Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:43

OzodTa’sir: Чириган картошка учун олинган пуллар фермерларга қайтарилди


Чириган уруғлик картошка
Чириган уруғлик картошка

Андижон вилоятидаги 31 нафар фермер ўтган йили уруғлик картошка олиш учун “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси таркибидаги “Gold Atlas Global” МЧЖга ўтказган жами 685 миллион сўм пулини қайтариб ололмаётгани ҳақидаги Озодлик мақоласидан сўнг, бир ҳафта ичида фермерлар ҳисоб рақамига пул ўтказиб берилди.

Бу ҳақда Озодликка фермерлар маълум қилди.

“Андижон мева узумлари” вилоят агрофирмалар уюшмаси раиси Хушнудбек Шаҳобиддинов Озодликка “Gold Atlas Global” МЧЖ барча қарз пулларини ўтказганини тасдиқлади:

“Айни пайтда фермерларнинг 300 миллион сўм пули ўтказилди, муаммо ҳал бўлди. Эртага яна Асака туманидан бўлган икки фермернинг пули ўтади. “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раиси Зафар Файзиевни ҳақиқатда инсофли одам деб билардим. У киши “Gold Atlas Global” директори Пўлат Бобоёровга топшириқ берганми, аниғини билмайману, лекин мақола чиққанидан сўнг реакция кучли бўлди, 3-4 кун ичида дарҳол пуллар ўтказилди. Қолган ўн нафар фермердан 5таси судда ютқазиб қўйишган экан. Булар Балиқчи тумани фермерлари. Улар судга апелляция киритишибди. Уларнинг муаммосини ҳам ҳал қилишга ҳаракат қилиняпти”

(Мақола нашр қилинган 5 апрель куни Озодлик Хушнудбек Шаҳобиддинов билан боғланганда, у алоқани узиб қўйган эди)

2018 йилнинг июль ойида “Gold Atlas Global” МЧЖ Андижон вилоятига етказиб берган уруғлик картошка чириб кетгани учун фермерлар уни олишдан бош тортган ва бу ҳақда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакиллари иштирокида далолатнома тузилган эди.

Бу воқеадан қарийб бир йил ўтишига қарамай¸ кредит ҳисобидан қилинган тўлов фермерларга қайтариб берилмаганди.

Андижон вилояти ҳокимлигининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозими Озодликка 2018 йилда вилоят бўйича уруғлик картошка олиш учун 16,5 миллиард сўм “Gold Atlas Global” МЧЖ ҳисобига ўтказилганини билдирган эди.

“Шу пулнинг 10,5 миллиард сўми кредит маблағлари ҳисобидан “Агробанк”дан чиқарилди. Бу ишни қилишдан мақсад, Ўзбекистонда 2018 йилнинг бошида кескин кўтарилиб кетган картошка нархини барқарор қилиб ушлаб туриш эди. Шунинг олдини олиш мақсадида 21 февралда президент қарори ҳам чиққан эди. “Gold Atlas Global” МЧЖ Россия ва Қозоғистондан уруғлик олиб келган. Лекин уруғлик йўлда кўп туриб қолганми ёки холодильник яхши ишламаганми, хуллас вагондан тушириб туманларга олиб борганда, унинг аксар қисми чириб, экишга яроқсиз бўлиб қолгани маълум бўлди. Фермерлар бу уруғликни олишдан бош тортди”.

“Gold Atlas Global” “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси таркибига кирувчи МЧЖ бўлгани аниқлангач¸ Озодлик 5 апрель куни мазкур уюшма раиси Зафар Файзиев ёрдамчиси билан боғланиб, муаммони тушунтирган, ёрдамчи бу масалани уюшма раисига етказишини айтган эди.

XS
SM
MD
LG