Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:51

“Қадимий Бухоро” ва эски шаҳарликлар тақдири Алишер Усмоновга қараб қолиши мумкин


"Қадимий Бухоро" лойиҳасига ажратилган учбурчак ҳудуд харитасининг сунъий йўлдошдан кўриниши.
"Қадимий Бухоро" лойиҳасига ажратилган учбурчак ҳудуд харитасининг сунъий йўлдошдан кўриниши.

Президент Шавкат Мирзиëев махсус қарор билан Бухорога хорижлик сайëҳларни кўпроқ жалб этиш мақсадида эски шаҳар қисмида “Қадимий Бухоро” номли замонавий марказ қуришга топшириқ берди. Лойиҳа сармоядори сифатида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов номи ҳам тилга олинган бу қарор ижроси устида иш бошланиши билан Бухородаги юзга хонадоннинг ота-боболаридан қолган ҳовлилари бузилиш¸ қадимий Бухоро эса¸ хорижликларни чорловчи ўзига хослигидан ажраш таҳдиди остида қолди.

Озодлик ҳозирлаган уч қисмлик суриштирувда, таклиф этилган лойиҳа ҳозирги шаклда амалга оширилса¸ унинг оддий бухороликлар ҳаëтига таъсири¸ шаҳарнинг тарихий қиëфасига киритадиган ўзгаришлари¸ ҳамда Ўзбекистон туризм саноатига киритиши мумкин ҳиссаси ўрганилди.

Президентнинг “Қадимий Бухоро” лойиҳаси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев жорий йилнинг 19 май куни "2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2980-сонли қарор чиқарди.

Президент Шавкат мирзиëев "Қадимий Бухоро" лойиҳасини 10 март кунги сафари давомида бухоролик расмийлар билан муҳокама қилди.
Президент Шавкат мирзиëев "Қадимий Бухоро" лойиҳасини 10 март кунги сафари давомида бухоролик расмийлар билан муҳокама қилди.

Бу қарорга асос бўлган махсус дастур устида иш анча олдин бошланган ва 10-11 март кунлари Бухорога қилган сафари давомида президент уни маҳаллий ҳокимият вакиллари билан муҳокама қилган эди.

Президент матбуот хизмати сайтининг президент расмий сайтига ўзгартирилиши ортидан йўқолиб қолган қарор ҳақида Бухоро вилоят ҳокимлигининг расмий нашри “Бухоронома” газетасида 24 май куни босилган мақолада президент қарори билан тасдиқланган “Қадимий Бухоро” лойиҳасига асосан қилинадиган ишлар санаб чиқилган.

Унга кўра:

“Бухоро шаҳрининг Эски шаҳар қисмида хорижий сайёҳларнинг бўш вақтларини туну кун мазмунли ташкил этиш учун 12 гектарлик "Қадимий Бухоро" туристик зонаси, унинг ҳудудида замонавий паст қаватли меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар марказлар, 500 ўринли амфитеатр барпо этилади. Шаҳарнинг тарихий қисмида ёпиқ бозор ва ҳунармандлар маҳалласи ташкил қилинади, "Бухоро Палас" ва "Зарафшон" меҳмонхоналари қайта қурилади ва 11 та тўрт юлдузли янги меҳмонхоналар бунёд этилади.

"Етти пир" зиёратгоҳлари мажмуасида миллий усулдаги меҳмонхона, умумий овқатланиш пунктлари, ёрдамчи бино-иншоотлар, сувенирлар сотилиши учун савдо ҳудудлари барпо этилади.

Шунингдек, 5 та замонавий ресторан қурилади ва 6 та объектда туристларнинг кечки вақт дам олишлари учун театрлаштирилган концертлар ва мусиқали шоулар ташкил этилади.

Шаҳар марказида совға ва сувенирга ихтисослашган дўконлар тармоғи жойлаштирилган янги савдо кўчаси барпо этилади, туризм инфратузилма объектларида банкомат ва терминаллар ўрнатилади".

"Қадимий Бухоро" учун 96 та ҳовли бузилиб¸ ўрнига замонавий меҳмонхоналар¸ дўкон ва ҳордиқ чиқариш жойлари қурилиши мумкин.
Бухоро ҳокимлиги расмийси

Президент қарорига кўра¸ “Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси архитектура ва қурилиш бўйича Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик Республика кенгашига уч ой ичида ўрнатилган тартибда Бухоро шаҳри марказий қисмининг деталлаштирилган режаси лойиҳасини тақдим этиш” ва бу жараëнга ЮНЕСКО эксперт-маслаҳатчиларини ҳам жалб қилиш топширилган.

Лойиҳани молиялаштириш ваколати Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкига берилган¸ айни пайтда қарорда “Қадимий Бухоро” лойиҳасига россиялик миллардер Алишер Усмонов (асли наманганлик -таҳр.) нинг тўғридан-тўғри инвестициялари ва хайрия маблағлари ҳам жалб қилиниши алоҳида айтиб ўтилган.

