Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:52

OzodDayjest: Ғазнадан ўмаришлар – вазирлар зиммасига шахсий жавобгарлик юклаш таклиф этилмоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Фермерлар ҳокимлар уларнинг фаолиятига доимий аралашаётганидан норози. “Тошкент сити”дан юзлаб одам қувиб чиқарилди. Президент Салим Абдувалиевни мукофотлади. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Мамлакат бўйлаб фермерларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани тасдиқланди

Адлия вазирлиги “Фермерга мадад” акцияси доирасида ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижаларига асосланиб бир қатор муаммо ва камчиликларни санаб ўтди (www.kun.uz, 28 август). Акция доирасида фермерлар билан тайёрловчи, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда 156 мингдан зиёд хато ва камчиликлар аниқланган. Энг кўп қоидабузарликлар Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида қайд этилган.

Ўрганишларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан фермерлар ўртасидаги шартномалар 34 861 та ҳолатда кечикиб тузилгани, 48 396 та шартнома ҳудудий қишлоқ хўжалиги бўлимларидан рўйхатдан ўтмагани аниқланган.

“Ер ижара шартномаси тузилмаса, ҳокимликларга қўл келади, улар исталган вақтда фермердан ерни олиб қўйиши ёки фермерга исталган қўшимча талабни қўйиши мумкин”, дейилади вазирлик ахборотида.

Шунингдек, ўрганишлар кўп ҳолларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўзларининг монопол мавқеидан фойдаланиб, айрим ҳолларда эса давлат органларининг аралашуви билан шартномавий муносабатларда фермерлар манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар қилаётганини кўрсатган.

Республика бўйича 24 мингдан ортиқ фермер хўжаликларига 180 млрд сўмдан ортиқ маблағ ўз вақтида тўлаб берилмаган. Жумладан, фермерлардан пахта тўқимачилик кластерлари 39 млрд сўм, “Қишлоқхўжаликкимё” АЖ корхоналари 36 млрд сўм, ғаллачилик кластерлари 34 млрд сўм, дон корхоналари 27,6 млрд сўм, нефть корхоналари 17 млрд сўм қарздор.

Сўровда иштирок этган 40 фоиздан ортиқ фермерлар шартномадан ортиқча ғаллани топширишга мажбур қилинганини билдирган. Шунингдек, фермерлар ҳокимлар уларнинг фаолиятига доимий аралашаётганидан шикоят қилган.

Талон-торож борасида “етакчиликни қўлдан бой бермаётган” вазирликлар очиқланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якуни танқидий кўриб чиқилди (“Маҳалла” газетаси, 28 август). Ўтган ярим йилликда ҳам Халқ таълими вазирлиги (65,2 млрд сўм), Мактабгача таълим вазирлиги (59,2 млрд сўм) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (41,7 млрд сўм) бюджет маблағларини талон-торож қилиш бўйича “етакчиликни қўлдан бой бермаган”.

“Афсуски, бу рақамлар фақат молиявий назорат тадбирлари давомида аниқланган камчиликлар, холос. Аниқланмаганлари бундан ҳам кўп бўлиши эса ҳақиқатга яқинроқ”, деб ёзади газета.

Вазирликларнин ички аудит ва молиявий назорат хизматлари қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаб, ҳужжатларни чора кўриш учун белгиланган тартибда тегишли органларга ўтказиш ўрнига хатоларни яшириш, маблағларни ўзлаштиришга шароит яратиб берган. Бу ҳолат давлат бюджети ижроси бўйича амалдаги молиявий назорат тизими самарасиз ишлаётганини кўрсатмоқда.

“Ваҳоланки, мактаблар инфратузилмаси билан боғлиқ ҳолатлар ҳеч кимга сир эмас: ҳали-ҳануз чекка ҳудудларда айрим ўқувчилар пастқам, пахсадан қурилган биноларда, эскириб, муддати ўтиб бўлган парталарда ўтириб, компьютерсиз, интернетсиз таълим олишга мажбур бўлмоқда. Буни вазирлик билмайдими?” деб ёзади газета.

Таъкидланишича, бюджет ижросидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида унинг ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтириш, масъул вазирлик-идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарликни юклаш, ҳукумат эса юзага келган салбий ҳолатларни чуқур таҳлилдан ўтказиши, очиқ ва таъсирчан чоралар кўриши зарур.

“Тошкент сити”да ишкал: битта “Love Story” учун юзлаб одам қувиб чиқарилди

Кўп сонли меҳмонлар қўриқчилар томонидан “Тошкент сити”дан асосли сабабсиз қувиб чиқарилди (www.xabar.uz, 31 август). Бу ҳақда халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши депутати Обиджон Латипов ёзди.

Қайд этилишича, мажмуа ҳудудига пул тўлаб кирган юзлаб меҳмон амфитеатрда фавворани томоша қилаётган пайтда қўққисдан қўриқчилар келиб, ҳаммани ташқарига ҳайдаган.

