Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:45

Жиззахлик тадбиркорларга “болалар спортини ривожлантириш” учун 50 минг сўм ўлпон солинди


Жиззах вилоят ва шаҳар ҳокимликлари буйруғи асосида вилоят марказида қурилиши бошланган ҳашаматли стадионни биткизиш учун ҳар бир тадбиркор¸ хусусан¸ бозорда савдо қилаëтганларга зудлик билан 50 минг сўмдан ажратиш буюрилди. Шаҳар бозорлари ва вилоят маъмурияти расмийлари¸ бу жараëннинг “кўнгилли” тарзда ўтаëтганини иддао қилдилар.

29 январь куни Озодликка WhatsUp орқали келган хабарда “Жиззах шаҳар деҳқон бозорида ҳар бир тадбиркордан 50 000 сўмдан йиғилаяпти. Спорт жамғармаси стадион қурилишига деб¸ олаяпти. Бу пул жамғармага етиб борадими ўзи?” деб ëзилган.

Бу хабар ортидан Озодлик мухбири Жиззах шаҳридаги икки йирик бозор – халқ орасида Эски бозор деб аталадиган Деҳқон бозори ҳамда Кўк бозор маъмурияти билан боғланди.

Озодлик суҳбатлашган расмийлардан бири¸ Жиззах шаҳрида яқин йилларда қуриб фойдаланишга топширилиши режаланган стадион қурилиши учун бозордаги тадбиркорлардан маблағ йиғилаëтганини тасдиқлади. Аммо бу маъмур¸ жараëннинг ҳеч бир босим ва тазйиқсиз¸ кўнгилли тарзда бораëтганини таъкидлади:

- Биз болалар спортини ривожлантиришга ҳомийлик қилаяпмиз. Ҳозир шаҳримиздаги ҳамма хусусий тадбиркор шунақа ҳомийлик қилиб¸ болалар спортига пул ўтказиб бераяпти. Ким қанча кўнглидан чиқарса¸ 50 минг¸ 30 минг¸ 15 минг берганлар ҳам бор. Бу ҳаммаси ихтиëрий. Стадион қурилиши учун давлат бюджетидан 51 миллиард сўм ажратилган ўзи. Лекин вилоят ҳокими¸ шаҳар ҳокими президент указларини кўрсатиб¸ болалар спортига ҳомийлик қил¸ деяпти. Ҳар йиғилишда бор бу гап. Биз тадбиркорларга айтаяпмиз¸ ўзлари банкка бориб ўтказиб келаяпти. Мажбурлаш йўқ¸ одамлар ўзи тушуниб¸ эртага шу стадионда ўзимизнинг болалар ўйнайди¸ деб бераяпти¸ дейди Жиззах бозорларидан бири маъмурияти ходими.

Жиззах шаҳридаги стадион қурилиши учун тадбиркорлардан ўлпон йиғиш учун масъул идора расмийси Озодлик билан суҳбатда¸ шаҳар ҳокими бу маблағни тезроқ ўтказишни талаб қилаëтгани¸ банклар эса¸ ҳар бир хусусий тадбиркор ҳисобидан “болалар спортини ривожлантириш учун ҳомийлик” деган баҳона билан ўртача 50 минг сўмдан ўтказаëтганини билдирди.

“Ўзи қиш¸ деҳқон бозорида савдонинг мазаси йўқ. Кўкбозорнинг ўзи ремонтга ëпиладиган бўлиб турибди. Ҳар кун шу гап. Бугун эрталаб ҳам банкка боргандим¸ тезлаштир¸ деган гаплар бўлаяпти”¸ дейди Жиззах ҳокимият тизимидаги Озодлик манбаси.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Мамиржон Азимов шаҳар марказидаги эски стадион бузилиб¸ унинг ўрнида ҳашаматли ва каттароғини қуриш ишлари ўтган йили бошлангани ва шу кунларда бу объектда иш қизиганини пайқаш қийин эмаслигини айатди:

- Жиззах шаҳри марказида илгари эски стадион бўлган. Шуни бузиб ташлаб¸ ҳозир янгидан замонавий¸ 10 минг ўринлик стадион қурилаяпти. Қурилиш 2013 йилда бошланган ва эшитишимча уни 2014 йил Мустақиллик байрамигача топширасан¸ деган топшириқ бор. Ҳозир шунга асосан жуда катта ишлар кетаяпти. Қурилишга жуда катта давлат маблағи ажратилган ва катта қурилиш ширкати ëлланган. Яна нима учун тадбиркорларни пул ўтказишга мажбурлашаяпти¸ бунисини ҳозирча билмайман¸ дейди ҳуқуқ фаоли.

Озодлик суҳбатлашган айрим жиззахликлар¸ шаҳар марказида катта томоша ва тадбирлар учун мўлжаллаган янги стадион қурилиши мазкур ҳудудда яшаб келган аҳоли норозилигига сабаб бўлгани ва бу қурилиш боис¸ кўплаб шаҳарликлар уйсиз қолганини билдирди.

28 январь куни Оқсаройда ўтказилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига шахсан президент Каримов раислик қилди.

2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилган президент Ўзбекистон бўйлаб¸ хусусан¸ вилоятларда болалар спортини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаëтгани¸ спорт объектлари барпо этишга бюджетдан 2013 йил давомида 210 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилганини таъкидлади.

Болалар спортини ривожлантириш умумиятла олқишга сазовор эканини таъкидлаëтган мустақил кузатувчилар¸ Ўзбекистон ҳукумати мамлакат¸ хусусан қишлоқ жойларда соғлом болалар авлодини етиштиришни астойдил истаëтган бўлса¸ бунинг учун биринча навбатда болалар меҳнатига барҳам бериши лозимлигини таъкидламоқда.

Спорт воситасида соғлом авлод улғайтириш мақсади жиддий бўладиган бўлса¸ бунинг учун 10 минг ўринлик¸ қимматбаҳо стадионларни тадбиркорларни қийратиб қуришнинг ҳожати йўқ. Хусусий тадбиркорларга имкон берса¸ ўзлари жойлар¸ айниқса¸ қишлоқ жойларда кичик ўйингоҳ ва спорт заллари очиб ташлайди. Бундай жойларда спорт билан шуғулланишни оддий оилалар учун ҳам қўл етадиган қилиб қўйса бўлди¸ болаларимизнинг спортга қизиқиши ўз-ўзидан кучаяди¸ дейди Озодлик шу мавзуда суҳбатлашган оддий ўзбекистонликлар.
XS
SM
MD
LG