Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:33

Яна бир ўзбек миллиардери тарихий ватанига қайтиб иш бошлади


Фаттоҳ (Патоҳ) Шодиев ҳақида унинг номидаги шамғарма сайтида келтирилган маълумот.
Фаттоҳ (Патоҳ) Шодиев ҳақида унинг номидаги шамғарма сайтида келтирилган маълумот.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг ўз тарихий ватанига қайтиб¸ турли бизнес ва хайрия лойиҳалари бошлаган хориждаги ўзбек миллиардерлари яна биттага кўпайди. Алишер Усмонов¸ Искандар Маҳмудов каби Россиядаги ўзбек миллиардерлари ортидаy¸ Қозоғистондаги расмий миллиардерлардан бири Фаттоҳ Шодиев ҳам Ўзбекистонда ўз жамғармасини очди.

Адлия вазири Руслан Давлетов 2017 йил 28 август куни имзолаган 92-сонли гувоҳномага кўра¸ "Шодиев Халқаро фонди"нинг Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очишига рухсат берилди. Гувоҳномага кўра¸ Шодиевнинг Халқаро фонди “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар уйларига гуманитар кўмак ва аҳолига тиббий ëрдам кўрсатиш”ни фаолиятининг асосий мақсади қилиб белгилаган.

Бизнесдан аввал – яхши ном

"Шодиев Халқаро фонди" асли жиззахлик ўзбек миллиардер Фаттоҳ (кўп манбаларда Патох) Шодиевга қарашли.

Адлия вазирлиги сайтида эълон қилинган гувоҳнома нусхаси.
Адлия вазирлиги сайтида эълон қилинган гувоҳнома нусхаси.

Бу жамғарма расмий сайтида ëзилишича¸ унга “Шарқий Европа¸ Марказий ва Жануби-шарқий Осиëдаги илмий-ижодий ва маданий потенциални қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида 1996 йили фан доктори Фаттоҳ Қаюмович Шодиев томонидан асос солинган.

“Айни дамда жамғарма интеллектуал тараққиëтга қаратилган лойиҳалар ва бу ишда ëрдамга муҳтожларга кўмак бериш билан шуғулланмоқда”¸ дейилади Шодиев фонди расмий сайтида.

Сайтдаги маълумотлардан кўрилишича¸ шу пайтгача фонд Шодиев ўқиган МГИМО (Москва Давлат халқаро муносабатлар институти)даги беш факультет талабаларига стипендиялар бериш лойиҳасини амалга ошириб келган.

Ҳозирча Ўзбекистонда рўйхатга олинган Шодиев Халқаро фондининг аниқ лойиҳаларига оид маълумот эълон қилинмади.

Айни пайтда¸ Фаттоҳ Шодиев тарихий ватанидаги ўз бизнес фаолиятини Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келишидан кўп ўтмай бошлагани¸ жорий йил 15 апрелида 64 ëшга кирган кунини илк бор ўз ватанида нишонлагани айтилмоқда.

Ўзбекистонда бошланган йирик бизнес лойиҳаларига оид маълумотлардан яхши хабардор мулозимнинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича¸ жорий йил февраль ойида президент Шавкат Мирзиëев бевосита танишиб¸ маъқуллаган “Тошкент металлургия заводи” лойиҳаси айнан Фаттоҳ Шодиевга қарашли.

Ўзбек матбуоти хабарларига кўра¸ 1000 иш ўрни яратадиган бу янги завод икки йил ичида Сергели туманидаги 100 гектарлик ҳудудда қурилади. Лойиҳа таъсисчиси сифатида Британияда рўйхатдан ўтган “Quality Trade Supplies L.P. “ номи келтирилди¸ лойиҳанинг умумий қиймати 278¸2 миллион еврога тенглиги айтилди.

Quality Trade Supplies L.P. ширкатига оид жамоатчиликка очиқ реестр ҳужжатларидан унинг 2012 йил 8 августида “44 Main Street, Douglas, South Lanarkshire, Scotland, ML11 0QW” манзили билан рўйхатдан ўтгани¸ компаниянинг “халқаро савдо ва сармоя” билан шуғулланиши ëзилган¸ аммо унинг кимга қарашли экани ҳақида маълумот берилмаган.

Озодликнинг Тошкент ҳукуматига яқин яна бир манбасига кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати томонидан маъқулланган Tashkent City лойиҳаси ҳам Фаттоҳ Шодиевга қарашли. Вазирлар Маҳкамасининг 28 июль кунги қарори билан тасдиқланган Tashkent city Алишер Навоий¸ Олмазор¸ Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 70 гектар ерда жойлашади ва лойиҳанинг умумий қиммати 1 миллиард АҚШ долларига тенгдир.

