Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:08

OzodDayjest: Оқ уйга Жо Байденнинг келиши Ўзбекистонга қандай таъсир этиши айтилди


АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден.
АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден.

Божхоначининг уйидан 310 минг доллар чиққани даромадларни декларациялаш муҳим эканини кўрсатмоқда. Ўзбекистонда об-ҳаво ва табиий офатлар ҳақидаги маълумотлар уч соатга кечикмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Божхоначининг уйидан 310 минг доллар чиққани даромадларни декларациялаш муҳим эканини кўрсатмоқда

Ўзбекистон бош прокурори коррупцияга бағишланган мажлисда ҳибсга олинган “Aрк Булоқ” божхона пости раҳбарининг уйида тинтув ўтказилганда 311 минг доллар топилгани ҳақида маълум қилган эди.

Мансабдор жиноий фаолиятдан олинган даромаддан фойдаланиб “Tashkent City” да иккита уй ва нотурар жой, “Captiva” автомобили сотиб олиб, уй қурган.

Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров ушбу ҳолатга муносабат билдириб, давлат амалдорлари ҳамда уларнинг қариндош-уруғи даромадлари ҳамда мол-мулкини декларациялаш ўта муҳим эканига эътибор қаратган.

“Атрофингизга бир қаранг, айрим давлат амалдорлари, ҳокимлар, уларнинг фарзандлари, қариндошлари қандай ҳаёт тарзини кечирмоқда. Уларнинг ҳаёт тарзи бир кунлик харажати бир ойлик расмий даромадидан ҳам кўп. Қўша-қўша хонадонлар, қават-қават уй-жойлар, чет элдаги активлар, қиммат ва намойишкорона ҳаёт – булар бир қатор ўзбек амалдорларининг нормага айланган атрибутидек бўлиб қолган”, - деб ёзади О.Бакиров.

Телеграмдги Davletov.uz канали эса мазкур жиноят хусусида хабар берар экан, божхона идорасининг банк сирига эгалик қилишга уринишини танқид қилди.

“Банк сирига эгалик қилмоқчи бўлишади, одамларнинг чет элдан қиладиган харидлари лимитини кескин қисқартиришмоқчи бўлишади. Бу ишларини жамоатчилик танқид қилса, гўёки ўзларини фақат Ўзбекистон равнақини ўйлаётгандек кўрсатишади. Аслида-чи?.. Буларни “гуруч курмаксиз бўлмайди, тизимга бир-иккита виждонсиз ходимлар кириб қолган” деган важ билан оқлаб бўлмайди”,-дея мулоҳаза юритади блогер.

АҚШда президент ўзгариши Ўзбекистонга қандай таъсир этиши баҳоланди

АҚШ президентлигига демократик партия вакили Жо Байденнинг сайланиши Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёнини янада илдамлатиши мумкин, деб ҳисоблайди Нагоя иқтисодиёт университети профессори, эксперт Алишер Умирдинов (www.sof.uz, 11 ноябрь).

15 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги масаласи яна кун тартибига чиқди ва ишчи гуруҳи қайтадан иш бошлади.

А.Умирдиновга кўра, жараён эндигина фаоллашаётган паллада президент Дональд Трампнинг сиёсати туфайли ЖСТ бошқаруви, айниқса, унинг низоларни ҳал этиш тизими боши берк кўчага кириб қолди.

Хусусан, АҚШ кўпчилик давлатлардан фарқли равишда халқаро тузилма бош директорини тайинлашда кореялик номзодни ёқлаб, тайинлов жараёнини тўхтатиб қўйди. Шунингдек, Вашингтон ташкилотнинг низоларни ҳал этиш тизимидаги апелляция органига аъзоларни сайлашни блоклаш орқали уни фалаж ҳолатига тушириб қўйди.

Қайд этилишича, Оқ уй соҳибининг ўзгариши билан ЖСТ фаолияти жонланиши ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро тузилмага аъзолиги борасида ижобий янгиликлар бўлишига умид қилиш мумкин.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти илмий ходими Равшан Назаров Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги берган интервьюсида сайловда Жо Байден узил-кесил ғалаба қозонган тақдирда ҳам Оқ уйнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати ўзгартирмаслигини тахмин қилган.

Об-ҳаво ва табиий офатлар ҳақидаги маълумотлар кечикаётгани сабаби очиқланди

Ўзбекистонда гидрометеорология хизматига йиллар давомида эътибор берилмагани оқибатида мазкур соҳа замондан орқада қолиб кетди (“Маҳалла” газетаси, 12 ноябрь).

1995 йилдан буён аэрологик кузатув ўтказилмайди. Бу эса об-ҳаво ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигини пасайтиради.

Халқаро стандарт бўйича мамлакат ҳудудида 4 мингта станция бўлиши зарур, аммо Ўзбекистонда айни пайтда 335 та станция фаолият юритмоқда.

Гидрометеорология хизмати марказининг моддий-техник базаси ҳам талабга жавоб бермайди, ускуналар аллақачон эскирган. Мавжуд 70 та станциянинг атиги 14 таси автоматлашган.

Прогнозлар ўн йил олдинги дастурий маҳсулотлар асосида тайёрланмоқда. Оқибатда об-ҳаво ва табиий офатлар ҳақидаги маълумотлар уч соатгача кечикмоқда. Ваҳоланки, жаҳон тажрибасида бу кўрсаткич 10 дақиқани ташкил этади.

Гидрометеорология хизмати маркази бош директори Шерзод Ҳабибуллаевга кўра, президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда соҳани ривожлантириш бўйича асосий йўналишларни белгилаб берди.

Эндиликда эскирган техникалар буткул янгиланади. Ҳавонинг ўзгариши, булутларнинг ҳаракати, шамол, сувларнинг оқими бўйича ягона давлат геоахборот станцияси ишга туширилади. Тизимнинг такомиллаштирилиши табиий офатлардан олдиндан хабардор бўлиш имконини оширади.

XS
SM
MD
LG