Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:44

Банк бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш вақти келмадими, Шавкат ака?


Uzbekistan- Banner OzodMaktub
Uzbekistan- Banner OzodMaktub

"Мен яна ойлиги тўланмасдан дам олиш кунларисиз, эрталаб соат 7 яримдан кеч соат 10 гача (камида!) ходимлар ишда ўтиришини, тушлик вақтимиз нормал вақтдан анча кечлигини (бутун Республикада шу аҳвол, Республика касаба уюшмаси, соғлиқни сақлаш вазирлиги қаерга қарашяпти, ҳайронман) ва яна бошқа аҳволларни ёзмадим", дейилган Озодликка банк ходимидан келган хатда. Мактубни OzodMaktub рукнида таҳрирсиз, қисқартиришсиз, муаллиф имлоси ва пунктуациясини сақлаган ҳолда беришга қарор қилдик. Хат муаллифи исми сир қолишини истаган.

***

«Ипотека-банк» АТИБ Бекобод филиалида мажбурий меҳнат оддий тус олган. Авваллари бундай бўлмаганди. Бундан қарийб етти йил аввал бизга янги келган бошлиқ, тартиб ўрнатиш баҳонасида, юқорига ёқиш учун салла деса, калласини олиб бориб беришда профессионал маҳорат кўрсата бошлади.

Ўша пайтларда Бекобод шаҳрининг марказий қозонхоналаридан бири аҳолига иссиқ сув ҳисоблагичларини ўрнатиш учун Ипотека-банк Бекобод филиалидан катта миқдорда кредит олиб, қарзни тўлай олмай, банкротлик эълон қилганда, юқоридан қарзни йўқ иссиқ сувга ўрнатилган ҳисоблагич ўрнатган оддий аҳолидан ундириш ҳақида топшириқ келди.

Бошлиқ аҳолидан пулни ундиртира олмагач, биз ходимларнинг ойлигидан ҳар ой мажбурий олиб қола бошлади.

Бошлиқ аҳолидан пулни ундиртира олмагач, биз ходимларнинг ойлигидан ҳар ой мажбурий олиб қола бошлади. «Счетчик иши»дан сўнг «бочка иши», принцип эса ўша-ўша...

Пенсияларни мажбуран нақддан пластикка ўтказишганини ҳали ҳеч ким эсдан чиқаргани йўқ.

Шаҳарда бир нечта банк филиаллари мавжуд. Аммо калтак фақат бизнинг бошимизда синиб келади. Чунки бошлиқ мажбурий меҳнатни тизимли қилиб йўлга қўйиб қўйди. Масалан, битта ходим ойига 4та «счетчик» қарзини ундиртириш, 8та «пенсионер» (пенсиясини пластикка "ихтиёрий" ўтказишга рози бўлганидан), 10 миллион сўмдан омонат пули (нақд пул тақчил бўлган вақтларда), 4 тадан мажбурий кредит (аҳолига товуқ-қўйни кредитга бериш «ғояси»), 4 та 1 миллион сўмлик газетага мажбурий обуна (Ооо, бу ҳақда алоҳида мақола, йўғ-э, энциклопедия ёзса, бу йиғилаётган пуллар тепадагилардан кимнинг чўнтагига бориб тушиши ҳақида журналистик суриштирув уюштиришса арзийдиган «иш»), шаҳарда 2 та янги қурилаётган "арзон" уйларга 2 тадан харидор, пахтага мардикор учун 250 мингдан пул, шанба-якшанба теримга чиқиш, 5 тадан теримчи топиш... Бунақа ишларнинг чеки йўқ.

Ўша бошлиқ ҳозир Ипотека-банкнинг Тошкент вилояти филиалига бошқарувчиликка кўтарилиб кетди. Аммо биз мажбурий меҳнатдан қутулдик деб хурсанд бўлиб, чучварани хом санабмиз.

Яқинда президент Бекободга келиб кетди. Ўшанда у аҳолининг иситиш тизими йўқлиги ҳақида шикоятларини эшитгач («счетчик» иши), аҳолига арзон автоном иситиш тизимини кредитга беришни буюриб кетди.

Жуда соз бўлди. Ростдан ҳам шундай бўлди. Рекламалар қилинди, маҳаллий телевидениедан кўрсатишди. Аҳоли эса бунга қизиқиш билдирмади. Шунда эски бошлиқ яна қайтиб келиб, мажлис қилди.

Энди ҳар бир ходим 20 тадан иситиш тизимига харидор топиб келишимиз керак экан..

Энди ҳар бир ходим 20 тадан иситиш тизимига харидор топиб келишимиз керак экан... Юқоридаги ишларни қилмаган ходимнинг мукофот пули қирқилади. Устамаси олиб ташланади. Энг ёмони, мажлисда ҳақорат қилинади. Ишдан ҳайдалади.

Мен яна ойлиги тўланмасдан дам олиш кунларисиз, эрталаб соат етти яримдан кеч соат ўнгача (камида!) ходимлар ишда ўтиришини, тушлик вақтимиз нормал вақтдан анча кечлигини (бутун Республикада шу аҳвол, Республика касаба уюшмаси, соғлиқни сақлаш вазирлиги қаерга қарашяпти, ҳайронман) ва яна бошқа аҳволларни ёзмадим.

Бир нарсани тўғри тушунишимиз керак деб ўйлайман. Айб ўша бошлиқда, муайян бир шахсда эмас (айнан шунинг учун унинг исмини келтирмадим). У ҳам буюрилган ишни сифатли бажармоқчи бўляпти.

Бизда бирор айбни бир кишига ағдариб қўя қолиш кенг қулоч ёйган. Аммо биз энди яхши тарафга ўзгаришни бошладик. Буни ҳамма эътироф этяпти.

Нега кишилар пулини уйда сақлашни афзал билишади?

Банкка аҳолининг ишончи «ноль»га тенг эканлигидан омонат режалари бажарилмайди. Нега бўлмаса кишилар пулини уйда сақлашни афзал билишади?

Турли хизматига оид бўлмаган ишни бажариш қўлидан келмагач, маданиятсиз бошқарувчисидан куракда турмас сўзлар билан сўкиш эшитавериб бети қотиб кетган ходим мижоз билан гаплашаётганда муомала маданиятини унутиб, қўпол муомала қилиши табиий ҳол эмасми?

Яқинда президент банк фаолиятини яхшилаш тўғрисида янги қарор чиқарди, мажбурий меҳнатга қарши энг юксак БМТ минбаридан туриб гапирди, унинг сайловолди дастурида иш вақти нормадан ошиб кетувчи ишчиларнинг иш вақтини нормаллаштириш пункти ҳам бор эди. Шундан келиб чиқиб менда бир савол туғиляпти:

Банк бошқаруви тизимини ҳам ҳақиқий (қоғозда эмас!!!) ислоҳ қилиш вақти-навбати келмадими экан, Шавкат ака?!

........................................................................................................................

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.

XS
SM
MD
LG