Биринчи қадам – бухороликларни “туристик зонадан ҳайдаш"

“Қадимий Бухоро” лойиҳаси ижросига бевосита алоқадор Бухоро ҳокимлиги расмийсининг микрофонсиз суҳбатда айтишича¸ лойиҳа учун ажратиладиган ер майдони 10 гектарни (“Бухоронома”да 12 гектар дейилган – таҳр.) ташкил этади ва бу ҳудуд Арк қўрғони қаршисидаги Болоҳовуз масжидининг орқасида жойлашган маҳаллаларни ўз ичига олади.

"Қадимий Бухоро" лойиҳасига ажратилган учбурчак ҳудуднинг Google Earthдан олинган сурати.
"Қадимий Бухоро" лойиҳасига ажратилган учбурчак ҳудуднинг Google Earthдан олинган сурати.

“Арк”нинг кириш томони тепасидан қарасангиз¸ Болоҳовуз мачити билан Ҳазрати имом мақбараси ва Қоракўл дарвозасидан бошланадиган деҳқон бозори оралигида аниқ-тиниқ учбурчак бўлиб кўринадиган ҳудуд бор. (Афросиëб¸ М.Каримов ва Сулаймон Муродов кўчалари оралиғида жойлашган учбурчак ҳудуд – таҳр.) Унинг 4 гектарча қисмини аввалги президент оиласига алоқадор одамлар катта қурилиш қиламан¸ деб буздирган¸ лекин қурилиш бўлмай қолиб¸ ҳозирча бўш ëтипти. “Қадимий Бухоро” проектига ана шу ҳудуд ажратилди. Бу ерда ҳозир 96 та ҳовли бор. Шулар бузилиб¸ ўрнига замонавий меҳмонхоналар¸ дўкон ва ҳордиқ чиқариш жойлари қурилиши керак”¸ деди бу лойиҳа ижроси учун масъуллардан бири.

“Ҳовлиларнинг бузилиши аниқ¸ фақат қанчаси бузилиши номаълум”

Уйи бузиладиганларга бериладиган компенсация маҳаллий бюджетдан олинадими¸ республика бюджетидан ажратиладими¸ ëки инвесторга юклатилади¸ буни ҳозирча ҳеч ким билмайди.
Миллий банк расмийси

“Қадимий Бухоро” лойиҳаси ижросига алоқадор бир-биридан мустақил уч маҳаллий расмий¸ туристлар учун қурилиши белгиланган махсус зона учун қанча уй бузилиши билан боғлиқ қатор саволлар жавобини ҳозирча ҳеч ким билмаслигини айтди.

10 гектарлик ҳудуднинг¸ маҳаллий расмийларга кўра¸ 4 гектари бўш¸ қолганида эса 96 та ҳовли жойлашган.
10 гектарлик ҳудуднинг¸ маҳаллий расмийларга кўра¸ 4 гектари бўш¸ қолганида эса 96 та ҳовли жойлашган.

“Бу 96 та уйнинг қанчаси бузилади¸ қанчаси қолади¸ ҳеч ким билмайди. Бузиладиган уйлар эгаларига қанча компенсация берилади¸ ҳеч ким билмайди. Бу компенсация маҳаллий бюджетдан олинадими¸ республика бюджетидан ажратиладими¸ ëки инвесторларга юклатиладими¸ бу ҳам номаълум. Уйи бузилганлар қаерга кўчирилади¸ уларга уй бериладими¸ ер бериладими¸ пул бериладими¸ бу ҳам номаълум”¸ деди лойиҳа ижросига бевосита масъуллардан бири ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан.

Бу суҳбатдошга кўра¸ кўриб чиқилаëтган таклифлар орасида уйи бузиладиганларга Ислом Каримов кўчасида қурилган кўп қаватли замонавий уйлардан квартира ажратиш ва Бухоро-Когон катта йўли бўйида қурилган коттежлардан бериш каби режалар бор.

“Лекин узил-кесил қарор¸ бузилиш ва кўчириш харажатларини¸ компенсация ва уй ажратишнинг кимнинг ҳисобидан бўлишига аниқлик киритилгандан кейин қабул қилинади”¸ деди маҳаллий расмий.

Лойиҳанинг нархи қанчаю¸ маблағ қаердан олинади?

Озодлик бу савол жавобини лойиҳани молия билан таъминлашга масъул қилиб белгиланган Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки мулозимларидан излади.

Озодлик гаплашган банк мутасаддилари¸ ўзларида бирор аниқ жавоб бериш йўқлигини айтдилар.

Бу ëғи Усмонов ҳимматига ҳавола. Хоҳласа¸ лойиҳани тўлиғича ўз сармояси билан таъминласин¸ хоҳласа¸ бир қисмини олсин¸ марҳамат".
Миллий банк мутасаддиси

“Олдин смета тузилсин¸ унинг қиймати чиқарилсин. Ҳозирча иш энди бошланди. Давлат бюджетидан¸ маҳаллий бюджетдан қанча маблағ ажратилади¸ қанчасини Алишер Усмонов хайрия қиладию¸ қанчаси унинг сармояси ҳисобига бўлади¸ ҳеч ким билмайди. Бу ëғи Усмоновнинг ҳимматига ҳавола. Хоҳласа¸ лойиҳани тўлиғича ўз сармояси билан таъминласин¸ хоҳласа¸ бир қисмини олсин¸ марҳамат. Ҳозирча бошқа аниқ инвестор йўқ. Ҳаммаси¸ лойиҳа устидаги муҳокамалар тугаганидан кейин аниқ бўлади. Бунга уч ойдан олти ойгача вақт кетса керак”¸ деди миллий банк мутасаддиси.

