Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:02

OzodDayjest: Тошкент вилоятида 14 яшар қизнинг номусига теккан шахслар жазосиз қолмоқда


Адлия вазири мамлакатда интернет қамрови ҳолатини шармандали, деб баҳолади. Вояга етмаган қизнинг номусига теккан шахслар жазосиз қолмоқда. Олий суд судьяси ҳамкасбларининг маоши қанча экани очиқлашни истамади. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“XXI асрда уятли ҳолат бу!” – Ўзбекистон адлия вазири интернет қамрови ва тезлигини танқид қилди

Олий Мажлис сенатининг 13-ялпи мажлисида Адлия вазири Русланбек Давлетов 2020 йилдаги ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳақида маълумот берар экан, ахборот етказишдаги айрим муаммоларга ҳам тўхталди (“Миллий тикланиш” газетаси, 17 март).

Вазир ўрта асрларда босма дастгоҳ ихтиро қилингач, айрим давлатлар ахборот тарқалиши тезлашиб кетишидан қўрқиб, чекловлар қўйгани, натижада ривожланишда ортда қолганини эсга олди. Р.Давлетов ушбу фикрини Ўзбекистондаги ҳозирги ҳолатга қиёсан тушунтирди.

“Ҳозир ўзимиздаги ҳолат худди шунақа. Биринчи йўналиш – интернет. Интернет Ўзбекистонда қиммат. Интернет арзонлиги бўйича Ҳиндистон биринчи ўринда – 1 ГБ интернет 9 цент. Учинчи ўринда Қирғизистон – 2 минг сўм. Қозоғистон эса 1 ГБ интернет 6 минг сўм экани билан дунё бўйича олтинчи ўринда турибди. Биз эса 16 минг сўм нарх билан 54-ўринда турибмиз”, деган адлия вазири.

Қайд этилишича, Ўзбекистон интернет тезлиги бўйича 128-ўринда турибди. 100 МБ видеороликни юклаб олиш учун 10 дақиқа вақт кетяпти. Яъни бу жараёнда Ўзбекистонда ахборот тарқалиши ўз-ўзидан секинлашяпти.

“Ўзбекистонда аҳолининг интернет қамрови 51 фоиз ва бу жуда кам. Бутун дунё мисолида оладиган бўлсак, 51 фоиз интернет дегани XXI асрда бу жуда уятли ҳолат. Қозоғистонда аҳолининг интернет билан қамров даражаси 80 фоиз”, деган вазир.

Русланбек Давлетов ахборот тарқалишига нисбатан ёндашувни ўзгартиришга чақирди.

“Биз агар ахборот тарқатишни янгича ёндашув асосида қилмасак, бу жараёнлар аҳолининг ҳуқуқий онгига ҳам таъсир қилади, тескари эффект беради”, дея хулоса қилган мулозим.

Ўрта Чирчиқда вояга етмаган қиз номусига тажовуз қилган шахсларга чора кўрилмаяпти

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида 2020 йилнинг сентябрь ойида 14 ёшли қизни ўғирлаш, номусига тегишдек мудҳиш жиноятни содир этган шахслар жазосиз қолмоқда (www.uza.uz, 16 март).

2020 йил ёз ойларида қиз аммасининг уйига меҳмонга борган. Карантин туфайли кўчада транспорт ҳаракати чеклангани учун у уйга қайтиш мақсадида кўчада тўхтаган енгил машинага ўтирган. Машинадаги йигит қизни тоғли ҳудуддаги “дача”да олиб қочган ва дори ичирган. Ҳушини йўқотгач эса уни турли алфозда суратга туширган. Сўнг олиб қочилгани ҳақида бировга оғиз очмаслик шарти билан қўйиб юборган. Бир муддат ўтгач, йигит суратларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб, шарманда қилиш билан қўрқитиб қизни машинада кўп қаватли уйлардан бирига олиб борган. Қиз йўқолиб қолгач, оила аъзолари уни бир ҳафта мобайнида қидирган. Орадан бир неча кун ўтиб, қиз абгор аҳволда уйига кириб келган.

Маълум бўлишича, зўравон йигит қизнинг номусини топтаган ва уни овлоқ жойдаги темир контейнерга қамаб қўйган. Қиз бахтли тасодиф туфайли контейнердан чиқиб уйига қайтишга муваффақ бўлган.

Ота вояга етмаган қизини таҳқирлаган шахслар устидан 2020 йил сентябрь ойида Ўрта Чирчиқ тумани ИИБга мурожаат қилган. Аммо орадан олти ой ўтса-да, вояга етмаган қизалоқни таҳқирлаган шахсларга ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Ушбу хабар ортидан Олий Мажлис Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси тергов иши ҳар томонлама тўлиқ ва холисона олиб борилишини назоратга олганини маълум қилди.

2021 йил январь ойида Фарғона вилояти Қува туманидаги коллежнинг учинчи курсида ўқиётган 19 ёшли қиз ҳам ўғирлаб кетилгани ва бир ой давомида уч киши томонидан мунтазам зўрлангани ҳақида сўзлаб берган эди. ИИБ ушбу мурожаатни ўрганиб чиқиб, жиноят аломати йўқ дея жиноят иши қўзғатишни рад этган.

Олий суд судьяси маоши миқдорини очиқлашдан бош тортди

Олий суд судьяси Абдувоҳид Қосимов судьяларнинг маоши қанча экани хусусидаги саволга очиқ жавоб бермади (www.daryo.uz, 17 март).

“Ўзбекистонда 1300 дан ортиқ судья бор. Маошимиз қанча экани ҳеч кимга сир эмас, бироқ у битта оилани боқишга етади. Ўйлашимизча, буни очиқлаш шарт эмас” деган Қосимов Олий судда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

У маош миқдорини очиқламаганини жамиятда юзага келиши мумкин бўлган танқидий муҳокамаларнинг олдини олиш истаги билан изоҳлаган.

“Шунча ойлик олгани учун афтидан, коррупцияга йўл қўйган” ёки “шунча маош олишига қарамай, нимага барибир коррупция билан шуғулланмоқда” қабилидаги танқидий фикрларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан судьялар маоши очиқланмаслиги керак, деб ҳисоблаймиз. Худога шукр, маошимиз оиламизни боқишга етяпти”, деган Олий суд судьяси.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ҳам судьялар давлат томонидан “етарли даражада молиявий таъминлагани”ни айтиш билан чекланган.

2019 йил декабрда Олий суд судьяси Иброҳим Тожиев олий маҳкамада фаолият юритаётган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 5 миллион сўмдан 8 миллион сўмгача етишини маълум қилганди.

XS
SM
MD
LG