“Бироздан сўнг 4 киши пайдо бўлиб, икки севишганларни видеога ола бошлади, орада улар учун махсус буюртма мусиқа билан фаввора қайта ишга туширилди. Aйтилган тадбир шу экан. Бемаънилик. Икки севишганнинг “Love Story”си сабаб, паркка пул тўлаб кирган бир неча юз киши дам олиб ўтирган ўрнидан турғизиб, амфитеатрдан ҳайдаб чиқарилди. Йўлаклар ҳам қўриқчилар томонидан тўсиб қўйилди. Бу ҳолат жаҳлимни чиқарди, чунки ҳайдалганлар орасида ота-онам тенги ёши катта инсонлар ҳам бор эди”, деб ёзади депутат.

О.Латипов солиқ тўловчилар ҳисобидан, божхона ва солиқ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда қурилган мажмуанинг пулли эканига ҳам эътироз билдирган.

“Нега доим халқ пулига қурилган иншоотлар кимларнингдир шахсий томорқасига айланиб қолаверади? Нега харажати халқ бўйнида-ю, тушуми чўнтакка? Нега паркка пул тўлаб кирилиши керак ўзи? Бу қонунчиликка қанчалик тўғри келади? Дейлик, истеъмолчи қайси кўрсатилган хизматга пул тўлайди? Aгар хизмат кўрсатилмаса нега пул тўлаш керак? Пул тўламасак киргизмайдиган, пул тўласак ҳам исталган вақтда ҳайдаб чиқариб юборишлари мумкин бўлган шундай парклар бизга керакми?” дея пойтахт ҳокимлигини саволга тутган депутат.

Қашқадарё: ҳомиладор аёллар туғруқхонага эшакда бормоқда

Ислоҳотлар шабодаси барча ҳудудларга ҳам бирдек етиб бормаяпти (“Адолат” газетаси, 27 август). Масалан, Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қизилқишлоқ қишлоғида ҳомиладор аёллар туғруқхонага эшакда бормоқда. Қишлоқда ҳатто тиббий пункт ҳам йўқ.

“Қишлоғимиз аёлини икки қоп сомон ортилган отга ётқизиб, туғруқхонага олиб борганман. Касалларни эшакда касалхонага олиб борамиз. Бизнинг қишлоққа умуман тез тиббий ёрдам машинаси келмайди. Мен ўз машинамда бир неча йилдан бери қишлоғимизнинг 38 нафар аёлини туғруқхонага элтганман. Улардан 8 нафари йўлда кўзи ёриган. Бир нечта аёл ва гўдаклар йўл қийинчилиги сабаб касалхонага етмай нобуд бўлган”, дейди шу ерлик Нормамат Раҳимов.

Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон уруши даврида қўл меҳнати билан барпо қилинган йўл ҳалигача янгиланмаган. Ичимлик сув, электр энергияси бўйича ҳам муаммолар йиғилиб қолган ҳудудни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритиш тавсия этилган. Қайд этилишича, ҳозирда мамлакатда шароити оғир 796 та қишлоқ ва 188 та маҳалла мавжуд.

Салимбой президентдан мукофот олди; Ғофурбой янги мактаб қурилишига ҳомийлик қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таниқли тадбиркор, халқ орасида “Салимбойвачча” деб танилган Салим Абдувалиевни “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” унвони билан тақдирлади (www.qalampir.uz, 30 август).

С.Абдувалиев 2017 йил январь ойида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимига сайланган. Мазкур шахс ҳақида зиддиятли фикрлар мавжуд. Жумладан, у жиноят оламига алоқадор деб кўрилади. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ўн йиллар олдинги дипломатик ёзишмаларда уни “ўзбек мафиясининг хўжайини” деб атагани маълум. С.Абдувалиев 1997 йилдан буён Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясига ҳам раҳбарлик қилиб келмоқда.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, 30 август куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида яна бир таниқли тадбиркор Ғофур Раҳимов ҳомийлигида қурилган 45-мактабнинг очилиши маросими бўлиб ўтган. STEM (science, technology, engineering, mathematics – фан, технология, муҳандислик ва математика) фанларига ихтисослашган таълим маскани замонавий жиҳозлар ва сўнгги ахборот технологиялари билан жиҳозланган. Мактаб очилиш маросимида Ғофур Раҳимов ҳамда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов рамзий маънода кўчат эккан.

АҚШ молия вазирлиги 2012 йили Ғ.Раҳимовни уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчилари рўйхатига киритган. Мазкур тақиқ ортидан у 2019 йили Халқаро бокс ассоциацияси – AIBA президенти лавозимидан истеъфо беришга мажбур бўлган. Тадбиркор қора рўйхатга ноқонуний киритилганини асослаб, ундан чиқаришни сўраб ариза киритган. Колумбия округ суди бу аризани қаноатлантирмаган.

XS
SM
MD
LG