Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:00

OzodDayjest: Сенат раисининг “халқ ҳокимларни сайлашга тайёр эмас” деган фикри эътироз уйғотди


Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.

Сенат раисининг “халқ ҳокимларни сайлашга тайёр эмас” деган фикри эътироз уйғотди “Рақобат йўқлиги сабабли “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ривожланишга интилмаяпти”.32 ёшли фуқаро: “ИИБ ходимлари кўз ўнгида пичоқландим, улар томошабин бўлиб турди”, деб иддао қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Сенат раиси: “Ҳокимларни сайлаш тизимига ўтишга ҳали тайёр эмасмиз”

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳокимларнинг сайланиши борасидаги баҳслар юзасидан фикр билдирди (www.kun.uz, 6 октябрь).

“Ҳокимлар сайлови бўлиши керак. Албатта, демократик давлатларнинг ҳаммасида мана шундай жараён, сайлов орқали маҳаллий ижро органлари сайланади. Бизда ҳам шу жараёнга қадамлар қўйиляпти. Куни кеча ҳам видеоселекторда давлатимиз раҳбари буни яна бир бор таъкидлаб ўтди. Лекин қачон бўлади, деган саволингизга мен ҳозир аниқ жавоб беролмайман. Бизда ҳаммаси босқичма-босқич бўляпти. Биз ўзимиз ҳали ҳокимлар сайловига тайёр эмасмиз” деган Т.Норбоева.

Сенат раиси ҳокимларнинг сенатор бўлиши борасида жамоатчиликда эътирозлар кўп экани хусусида ҳам тўхталиб, маҳаллий ижро органлари билан вакиллик органларини ҳам ажралиши кераклигини таъкидлаган.

Унинг айтишича, депутатлар ижро органида ишламаслиги, ижро органида ишлайдиганлар сенатор бўлмаслиги керак.

Т.Норбоеванинг аҳоли ҳокимларни сайлашга тайёр эмас деган фикри ижтимоий тармоқда эътироз уйғотди.

“Менинг ақлим етмаган нарса шундаки, янги Ўзбекистонни қураётган ва бир қатор ислоҳотларни амалга ошираётган президентни сайлаган халқ — наҳотки, битта туманчанинг ҳокимчасини сайлашга тайёр эмас?! Давлатнинг иккинчи шахси – Сенат раиси Т.Норбоевани ўтган йили депутатликка сайлаган халқ – наҳот битта ҳокимни сайлашга тайёр бўлмаса?!” деб ёзди Телеграмдаги “Mufasa” канали муаллифи.

Ҳокимлар бевосита халқ томонидан сайланиши ҳақидаги фикр илк бор 2016 йилда кун тартибига чиққан. 2020 йил май ойида “Mening fikrim” порталига жойлаштирилган ҳокимларни халқ томонидан сайлаш амалиётини жорий этиш ҳақидаги петиция 10 мингдан ортиқ овоз йиққан.

Гарчи ушбу электрон жамоавий мурожаат Олий Мажлис палаталари ёки халқ депутатлари маҳаллий кенгаши томонидан кўриб чиқилиши керак бўлса-да, ушбу петициянинг кейинги тақдири маълум эмас.

Парламент: “Рақобат йўқлиги сабабли “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ривожланишга интилмаяпти”

Монополияга қарши курашиш қўмитасида Олий Мажлис Сенати қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзидаги сайёр мажлиси бўлиб ўтди (www.gazeta.uz, 6 октябрь).

Мажлисда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports, “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятлари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ички бозорда рақобатнинг мавжуд эмаслиги сабабли “Ўзбекистон ҳаво йўллари” хизматлар сифатини ошириш ва мослашувчан тариф сиёсатини қўллашдан манфаатдор эмас.

2010 йилдан бери авиакомпания парвозлар сонини атиги 15 фоизга оширди.

Самолётларнинг озлиги эса компаниянинг янги йўналишларни жорий этиш, парвозларни кўпайтириш ва самарадорликни ошириш имкониятларини чеклайди.

Парвозлар тоифасини танлашнинг мураккаб тизими ҳам истеъмолчилар томонидан салбий тасаввурлар шаклланишига олиб келмоқда.

Шунингдек, Uzbekistan Airways юк ташишни ривожлантиришга қўшимча даромад манбаи сифатида қарамаётир.

Кўрсатилаётган хизматларнинг атиги 0,03 фоизи юк ташишга тўғри келади. Бу 35 фоизлик жаҳон стандартларидан анча паст ва мавжуд салоҳиятдан етарли даражада фойдаланилмаётганини тасдиқлайди.

32 ёшли фуқаро: “ИИБ ходимлари кўз ўнгида пичоқландим, улар томошабин бўлиб турди”

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 32 ёшли фуқаро тўрт нафар ИИБ ходимининг кўз ўнгида пичоқланди (www.daryo.uz, 7 октябрь).

Воқеа 2020 йил 4 октябрь куни Чироқчи тумани “Жар” қишлоқ фуқаролар йиғинида содир бўлган.

Спиртли ичимликлар дўкони эгаси бўлган аёл жабрланувчи Дилшод Марқаевни дўконга кириб гаплашиб олишга таклиф этган.

Йигит спиртли ичимлик сотиладиган дўконга кирмаслигини айтган. Шунда аёл уни ҳақорат қилиб, юзига урган. Бу орада аёлнинг ўғли ва унинг уч нафар таниши Дилшод Марқаев билан “гаплашиб олиш учун” келган.

Шу тариқа у тўрт нафар ИИБ ходими гувоҳлигида бели ва думбасидан пичоқланган.

“ИИБ ходимлари воқеаларни фақат томоша қилиш билан кифояланди” деган Д.Марқаев.

Атрофда одамлар тўплана бошлагач, ИИБ ходимлари беморни хизмат машинасида туман шифохонасига олиб борган ва тез орада ғойиб бўлишган. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Бердимурод Янгибоев беморнинг аҳволини ўрта ҳолатда деб баҳолаган.

Жабрланувчи Дилшод Марқаев унинг ҳаётига қасд қилмоқчи бўлганлар иши ўрганилмаётгани, ИИБ ходимлари айбдорларга шерик бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Вилоят ИИБ матбуот хизмати воқеа ҳақида тез орада батафсил маълумот берилишини билдирган.

XS
SM
MD
LG