўзини шамғалат қилиш учун қилинадиган шоу бу. Шу куни Мирзиёев Жиззахга борди, бизга ҳам келиб қолиши мумкин, деган гап бўлди. Шунга ерлар вақтида ўғитланяпти, деган тасаввур яратиш учун Жиззах томондан кираверишда йўлни четига гўнг ортилган трактор прицеплари қўйиб қўйилди. 60га яқин прицеп ўша куни ўша ерда турди. Ҳайдовчиларнинг қанча юмуши қолиб, кечгача ўша ерда ўтиришди, - дейди фермер.

Хоразмда Мирзиëев ташрифига сохта парниклар қурилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:28 0:00

Самарқанд вилояти ҳокимининг матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи Манучеҳр Мирзаев Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон президентининг Самарқандга келиши ҳақида умуман гап бўлмаганини айтди.

"Йўл четига гўнг қўйилганидан хабаримиз йўқ. Ким буйруқ берганини ҳам билмаймиз. Ўша куни президентимизнинг Самарқандга келиши ҳақида ҳам умуман гап бўлмаган. Ҳокимимиз саломатлиги билан боғлиқ таътилда эдилар", - деди Мирзаев.

Биринчи марта эмас

Озодлик билан суҳбатда бўлган фермерлар Ўзбекистонда йўл бўйига гўнг ортилган прицеплар ёки қопларни қўйиш билан ўғитлаш ишлари рисоладагидай бораётганини "катталар"га кўз-кўз қилиш анъанаси аввалдан борлигини айтишади.

Сурхондарёнинг Денов туманидан бўлган фермер Эшқувват Норбоев бу ҳақда Озодликка бундай деди:

"Асосий йўл ёқалаб гўнг уюмлари ёки дала четига қатор-қатор қопларни тизиб қўйишади. Кўзбўямачилик учун. Тошкентдан қайсидир вазир ёки президент келармиш, деб.

Бу ишлар сира ақлга сиғмайди. Биринчидан, шунча ишчи сарсон бўлади. Шунча одамни овора қилиб қилинган меҳнат, вақт зое кетди. Ерга гўнгни солиш керак, нима кераги бор шамғалат қилишни?", - дейди сурхондарёлик фермер .

Икки йил аввал Озодлик Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида шунга ўхшаш воқеа ҳақида хабар берган эди.

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида йўл четида гўнг ортилган тракторлар "президент келишини кутмоқда"
Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида йўл четида гўнг ортилган тракторлар "президент келишини кутмоқда"

"Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида кўзбўямачилик давом этмоқда. Мана, бир ҳафтаки, туманнинг марказий йўл ёқасида гўнг ортилган тракторлар ташрифи кутилаётган каттаконлар кўзини бўяш учун шай бўлиб турибди. Ҳайдовчиларнинг қанча юмуши қолиб кетаяпти, бу билан ҳокимнинг сариқ чақалик иши йўқ. У киши ахир каттаконларга ўзларини яхши кўрсатишлари керак! Ҳолвани ҳоким ейди, калтакни етим, деганлари шу-да!", - деб айтган эди маҳаллий фермерлардан бири.

Кўзбўямачилик президент даккисидан кейин ҳам давом этмоқда

Ўзбекистонда кўзбўямачилик қилиш марҳум президент Ислом Каримов даврида муҳим сиёсий тадбирларнинг бир қисмига айланган эди.

Шавкат Мирзиёевнинг ўзи 2015 йилда Бош вазир бўлиб ишлаган даврда унинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилояти Қўштепа туманидаги автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилган.

Ўтган ой Мирзиёевнинг Хоразмга сафари олдидан йўл четига "сохта иссиқхоналар" ўрнатиб чиқилгани ҳақда Озодлик хабар берганди.

Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин ўзининг жойларга ташрифи олдидан вилоят, туман ва шаҳарлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан қилинаётган кўзбўямачиликларни бир неча марта қоралаган.

“Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, лаънат айтади. Бизни дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам. Сиз мана шу ишларингиз билан душманларнинг тегирмонига сув қуймоқдасиз. Бутун вилоятлар ва туманлар раҳбарлари, мана шуни билиб олинг”, деган эди президент 2018 йил 13 апрел куни Сайхунобод туманида қилган чиқишида.

Аммо бу танқидларга қарамай, президент борадиган ҳудудлар йўлларини шоша-пиша асфальт қилиш, томларни бўяш, бюджет ходими ишчиларини кўча тозалашга чиқариш, йўл бўйига хўжакўрсинга иссиқхоналар қуриш, кўчатлар экиш ёки очилган пахтани тердирмай туриш каби ўнлаб кўзбўямачилик ҳолатлари ҳақида Озодликка хабарлар келган.

XS
SM
MD
LG