Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:52

Сувсиз қолаётган Самарқанд, ҳимоясиз аёллар ва йўлкираси Нью-Йоркдан қиммат Тошкент


Тошкентдаги йўлкира Нью-Йоркдагидан 20 баробар арзонроқ экани ҳақидаги маълумот иқтисодчи томонидан рад этилди. (Суратда Тошкент метросининг ер устидаги қисми)
Тошкентдаги йўлкира Нью-Йоркдагидан 20 баробар арзонроқ экани ҳақидаги маълумот иқтисодчи томонидан рад этилди. (Суратда Тошкент метросининг ер устидаги қисми)

Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик авж олмоқда. Экология мулозими Самарқанд сувсиз қолишидан огоҳлантирди. Тошкентда йўлкира Нью-Йоркдан ҳам қимматроқ. Ортда қолган ҳафтада маҳаллий ОАВ ёритган баъзи мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Экология қўмитаси раиси ўринбосари: Самарқанд шаҳри сувсиз қолиши мумкин...

Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов
Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов

Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов жамоатчиликнинг доимий эътирозларига сабаб бўлаётган Зарафшон дарёсидаги карьерлар масаласига тўхталди (www.kun.uz, 27 ноябрь).

“Биз яқинда Зарафшон дарёсида ишлаётган карьерлар фаолияти бўйича рейд ўтказдик. Шу текширувда биргина ҳолатнинг ўзида тадбиркор белгиланган майдондан энига 56 ва узунасига 154 метрга чиқиб кетгани аниқланди. Бунда дарё бўйидаги Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудига ҳам ўтиб кетилган”, дейди экология мулозими.

Қайд этилишича, у ерда ишлаётган тадбиркорларнинг рўйхати Бизнес омбудсманга берилган. Тегишли хулоса олингач, тадбиркорлар фаолияти тўхтатилиши мумкин.

“Карьерларнинг тинимсиз фаолияти натижасида дарё ёнидаги миллий табиат боғидаги дарахтлар қуриб қоляпти. Лекин бундан ҳам хавфли бир ҳолат борки, бу – аҳвол шу даражада кетса, дарёнинг чап тарафидаги сув тўсқичлардан ҳам сув қочади. Агар ундан сув қочса, шаҳар сувсиз қолади”, деб огоҳлантирган қўмита раиси ўринбосари.

И.Боқижонов ичимлик сув қишлоқ хўжалиги ёки бошқа эҳтиёжлар учун исрофгарлик билан ишлатилаётгани, хусусан, автомобиллар ювиш шохобчалари ҳам тоза сувдан фойдаланаётганини танқид қилган.

“Жойларда 2 мингдан ортиқ автомобил ювиш шохобчалари бор. Уларнинг 60-70 фоиздан ортиқроғи ҳозир ҳам ерости артезиан сувидан фойдаланади. Улар ичида ичимлик сувидан фойдаланадиганлар ҳам бор, уларни кесиб ташлаш керак”, деган Экология қўмитаси раиси ўринбосари.

Судья: Аёлларга нисбатан зўравонлик кўпайиб бораётганини кўра-билатуриб нега жиммиз?

"Жамият" газетасининг 2021 йил, 2 декабрь сонида эълон қилинган мақола.
"Жамият" газетасининг 2021 йил, 2 декабрь сонида эълон қилинган мақола.

Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда (“Жамият” газетаси, 2 декабрь).

“Оилада зўравонлик жабрдийдалари бўлган қизларнинг ҳар кун минг азоб чекаётган ҳолатини ҳеч тасаввур қилганмисиз? Нега ҳали гўдак қизлар, оилада ўз бузруквори, ўз отаси каби деб ишонган – яқин инсонининг тажовузига учраши керак? Нега улар бу “зўрлик”ҳақида ҳеч кимга айтмайдилар? Айта олишмайди? Нега чорасиз қолган, ҳимоясиз қизларимиз мажбур бўлиб, охир оқибат ўз онасига кундош бўлган ҳолатлар учраяпти? Жамиятда бундай ҳолатлар кўпайиб бораётганини кўриб-билиб туриб нега биз жиммиз?” дея оғриқли саволлар қўяди фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раис ўринбосари Нуриддин Муродов.

Судья бундай жиноятларни барвақт аниқлаш ва жавобгарликка тортиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда жазони кучайтиришни таклиф этган.

Аввалроқ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳам аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йилдан йилга ошиб бораётганидан хавотир билдирган эди. Омбудсманга кўра, зўравонлик ҳолатлари расмий статистикадан ҳам кўп бўлиши мумкин, чунки ўзбек аёллари андиша қилиб кўп ҳолда зўравонликларга кўз юмади.

Ўзбекистонда 25 ноябрдан “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси бошланган. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоевага кўра, зўравонликка қарши кураш борасида узоқ ва машаққатли юмушлар турибди. Акция ҳар йили 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунидан 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача давом этади.

Тошкентда йўлкира Нью-Йоркдагидан арзон экани рад этилди

“Тошшаҳартрансхизмат”га кўра, шу кунда Тошкентда йўлкира 1400 сўмни ташкил қилади.
“Тошшаҳартрансхизмат”га кўра, шу кунда Тошкентда йўлкира 1400 сўмни ташкил қилади.

Тошкентдаги йўлкира Нью-Йоркдагидан 20 баробар арзонроқ экани ҳақидаги маълумот иқтисодчи томонидан рад этилди (www.gazeta.uz, 28 ноябрь).

Яқинда AARC халқаро консалтинг компанияси томонидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ фаолиятини трансформациялаш бўйича ҳисобот эълон қилинди. Унга кўра, ҳозирги кунда Тошкентда йўлкира 1400 сўмни (0,13 АҚШ доллари) ташкил этиб, дунёда шаҳар йўловчилар транспортидаги энг арзон тарифлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, ҳисоботда Тошкентда белгиланган йўл ҳақи Нью-Йорк шаҳридан 20 баробар камроқ экани даъво қилинган.

Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи Ботир Қобилов ушбу таҳлилга ўз муносабатини билдирди. Қайд этилишича, Нью-Йоркда бир мартали йўл ҳақи 2,25 доллар, яъни ўртадаги фарқ 20 эмас, 17,3 баробар кўпроқ. Лекин бу фақат номинал рақамлар, холос. Аслида, икки шаҳарни солиштириш учун аҳоли даромадларидаги фарқ, жамоат транспорти фойдаланувчилари ўртача маошининг неча фоизини чиптага сарфлаши ҳисобга олинмоғи лозим.

Иқтисодчига кўра, Нью-Йоркда бир ойли жамоат транспорт абонементи 127 доллар туради, бир кишининг ўртача маоши эса тахминан 3333 долларни ташкил этади. Демак, Нью-Йоркда яшовчи киши ўз даромадининг 3,8 фоизини йўлкирага сарфлайди. Тошкентда бир ойли жамоат транспорти абонементи 166 минг сўм (15,4 доллар) туради. Жамоат транспортида юрадиган аҳолининг ўртача ойлигини 200 доллар деб фараз қилсак, бир киши ўз даромадининг 7,7 фоизини йўлкирага ишлатади. Ушбу таҳлилдан Тошкентда йўл ҳақи Нью-Йоркдагига қараганда 2 баробарга қиммат экани келиб чиқади, деб хулоса қилади мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ботир Қобилов жамоат транспортини атайлаб заифлаштириш оқибатида аҳоли камбағаллашиши ҳақида ёзган эди.

XS
SM
MD
LG