“Айни кунларда Фаттоҳ Шодиeв Тошкентда. Ўзбекистоннинг бутун пулдорлари унинг атрофида юрипти. Тошкент марказида иккита 20 қаватлик бизнес центр қурмоқчи¸ Тошкентда металлургия заводи қурмоқда. Бойларимизнинг қайтишида хайр бор. Шодиевдек узоқни кўрадиган одам Тошкент сити қураëтган бўлса¸бу Ўзбекистонда бизнес қилишнинг келажаги яхши¸ деган сигналдир”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ҳукуматга яқин мулозим.

(Ҳозирча Озодлик ихтиëрида Tashkent City лойиҳасининг бош сармоядори Фаттоҳ Шодиев эканини тасдиқловчи расмий ҳужжатлар йўқ.)

Фаттоҳ Шодиевнинг катта бизнес лойиҳалари жамоатчиликка очиқланмаëтган бир пайтда¸ “етимларга хайрия билан шуғулланувчи” "Шодиев Халқаро фонди"нинг иш бошлагани ҳақидаги хабарнинг ўзбек матбуотида кенг ëритилаëтганини шарҳлаган сиëсатшунослардан бири¸ буни “ақлли пиар” ҳаракати деб баҳолайди.

“Алишер Усмонов¸ Искандар Маҳмудовдан фарқли миллиардер Шодиевни Ўзбекистонда кўпчилик билмайди. Каримов пайтида у Ўзбекистонда бизнес қила олмади¸ катта олигарх сифатида ўз ватанида танилишдан олдин Шодиев етимпарвар¸ камбағалпарвар сифатида танилишни истамоқда¸ дейиш мумкин”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган сиëсатшунос.

Фаттоҳ Шодиев ким?

64 яшар Фаттоҳ Шодиев¸ расмий биографиясида ëзилишича¸ Тошкентда туғилган. Унинг отаси Қаюм Шодиев совет Ўзбекистони пахта саноатидаги муҳим шахслардан бири бўлган.

“Қаюм Шодиев Шароф Рашидов билан битта қишлоқдан. Иккаласи ҳам Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) туманидаги Москва колхозидан чиққан. Аввалига Самарқанд хлопкоромида ишлаган Қаюм Шодиев 1963 йилда Сирдарë¸ 1974 йилда Жиззах вилояти ташкил этилгандан кейин Жиззах пахта трестига бошлиқ бўлган. Рашидовга яқин одамлардан бўлган. 1982 йилда ҳали “пахта иши” номини олмаган терговлар бошланганида биринчилардан бўлиб қамалиб¸ 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Мустақилликдан кейин "пахта иши" бўйича реабилитация қилинганлар қатори¸ Ўзбекистонга қайтган. Бу одам ҳали ҳам ҳаëт¸ ҳозир 97 ëшда ”¸ дейди бу оилани яхши билган жиззахликлардан бири.

Қаюм Шодиевнинг олти ўғлидан учинчиси бўлган Фаттоҳ Шодиев 1976 йили СССРдаги энг нуфузли Москва Давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО)нинг Халқаро ҳуқуқ факультетини қизил диплом билан битирган.

Бу олийгоҳда у ўзбекистонлик яна бир бўлажак миллиардер Алишер Усмонов ва россиялик нуфузли сиëсатчи Сергей Ястржембский (1997-2000 йилларда Борис Ельциннинг матбуот котиби¸ 2000-2008 йилларда Владимир Путиннинг ëрдамчиси бўлиб ишлаган) билан бирга ўқиган.

МГИМОни битирганидан сўнг Шодиев СССР Савдо палатасининг Япониядаги ваколатхонасида совет-япон муносабатлари бўйича мутахассис бўлиб ишлаган. СССР тарқаганидан сўнг¸ ўз бизнес фаолиятини Қозоғистонда давом эттириб¸ 1995 йилда Қозоғистон президентининг маслаҳатчиси мақомига эришган.​

Шодиев¸ Forbes журнали 2017 йил март ойида эълон қилган жаҳон бойлари рўйхатида 1161-ўринга қўйилган.

