Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:54

OzodDayjest: Тошкентда кунига икки тоннага яқин нон чиқиндига ташланмоқда


Шамолга дош беролмаётган янги биноларнинг зилзилабардошлиги ҳам савол остига олинди. Тошкентда тонналаб нон чиқиндига ташланаётгани танқидларга сабаб бўлмоқда. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Янги қурилаётган биноларнинг зилзилабардошлиги савол остига олинди

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида биноларнинг шамолда қулаши ёки томи учиб кетиши тез-тез кузатилмоқда (“Маҳалла” газетаси, 2021 йил 7-сон).

“Хоразмнинг Хонқа туманида жиноятчи ва коррупционерлар, қурилишда ўғриликларга йўл қўйганлар устидан жараёнларни олиб борадиган туман суди биноси томи бир лаҳзада ер билан битта бўлган. Яхшики, бирорта ҳам судья жабр кўргани йўқ, йўқса, шамол ҳам жиноий жавобгарликка тортилармиди?” дея киноя қилади муаллиф.

Шамолга дош беролмаётган биноларнинг зилзила бардошлигини савол остига олган газета бу борада Сейсмология институти, Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтидан аниқ жавоб ололмаган.

“Мутахассис биз кўтарган масала юзасидан янгилик ва бошқа гаплар кўплигини билдирмоқда. Умуман эса мамлакатимизда қурилаётган янги кўп қаватли биноларнинг 9 баллга дош бериши назарда тутилиши мазкур мутахассис томонидан ҳам таъкидланди. Олим ва мутахассислар шундай дегач, биз нима ҳам дердик. Фақат ҳали битмай қулаётган, топширилганига уч йил тўлмасдан деворлари ёрилиб, туллаб кетаётган сал шамолга учиб кетаётган иншоотларни эслаб, Ўзи асрасин дея дуо қилишдан ўзга чорамиз йўқ”, деб хулоса қилади муаллиф.

Ўзбекистонда ташқи қарз “туйнуклар”га йўналтиряптими? Депутат жавоб берди

Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистоннинг қарз ошиб кетяпти, бунга эҳтиёж бормиди, ҳукумат бизни ва келажак авлодларимизни қарзга ботирмоқчими?” каби саволлар оқими тўхтамаяпти. “Давлат қарзларни тўғри келган “туйнуклар”га йўналтиряпти” деган айбловлар ҳам айтилмоқда (“Халқ сўзи” газетаси, 23 февраль).

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шарофиддин Назаров бу фикрларни рад этар экан, мамлакат олаётган қарзлар бугунги куннинг талаби учун, ҳам келажак лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида сарфланаётганини айтди.

Ўзбекистонда кейинги беш йил ичида давлат қарзи, шу жумладан, ташқи қарз сезиларли даражада ошгани кузатилмоқда. 2021 йилнинг 9 ой якунларига кўра, давлат қарзининг қолдиғи 25 млрд АҚШ доллари миқдорини ёки ЯИМга нисбатан 38,4 фоизни ташкил қилмоқда.

Депутатга кўра, ташқи ва ички қарз белгиланган мезон кўрсаткичларидан ортиб кетмаган ҳолда долзарб ва натижадор лойиҳаларга йўналтирилса, бундай харажатлар иқтисодий хавфсизлик нуқтаи назаридан муаммо келтириб чиқармайди. Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон учун номинал қийматда давлат ташқи қарзини ЯИМга нисбатан 55 фоиздан оширмасликни тавсия қилган.

Ш.Назаров, айни чоқда, давлат қарзини самарали бошқаришнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари такомилга етказилган бўлиши кераклигини ҳам тан олади.

Қайд этилишича, “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда маъқулланган. Лойиҳада бу борада парламент назоратини кучайтириш кўзда тутилган.

“Миллий иқтисодиётимизни тез суръатларда ўстириш эвазига аҳоли жон бошига ЯИМни 2026 йил якуни билан 2,8 минг АҚШ долларига, 2030 йилга бориб эса 4 минг АҚШ доллари миқдорига етказиш жуда катта, масъулиятли ва оғир вазифа ҳисобланади. Бунинг учун иқтисодиётимиз ички ва ташқи қарз манбаларига муҳтож”, дея хулоса қилди парламент қўмитаси раиси Ш.Назаров.

Тошкентда кунига икки тоннага яқин нон чиқиндига ташланмоқда

Тошкент шаҳри “Махсустранс” ишлаб чиқариш бошқармаси маслаҳатчиси Исмоил Саъдуллаев шаҳар бўйича мингта чиқинди шохобчасининг ҳар биридан кунига 2-3 килограммдан жами икки тоннага яқин нон чиқиндига ташланиши ҳақида маълум қилди (“Оила ва табиат” газетаси, 25 февраль).

Ишчилар ноннинг яроқлисини чорва боқадиган одамларга бериб, моғорлаб кетганларини ариққа оқизмоқда.

“Бир кунгина дастурхонингизда нон бўлмасин ёки болангиз ярим тунда нон деб йиғлаб қолса қаердан бўлса ҳам топиб келтирасиз. Аммо тўқликка шўхлик қилиб ортган нонни ахлатга улоқтириш қанчалик тўғри? Бир бурда нон учун кечаю кундуз ишлайдиганлар ҳалиям бор. Иссиққина бўрсилдоқ нон эмас, оддий буханка еб кун кечираётганлар миллиондан ошиқ. Аслида ҳар қандай маҳсулотнингўзимизга етарлисини олишимиз керак эмасми?” деб ёзади муаллиф.

“Жамият” газетаси ҳам 25 февраль сонида айни шу мавзуни кўтариб чиққан.

“Дунё аҳолисининг қарийб 10 фоизи – 821,6 миллион атрофидаги инсон очарчиликка қарши курашаётган бир пайтда бизнинг бу исрофларимизни не деб аташ мумкин? 2 тоннага яқин нон-а! Энди шуни бир йиллигини ҳисоблайлик, 730 тоннага яқин нон исроф бўляпти. Бу биргина Тошкентнинг ўзида. Эҳ-ҳе, ҳали ҳамма вилоятимизни ҳисобласа, жуда ваҳимали сонлар чиқиб келса керак”, дея исрофдан сақланишга даъват этади муаллиф.

XS
SM
MD
LG