Бузилиш таҳдиди остида қолган маҳаллаларда асабийлик

Бухоро вилояти ҳокимлиги мулозимлари Озодлик билан суҳбатда¸ “Қадимий Бухоро” сайëҳлик зонасига ажратилган учбурчак ҳудудда яшовчиларнинг ўз уйлари бузилишидан огоҳлантирилганини айтдилар.

Ҳокимлик халқ орасида паника кўтарилмаслиги учун ҳаракат қилаяпти. Лекин ҳеч ким жамоатчиликка очиқ маълумот бермаяпти.
Бухоролик ҳуқуқшунос Шуҳрат Ғаниев

Айтилишича¸ бу огоҳлантирув маҳалла раислари ўтказган мажлисда оғзаки тарзда айтилган.

Бухоролик тарихчи ва ҳуқуқшунос Шуҳрат Ғаниев¸ 31 май куни Болоҳовуз масжиди орқасидаги маҳаллаларга бориб¸ у ерда яшовчилар билан бевосита суҳбатлашди.

- Уларнинг ҳаммаси қаттиқ асабийликда¸ табиий. Бузилишга тушган маҳаллаларда неча авлод яшаган¸ уларнинг қанчаси яқинда янги уй қуриб¸ янги таъмир қилган. Ҳокимлик паника¸ норозилик бўлмаслиги учун ҳаракат қилаяпти¸ лекин одамлар¸ табиийки¸ норози. Уларнинг орасида президент порталига ëзганлар ҳам бор¸ лекин ҳали ҳеч қандай жавоб келмаган. Ҳокимият бундай лойиҳаларни бошлашдан олдин¸ у бевосита таъсир қиладиган халқ билан маслаҳатлашса¸ улар фикрига ҳам қулоқ солса¸ ҳаммага яхши бўлмайдими? Халқ билан маслаҳатлашиб¸ унинг розилигини олиб қилинган ишни кейин бекитмасдан¸ бемалол жамоатчиликка ошкор қилса¸ бўлмайдими? Туристлар Бухорога маҳаллий аҳоли ҳайдаб чиқарилган¸ ҳаëт йўқ ҳудудни кўришга келмайди. Улар эски шаҳар тўқимасига бирикиб кетган жонли ҳаëт¸ жонли одамлар ҳаëтини кўришга келади¸ ахир¸ дейди Шуҳрат Ғаниев.

Алишер Усмоновга даъват

Ўзбек матбуоти томонидан “Қадимий Бухоро” лойиҳасининг асосий сармоядори сифатида тақдим этилаëтган Алишер Усмоновнинг Бухородаги сайëҳлик марказига оид аниқ режаларини аниқлаштиришнинг имкони бўлмади.

Озодлик¸ илтимосимизни Алишер Усмоновга етказинг - у одам Бухорони туристбоп қилмоқчи бўлса¸ бу ишни халқни қийратмасдан ҳам қилиши мумкин.
Ҳовлиси бузилишга тушган бухоролик тадбиркор

Асли наманганлик миллиардернинг асосий компанияси саналган Металлоинвест матбуот хизмати¸ фақат почта орқали юбориладиган саволларгина Усмонов қабулхонасига топширилишини билдиришдан бошқа гап айтишни истамади.

Айни пайтда¸ Озодлик суҳбатлашган бухороликлар¸ Алишер Усмоновга мурожаат қилиш истагини билдирдилар.

“Агар бу проектга Алишер Усмонов ҳомийлик ëки сармоядорлик қилаëтган бўлса¸ у одам дунëни кўп кезган ва тарихий мерос қадрини маҳаллий чиновниклардан яхшироқ билса керак. Усмоновга юзлаб одамнинг уйини бузиб¸ ўрнига сунъий шаҳар қуришнинг кераги йўқ бўлса керак. Биз Усмоновга мурожаат қилиб¸ бу лойиҳани қайта кўриб чиқишни сўрашини¸ бузилишларни тўхтатиб¸ Бухорога туристларни жалб қилишнинг бошқа йўлларини топишни сўраймиз. Шаҳарда сув ëмон¸ йўллар ëмон¸ электр-газ таъминоти ëмон¸ туалетлар хароб аҳволда. Қадимий шаҳарни туристбоп қиламан деса¸ халқни қийратмасдан ҳам қиладиган ишлар кўп. У кишидан шу муаммоларни ҳал қилишини сўраймиз”¸ дейди бузилиш таҳдиди остида қолган ҳовлилардан бирининг эгаси.

Озодлик суриштирувининг 1- қисми билан танишдингиз. Давоми бор.

XS
SM
MD
LG