Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Абитуриент: "Саволларимга ҳеч қайси вазирлик аниқ жавоб бермади"


Uzbekistan- Banner OzodMaktub
Uzbekistan- Banner OzodMaktub

"Халқимизда "Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди" деган мақол бор. Худди шу мақол ўз исботини топиб, аризамга Давлат Тест Маркази ва қатор вазирликлар етарлича ёндашмади. Ахир, қанақа исбот керак? Бу - тест марказининг вазифаси. Мен телефон олиб кирмаган бўлсам, қанақа қилиб тест жараёни ҳаққоний ўтмаганини видеога оламан? Бу вазирликлардаги ходимларнинг вазифаси эдику?!"

Бу Озодликка келган ва эътиборингизга ҳавола қилаётганимиз хатдан парчадир. Исмини ошкор қилмасликни сўраган иштиҳонлик абитуриент хатининг, бир қарашда "мавсуми ўтган". Лекин бир қарашда, холос. Чунки унда тестдан кейинги гаплар ҳам бор.

Хатни таҳрирсиз, муаллифнинг имло ва пунктуациясини сақлаган ҳолда эълон қилаяпмиз.

***

Самарқанд вилоят, Иштихон туман, Митан шаҳарчасида 1996-йили туғилганман. Биласизми, 3 йил умрим ҳақиқат излаб ўтяпти. Бу йил 1 август куни Давлат тест Маркази СамДУ биология факультетига топширувчи абитурентларга тестнинг ҳаққоний ўтиши етарли даражада таъминламади. Имтиҳон медколлежда бўлиб ўтди. Дарвозадан киришда қизларни текширувчилар яхшилаб текширмади. Кўчадан олиб келинган аёллар ҳеч нимадан бехабар. Қизларни қандай текширишни билишмайди.

ИИБ да ишлайдиган аёл милицияларни текширишга қўйишмаган. Натижада текширув сустлиги туфайли кўп абитуриентлар телефон олиб киришди. Ичкарида назоратчилар фойдаланишга йўл қўйишди. Одатда текширув 4-5 жойда бўлиши керак эди, лекин фақат бир жойда - дарвозадан киришда суст текширув бўлди.

Менинг гуруҳимда тест 9:00 да бошланиб 12:00 да тугади. Мен 12да чиқдим. Бошқа гуруҳларда ҳам 9:00 да бошланган, лекин 14:30 да абитурентлар чиқяпти. Ҳаммаси қувониб, "кирдим, телефондан фойдаландим" деб чиқяпти. 12:00 дан кейин телефонда алоқа бўлган. Натижада абитуриентлар ручка ўйнаб ўтириб олий ўқув юртига юқори баллар билан ўқишга қабул қилинган. Давлат гранти 2017 йил 178 балл, 2016 йил 153 балл, контракт 2017 йил 133.6 балл, 2016 йил 140 балл бўлган. Фарқни кўряпсизми?

Фойдаланиш бўлган, шунинг ҳисобига балл 178 бўлиб кетган. Агар ҳамма ўз кучи билан саволларга жавоб берганда балл бунчалик юқори бўлмасди. Мен бу масалага ойдинлик киритиш учун Давлат тест марказига, Олий таълимга, президентга ва виртуал қабулхонага почта орқали ариза жўнатиб мурожаат қилдим. Лекин "фойдаланиш бўлмаган, судга бер. Ўқишга супер контрактга балинг етмаган, судга бер" мазмунида жавоб олдим.

Халқимизда "Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди" деган мақол бор. Худди шу мақол ўз исботини топиб, аризамга Давлат Тест Маркази ва қатор вазирликлар етарлича ёндашмади. Ахир қанақа исбот керак? Бу тест марказининг вазифаси. Мен телефон олиб кирмаган бўлсам, қанақа қилиб тест жараёни ҳаққоний ўтмаганини видеога оламан? Бу вазирликлардаги ходимларнинг вазифаси эдику?!

