Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:48

OzodDayjest: Коррупциядан қутулиш учун ҳукумат ўз амалдорларини тўғри тарбиялаши керак - адлия вазири


Адлия вазири Русланбек Давлетов
Адлия вазири Русланбек Давлетов

Фарғоналик фермерлардан емаган сомса учун пул талаб қилинмоқда. Адлия вазири амалдорларни менталитет билан боғлиқ бўлган коррупцияда айблади. Самарқандда топилган қадимий қоятошлар қурилиш учун ишлатилмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Фарғонача кўзбўямачилик: хорижга бир сўмлик ҳам мева сотмаган фермерлар қоғозда йирик экспортчи бўлиб чиқди

Фарғона вилояти Қува туманида мева экспорти билан боғлиқ шубҳали ҳолат рўй берди (“Рост24”, 12 февраль). Бир гуруҳ боғдорчилик фермер хўжаликлари раҳбарларига 2020 йил сентябрь-октябрь ойларида маҳсулот экспорти учун ўртача 300-450 миллион сўм солиқ ва жарима тўлаш ҳақида огоҳлантириш юборилган. Масалан, “Фар Мухтасар дунё” фермер хўжалиги раҳбарига Қозоғистонга интенсив кўчатлар сотгани, узум, ғайноли, шафтоли экспорт қилгани учун 330 миллион сўм солиқ ва жарима тўлаш юкланган. Ваҳоланки, у на мева, на кўчат экспорт қилган.

Қайд этилишича, 2019 йили Қува тумани ҳокими номидан келган масъуллар фермер хўжаликларининг электрон рақамли имзоси ва муҳрини олиб кетган ва улар номдан жуда катта миқдорда экспорт амалга оширилган.

Вилоятнинг янги ҳокими Х. Бозоров фермерлар арзини тинглаб, муаммо қонуний асосда ҳал этилишига ваъда берган. Аммо орадан бир ой ўтса-да, қувалик фермерлар туман ва вилоят идоралари ўртасида сарсону саргардон, ҳамон калаванинг учи топилгани йўқ!

“Бу ишга нафақат ҳокимият, чегара, божхона, карантин хизматлари қай даражада алоқадор? Аслида экспорт қилинганми ўзи?” дея мутасаддиларни саволга тутади “Рост24” нашри.

Адлия вазири янги тайинланган мансабдорлар ишни машина харидидан бошлашига муносабат билдирди

Адлия вазири Русланбек Давлетов раҳбар лавозимга янги тайинланган мансабдорлар шахсий хизмат хонасини таъмирлаши ёки машина харид қилишга тушиб кетиши ҳақида фикр билдирди (www.gazeta.uz, 16 февраль).

“Шунақа одат бор, янги раҳбар ишга келганидан кейин дарров хонасини таъмирлашни бошлайди. Бошидан биноларни, катта-катта пулларни харажат қилади. Машиналар бўйича, мана, қандай муаммолар туғиляпти”, дея таъкидлаган у.

Вазирнинг айтишича, бу менталитет билан боғлиқ бўлган коррупциядир ва ундан қутулиш учун ҳукумат ўз амалдорларини тўғри тарбиялай олиши керак.

“Ҳамма айтадики, жамият ўзини ўзи тарбиялай оладими? Мен ўйлайманки, биринчидан, бу – давлат ва ҳукуматнинг масъулияти. Одамларга шуни тўғри тушунтириш, янги ғоялар ва стандартларни жорий қилиш керак. Чунки коррупция асосан қаерда бўляпти? Давлат иштирок этган бўғинда бўляпти. Шунинг учун, биринчи навбатда, ҳукумат ўзининг амалдорларини тўғри тарбиялай олиши керак”, деган Р. Давлетов.

Адлия вазири, шунингдек, раҳбарларга совға бериш каби коррупцияга етакловчи одатлардан воз кечиш лозимлигини қайд этган.

Самарқандда неолит даврига оид қоятошлар қурилиш учун ишлатиляпти

Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Ботбот қишлоғида топилган қадимий қоятошлар қурилиш учун ишлатилмоқда (www.kun.uz, 16 февраль). Қадимий қоятошларни ушбу туманидаги 19-умумтаълим мактаби ўқувчиси пайқаб қолган ва катталарга бу ҳақда хабар берган. Аммо бир неча минг йиллик тарихга эга экани тахмин қилинаётган осори атиқалар айни пайтда шунчаки қурилиш материали сифатида истифода этилмоқда.

СамДУ доценти Одил Эргашев тасвирлар ҳақиқатан қадимий эканини билдирган. Айни вақтда у ушбу манзилдаги тошлардан намуналар олиб кетилгани, изланишлар олиб борилаётганини маълум қилган. Топилган янги манзил бир неча ўн йиллик тадқиқотларга асос бўлиши кутилмоқда. Аммо бунинг учун осори атиқалар сақлаб қолиниши керак.

Kun.uz нашри ўтган йили Самарқанд вилояти Пайариқ туманининг Аламли қишлоғидаги қадимий манзилгоҳ қоятошлари ҳам қурилиш мақсадида ишлатилаётгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG