Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:08

OzodDayjest: Кушербаев ва Алламжонов имтиҳон маркази масаласида тортишиб қолди


Комил Алламжонов Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби.
Комил Алламжонов Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби.

Кушербаев ва Алламжонов имтиҳон маркази масаласида тортишиб қолди. Ўзбекистонда русларни камситиш ҳолати мавжудми? Абдулла Ориповнинг рафиқаси шоирнинг “қора рўйхат”га тушиши ҳақида сўзлаб берди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Кушербаев ва Алламжонов имтиҳон маркази масаласида тортишиб қолди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) жавобига таяниб, Тошкентдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш бўйича давлат марказларининг ёпилишида президент қарори талаблари бузилганини маълум қилди (www.gazeta.uz, 24 март).

Марказлар фаолияти жорий йил 4 февраль куни ушбу соҳада ягона бўлган ва асосий раҳбари Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳисобланган Autodriver Study компаниясининг ягона имтиҳон маркази очилганидан сўнг тўхтатилган эди.

Депутатнинг фикрича, “битта тадбиркорлик субъектининг тезроқ соққа ишлашига имконият бериш учун” давлат имтиҳон марказларини шоша-пиша ёпиш орқали президент қарори талаблари бузилган.

Компания асосчиси Комил Алламжонов эса айбловларни рад этиб, депутатга “эски коррупциялашган тизим кўпроқ ёқиши мумкин”лиги ҳақида ёзди. Соққа қилиш гуноҳ ва жиноят эмаслигини урғулаган Алламжонов имтиҳон маркази фаолияти қонуний эканидан баҳс этган.

Бу орада ушбу марказ 1 апрелдан назарий ва амалий имтиҳон топширишга биринчи уриниш нархи 50 фоизга – 100 мингдан 150 минг сўмга оширилиши ҳақида хабар берди. Нарх ошиши ҳам ижтимоий тармоқларда кескин танқидий баҳоланди.

Ўзбекистонда русларни камситиш ҳолати мавжудми? Россия элчиси жавоб берди

Россия ташқи ишлар вазирлиги сўнгги пайтларда чет давлатларда русларга нисбатан камситиш бўлаётгани ҳақида маълум қилди. Мазкур мамлакатнинг Тошкентдаги элчиси Олег Мальгинов “Nova24” сайтига берган интервьюсида бу борада Ўзбекистондаги вазиятга баҳо берди.

Дипломатга кўра, ҳозирча Ўзбекистонда русларга нисбатан дискриминация қайд этилмаган, аммо ички зиддиятлар юзасидан элчихонага мурожаат қилаётганлар учраб туради

Буни ишонч билан айтишим мумкин. Чунки мен Ўзбекистонга келгунимга қадар 5 йил россиялик ватандошлар билан ишлаш департаментида директор бўлганман. Умуман олганда руслар, рус тили ва русийзабон аҳоли дискриминациясини батафсил биламан. Шундай экан, Ўзбекистонда бундай ҳолат йўқ. Ички низолар кузатилганда, одамлар баъзида элчихонага мурожаат қилади. Биз мазкур зиддиятларга аралашмасликка ҳаракат қиламиз, аммо ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қиламиз”, дейди О.Мальгинов.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил май ойида Россия президенти Владимир Путин МДҲ мамлакатлари рус тилини ўрганиши учун етарли даражада қўллаб-қувватланмаётганини айтган.

“Биз ушбу мамлакатларда рус тилини ривожлантиришга, рус тилини ўрганишни қўллаб-қувватлашга муносиб эътибор қаратишимиз лозим. Бизнинг манфаатларимиз тўлиқ мос келади, шунинг учун биз бу ерда фаол ишлашимиз керак”, деган Путин.

Абдулла Орипов рафиқаси: У киши “запрет”га тушмаганда касал бўлмасди, вафот ҳам этмасди...

Ўзбекистон халқ шоири, давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоева шоир умрининг сўнгги йилларини тақиқда ўтказгани ҳақида сўзлаб берди (www.daryo.uz, 21 март).

Ҳикоя қилинишича, Абдулла Орипов 2010-2011 йилларда Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги ҳамда Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлигидан олинган.

“Шу воқеалар уларга руҳан қаттиқ таъсир қилган. Агар ишлаб юрганида касал бўлмасди, вафот этмасди ҳам, деб ўйлайман. Шундан кейин “халқ душмани” дея “қора рўйхат”га киритилган. Агар бу халқнинг душмани бўлсангиз, дўсти ким экан, деб ҳайрон бўлардим. Абдулла аканинг бутун умри бир бўлди, охирги етти йилда уйда ўтиргани бир бўлди. Оммавий ахборот воситаларида чиқиши тақиқланди”, деб ҳикоя қилади шоирнинг умр йўлдоши.

Қайд этилишича, А. Орипов ўшанда ҳам биринчи президент ҳақида сира ёмон фикрга бормаган, норасмий тақиқни Ислом Каримов эмас, атрофидагиларнинг иши деб билган.

“Запрет”га тушгач, соғлиғида муаммолар пайдо бўла бошлади. Ўзимиздаги бир қанча шифохоналарда ётди, лекин қониқарли даражада шифо топмади”, деб эслайди Ҳанифа ая.

Шундан кейин шоир аввал Туркия, кейин АҚШда муолажа олган.

“Абдулла акани 75 ёшга киришига ҳеч ишонмасдим. Чунки жуссаси нозик ва табиатан жуда инжиқ одам бўлишига қарамай, йиллар давомида турли босимлар ва касалликларга дош бериб яшади”, дейди унинг рафиқаси.

А. Орипов 2016 йил 5 ноябрь куни Ҳьюстондаги (АҚШ) шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

XS
SM
MD
LG