Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:42

OzodDayjest: Журналист аёлни ёмонотлиқ қилганларни тополмаган ИИВга эътироз билдирилди


“Qalampir.uz” журналистини ёмонотлиқ қилишга уринганларнинг топилмаётгани ортидан ИИВ танқидга учради. “Биринчи қўнғироқ” куни кўп мактабларда 1-синф ўқувчилари президент совғаларидан бебаҳра қолгани айтилмоқда. Қаршидаги можарода 19 ёшли спортчи тўппончадан яраланди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

ИИВ ҳали-ҳамон журналист аёл ҳақида жирканч видео тарқатганларни топа олмади

“Qalampir.uz” журналисти Феруза Нажмиддинованинг номини ёмонотлиққа чиқариш мақсадида ижтимоий тармоқларда монтаж қилинган жирканч видео тарқатилганига бир ой тўлди. Ички ишлар идоралари ҳолат бўйича жиноят иши очди, аммо айбдорлар ҳали ҳам топилгани йўқ (www.qalampir.uz, 7 cентябрь).

Август ойи бошларида интернетда Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг бири балконида шахси номаълум аёл ва эркак ишқий муносабати акс этган номақбул видео тарқалди. Орадан бир муддат ўтиб ижтимоий тармоқларга бошқа бир видео жойлаштирилди. Унда ушбу видео қаҳрамони бўлган аёл гўё “Qalampir.uz” журналисти Феруза Нажмиддинова экани иддао қилинади.

Танқидий чиқишлари билан танилган журналист аёлнинг шаънини топташга уриниш Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси томонидан қораланди. Ижтимоий тармоқларда Ф. Нажмиддиновани қўллаб-қувватлашга қаратилган “Мен Ферузаман” акцияси бўлиб ўтди. Мазкур акцияга президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёева ҳам қўшилди.

“Qalampir.uz” нашри бу вақт оралиғида Ф. Нажмиддиновага туҳмат ҳолати бўйича тергов юзасидан ҳуқуқ-тартибот бир неча бор мурожаат қилган, аммо тайинли жавоб ололмаган.

“Журналистга, ҳукуматнинг ваъдаларига ишониб, жамиятда ўз ўрнини топишга интилиб бораётган аёлга нисбатан туҳмат – айримлар учун бир-икки кунлик шов-шув, пиар ёки ўзини борлигини билдириб қўйиш, баёнот бериш билан обрў қозониш учун восита эмас. Бу ҳуқуқ тартибот органлари мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қанчалик самарали фаолият юритаётгани, замонавий технологиялар билан қанчалик таъминланганию уларни ишлата оладиган, киберхавфсизлик, ахборот технологиялар орқали амалга ошириладиган жиноятларни иссиқ изидан фош этадиган мутахассислар мавжудлиги ё йўқлигини кўрсатади”, - дея жиноятни тезроқ фош этишга чорлаган “Qalampir.uz” нашри.

Кўп мактабларга 1-синф ўқувчиларига аталган президент совғаси етиб бормади

Ўзбекистон бўйлаб кўплаб мактабларда 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар “Биринчи қўнғироқ” кунида президент совғаларини ололмади (www.kun.uz, 8 cентябрь).

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги 1-мактабда 1-синф ўқувчилари ўқув йилининг илк кунини президент совғасисиз бошлагани ҳақидаги сурат тарқалди. Маълум бўлишича, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай ҳолат кузатилган. Масалан, Қашқадарё вилоятида 1-синфга борган ўқувчиларнинг ярмидан кўпига президент совғаси берилмаган.

Айрим ҳудудларга эса ўқув қуроллари тўлиқ етказиб берилмаган. “Kun.uz” суҳбатлашган ота-оналар тўпламларда рангли қаламлар, пенал ва дарсликлар йўқлиги, клей сифатсиз эканини маълум қилган.

Халқ таълими вазирлиги ота-оналарни вазиятни тўғри қабул қилишга чақирган ва совғалар тез кунда ҳар бир болага етиб боришига ваъда берган.

Тартибга кўра, президент совғасини етказиб бериш учун ҳар йили ХТВ қошидаги “Ўқув таълим-таъминот” ДУК томонидан тендер ўтказилади. Тендерда қатнашган корхоналарга юридик хизмат кўрсатувчи ҳуқуқшунос Неъмат Шердонаев бу галги тендер шаффоф ўтганини шубҳа остига олган.

Эслатиб ўтамиз, 6 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 10 мингдан зиёд умумтаълим мактабида анъанавий шаклда дарс бошланди. Бу йил мактабларнинг 1-синфига 600 мингга яқин бола қабул қилинди.

Қаршида яна можаро: 19 ёшли спортчи тўппончадан ўқ еди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида бир гуруҳ ёшлар ўртасида оммавий жанжал рўй берди (www.sof.uz, 9 cентябрь). Кеч соат 21:30 да Қарши марказида, вилоят ҳокимлиги биноси яқинида юз берган оммавий жанжал пайти 19 ёшли спортчи пневматик тўппончадан ўқ еб яраланган.

“Воқеа жойига профилактика инспектори келиб қолмаганида бу можаро қандай якун топган бўларди – номаълум. Маълум бўлишича, жанжал иштирокчиларининг аксарияти Қашқадарё олийгоҳларида ўқиётган талабалар, айримлари ўқишга энди кирган йигитлар бўлган. Уларнинг деярли барчаси спорт билан шуғулланади, ораларида Ўзбекистон чемпиони ҳам бор. Нима учун жанжалда иштирок этдингиз деган саволга улар дўстини хафа қилишганида қараб туролмаслигини билдирган”, - дейилган хабарда.

Пневматик тўппончадан ўқ узган йигит қамоққа олинган. Жанжалнинг қолган иштирокчиларини жарима ёки 15 кунлик қамоқ жазоси кутмоқда.

Бу – Қарши шаҳрида сўнгги ҳафталарда кузатилган спортчилар билан боғлиқ иккинчи йирик жанжалдир. 17 август куни Қаршида ушу-санда бўйича жаҳон чемпиони, MMA жангчиси Элбек Раҳимов бир гуруҳ шахслар томонидан ваҳшийларча калтакланиши оқибатида вафот этган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган ва 8 нафар шахс гумонланувчи тариқасида жалб қилинган.

XS
SM
MD
LG