“Шодиевнинг айни пайтдаги жами бойлиги 1 миллиард 840 миллион долларга тенг. Бизнес шериклари ва эски дўстлари Александр Машкевич ва Алижон Иброҳимовлар (иккаласи ҳам миллиардерлар рўйхатида) билан Патох Шодиев Қозоғистондаги металлургия ва кон империяси бўлган Eurasian Natural Resources Co. (Евроосиë табиий бойликлари корпорацияси) бойлигини қайта тиклашга уринмоқда. 2013 йилда бозордаги пастлаш ўсишни тўхтатгани¸ қолаверса фирибгарликка оид тергов кучайиши ортидан ENRC акциялари қимматбаҳо қоғозлар биржаси (Лондон биржаси назарда тутилмоқда – таҳр.) сотиладиган ширкатлар рўйхатидан чиқарилган эди. Улар (Шодиев¸ Машкевич ва Иброҳимов) иши, шунингдек, ENRC Бразилиядаги темир руда кони учун 220 миллион долларлик сўнги тўловни Лакшми Миттал (“пўлат қироли” лақабини олган ҳинд миллиардери¸ дунë бойлари рўйхатида 16¸5 миллиард доллар билан 56-ўринда – таҳр.)нинг ўнг қўли бўлган Прамод Агарвалга қарашли Замин ширкатига тўламаганлик даъвоси билан маҳкамада қолмоқда. Асли ўзбекистонлик Шодиев бу икки шериги билан Қозоғистонда гуруҳ тузгунга қадар¸ Японияда яшаган. Фуқаролиги – Бельгия¸ яшаш жойи Олмаота¸ уйланган¸ учта фарзанди бор”¸ дейилади Forbes журнали 2017 йил мартида янгилаган Шодиeвга оид қисқа маълумотда.

Ўзбекистонда биснез қилмаган ўзбек миллиардери

Халқаро матбуотда сиëсий ва қитисодий можаролар боис номи тез-тез тилга тушиб келаëтган Фаттоҳ Шодиевнинг¸ ўз милллионларини қўшни Қозоғистонда топгани айтилади.

“Қозоғистонда ким – ким?” деб номланган биографик энциклопедия¸ мустақил Қозоғистонда амалга оширилган приватизация жараëнига оид китоблар муаллифи сиëсатшунос Данияр Ашимбаевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ Фаттоҳ Шодиев ҳам СССР қулаганидан сўнг постсовет ҳудудида бошланган приватизация жараëнида миллиардерга айланган ишбилармонлар сирасига мансуб:

- Биласиз¸ СССРнинг сўнгги йиллари¸ у қулаган 90-йиллар бошида советларнинг йирик корхоналари фаол тарзда жаҳон бозорига хом-ашë экспорт қилиш¸ истеъмол товарларини импорт қилиш билан шуғулланишга киришди. СССРда ташқи савдо бўйича мутахассислар жуда камлигидан уларга нисбатан талаб кучли эди. Шодиев ана шу тўлқинда туғилган муҳим олди-сотдиларда воситачи-маслаҳатчилик қилиб¸ Қозоғистонда “Евразийская тройка” номини олган ( Александр Машкевич¸ Алижон Иброҳимов ва Фаттоҳ Шодиевлар учлиги назарда тутилмоқда) гуруҳ аъзосига айланди. 1994 йили бу учлик оффшорда рўйхатга олинган Eurasian Natural Resources Co. (ҳозиргиси Eurasian Resources Group S.a.r.l.) компаниясига асос солишди. Бу ширкатга Қозоғистондаги энг йирик металлургия завод ва конлари (Павлодар алюминий заводи¸ Донской тоғ-кон комбинати ва бошқалар) бошқаруви топширилди¸ Шодиев президент Назарбоевнинг маслаҳатчисига айланди. Шодиевнинг миллиардерликка йўли шу тарзда Қозоғистондан бошланди¸ дейди Қозоғистон сиëсий элитаси ва бизнесида кимнинг кимлигини махсус тадқиқ қилиб келаëтган Данияр Ашимбаев.

Каримов ва олигархлар

Қозоғистонлик сиëсатшунос¸ қолаверса¸ Шодиевлар оиласига яқин Озодлик манбасига кўра¸ Фаттоҳ Шодиевнинг шу пайтгача Ўзбекистонда бизнес қилмагани марҳум президент Ислом Каримовнинг бойларга нисбатан ишончсизлигига бориб тақалади.

“Каримов зеҳнияти коммунистча зеҳният эди. Унинг мамлакатда катта бойлар бўлмайди¸ деган гапи ана шу зеҳниятдан келиб чиққан эди. Усмонов ҳам¸ Маҳмудов ҳам Шодиев ҳам ўз тарихий ватанида бизнес қила олмади¸ сабаби Каримов бойлардан¸ пули борнинг сиëсий ҳокимиятга иштаҳаси очилишидан қўрқарди”¸ дейди ўзбекистонлик суҳбатдош.

2016 йилда Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бошлаб¸ Тошкентнинг хориждаги ўзбек бойларига нисбатан муносабати ўзгарди ва бу ўзгариш ортидан Алишер Усмонов¸ Искандар Маҳмудов ва Фаттоҳ Шодиевларнинг мамлакатга қайтиб¸ турли лойиҳалар устида иш бошлагани расмий хабарларда ҳам пайдо бўла бошлади.

XS
SM
MD
LG