Давлат тест марказида ишлайдиган қайси олий маълумотли инсон менга бу жавобни жўнатди? Ахир президентимиз ДТМда ишлайдиган ҳар бир ходим учун етарлича маош тўлаяпти. Наҳотки шу бир кун бир йил олган маошини оқлаб бера олмаса. Давлат тест маркази ва қатор вазирликлар телевизорда "Мана шу йил ҳаққонийликни таъминлаймиз. Халқимиз ва президентимиз олдида ваъда берамиз" дейишди, лекин ваъдасининг устидан чиқишмади. Ҳар йилги хатосини шу йил ҳам такрорлади.

Мен 3 йил тайёрланиб тестни ечсаму қолган абитуриентлар ручка ўйнаб ўтириб кириб кетса. Олий ўқув юртида ўқиётган талабаларнинг кўпи билимсиз. Оддий иншо ёзишни бимайди. Бундай талабалар қабул қилинишига ким сабабчи? Магистратурани битиряпти, лекин ариза ёзишни билмайди. Бор шундайлар. Бу йил республикамизнинг кўп вилоятларида тест жараёни ҳаққоний ўтмаган.

"Ҳа, майли, Давлат тест маркази бизнинг давлатимизни саводсиз кадрларга тўлдираверсин. Абитуриентлар машинасини, магазинини сотиб кимлар орқалидир кираверсин" десак эрта бир кун ҳеч ким ўқимай қўяди. Мен нимага ачиняпман? Давлатимизда "олий маълумотлиман, фан номзодиман, профессорман" деганлар нега бу масалани ўйлаб кўришни хоҳлашмади. Бизнинг давлатимизга саводсиз кадрлар эмас билим олишга интилувчан талабалар керак. Бугунги кун талабаси ўқитувчи бўлгач, китобдан ўқиб бераман, телефондан айтиб туради эмас ёшларимизга билим ва тарбия бера олиши керак. Нега олий ўқув юртига юқори баллар билан кирган абитуриентлар Ўзбекистон номини дунёга танитиб марсга учмаяпти? Нега Навоий, Беруний, Ибн Сино, Бобур, Хоразмий бўлиб чиқмаяпти? Бизнинг давлатимиз 1 августдаги имтиҳон учун қанчадан-қанча маош тўламоқда. Бу пуллар кимлар учун олий ўқув юртига қандайдир йўллар билан юқори балл олиб кирган саводсиз кадрлар учун сарфланмоқда.

Тўғри бу нарсани лавозим эгаларини бўшатган билан ечиб бўлмайди. Тизим ичидан емирилган. Бу йил менинг охирги марта ўқишга топширишим эди. Шунинг учун президентимга ҳам "мени соф контрактга қабул қилинг" деб мурожаат қилдим, лекин аризам фақат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган. Мен биламан президентим яхши инсон, олийжаноб, адолатли. Худди Амир Темурга ўхшайди. Мен президентимни олтинга қиёслайман. Агар мени гапларимни эшитаётган бўлса, мендан хафа бўлмасин. Мен фақат телевизор билан ҳаёт тўғри келмаслигини айтмоқчи эдим.

Аризаларим айланиб-айланиб "балинг қонундаги контракт баллга етмаган" деб ўқишга қабул қилишмади. 3 ойдан бери аризаларимга ечим йўқ.

Бу йил институт талабалари пахта термади, лекин ўқишни ҳам қойил қилишмайди. Интернетдан, телефондан бошини кўтармайдиган, ариза тугул ўз фикрини билдириб иншо ёза олмайдиган талабалар ҳозирда олий ўқув юртларида ўқимоқда. Менга ўхшаган тайёрланиб ўқишга кираман деган абитурентлар эса омадсизлиги туфайли қолиб кетаверади, тестдан ўтолмайди. Магистратурани битирган талабалар Давлат тест марказидаги саволларни базўр ечади, лекин билимсизлар эса юқори балл билан ўқишга кирган. Улар қандай йўллар билан институт талабаси бўлган? Менинг бу саволларимга ҳеч қайси вазирлик аниқ жавоб бермади, чунки бу тизимни ўзгартириб бўлмаслигини билишади. Лавозим эгаларини ишдан олган билан жамиятдаги тизим ичидан емирилган. Мен Ўзбекистондаги таълим тизимига ва туманлардаги қонунларнинг ижросига 0 очко бераман.

Иштихон туманида ҳокимиятга ариза билан мурожат қилувдим. Аризамга 2 ойдан бери жавоб йўқ.

XS
SM
MD
LG