Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:55

13 ёшли ўқувчи устози аёвсиз дўппослагани ҳақида Озодликка шикоят қилди


Хоразм вилояти Хазорасп тумани Питнак шаҳридаги 3-сон ўрта мактабнинг 6-синф ўқувчиси Достон Султонов "Миллий истиқлол ғояси фани"дан дарс берувчи ўқитувчиси калтаклаб, тан жароҳати етказгани ҳақда Озодликка шикоят қилди.

Воқеа 4 апрел куни Питнакдаги 3-сон мактабда рўй берган.

Мактаб раҳбари Гули Қурбонова бу холатни мактаб мажлисида муҳокама қилгани, ўқувчини калтаклагани ҳақидаги шикоят ортидан ўқитувчига огоҳлантириш берганини айтди.

Воқеа айбдори сифатида кўрилаётган “Миллий истиқлол ғояси” фани ўқитувчиси Сурож Сапаев эса Озодлик билан суҳбатда ўқувчи иддаоларини рад этди.

Сапаевга кўра, қайтанга ўқувчиси уни онасидан сўккан.

Боланинг қариндошлари холат юзасидан Питнак шаҳар Ички ишлар бўлимига шикоят қилишганини айтишди.​

Жабрланувчи сифатида кўрилаётган 13 ёшли Достон 4 апрел куни "Миллий истиқлол ғояси фани"дан дарс берувчи ўқитувчиси синфдошларининг кўз ўнгида уни дўппослаганини айтди.

- Дарс қилиб жим ўтиринглар, деб устозимиз чиқиб кетди. Кейин келди-да "дафтаринг қани", деб юзимга шапалоқ туширди. Дафтар пастда ётган экан эгилиб оламан деганимда тепди. Кейин синфхонадан чиқиб кетаётган эдим, ушлаб қоровулхонага олиб бориб яна урди, уйга келсам юзим кўкарган, елкамда тирналган. Докторга олиб боришди, Беҳзод деган доктор кўриб, милицияга ариза ташлашни тавсия қилди, шундан сўнг милицияга ҳам шикоят қилдик, - дейди Достон Султонов.

Боланинг қариндошлари Питнак шаҳар Ички ишлар бўлимига шикоят қилишгани лекин хеч кандай натижа бўлмаганини айтишди.

- Милицияга ҳам шикоят қилдик, мактаб директорига ҳам шикоят қилдик натижа бўмади. Камбағални боласи, ҳеч кимни иши йўқ, - деди ўқувчининг амакиси Нодир Султонов.

Мактаб раҳбари Гули Қурбонова Озодлик билан суҳбатда масалани обдон ўргангани, ўқувчини калтаклагани ҳақидаги шикоят ортидан ўқитувчига огоҳлантириш берганини айтди.

- Мен ўқитувчи билан бу ҳақда шахсан гаплашдим. Урма деб огоҳлантирдим. Ўз у ўқитувчиларни урмайди, жуда оғир-босиқ одам. Шу куни "нимага дафтаринг йўқ" деб айтганида бола гап қайтарган, ўз устозини онасидан сўккан, жанжал шуни устида бўлган экан. Барибир огоҳлантириш бердик ўқитувчига, - дейди Қурбонова.

Воқеа айбдори сифатида кўрилаётган “Миллий истиқлол ғояси” фани ўқитувчиси Сурож Сапаев Озодликка ўз ўқувчиси онасида сўккани учун ғазаби қўзигани, лекин болани асло калтакламаганини айтди.

- Дафтаринг қани деб сўрадим, у мени ҳақорат қиляпти "Онангни .....", деб менга бақиряпти. Ўқитувчига шундай дейдими нормалний ўқувчи. “Миллий истиқлол ғояси”ни шу боладан сўранг, бирон нарса билмайди, Ўзбекистон мадҳиясини билмайди, герб қачон қабул қилинган, билмайди. Дафтари ҳам йўқ. Яхши гап билан тушунтирасиз, кор қилмайди. Мени ўзим оғир-босиқ одамман, лекин урмаганман, - деди муаллим.

Достон Султонов ўқувчисига онасидан сўкканини тан олди.

- Мени шунча дўппослаганидан кейин шундай дейишга мажбур бўлдим, - дейди калтакланганини иддао қилаётган ўқувчи.

Айни пайтда боланинг қариндошлари муаллимга нисбатан жазо кўрилишини талаб қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилган.

Врач хулосаларини ҳам ИИБга тақдим қилишган.

Питнак шаҳар Ички ишлар бўлими ходими Озодликка ўқувчи қариндошларининг шикояти ўрганиб чиқилаётганини айтди.

Ўзбекистоннинг мактаб ва коллежлари ҳамда болалар боғчаларида ўқувчи ва тарбияланувчиларни ўқитувчилар калтаклагани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган.

Ўтган йил Хоразм вилоят, Боғот туман прокуратураси Олимпиада миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 36 яшар мураббийси шу мактабнинг 5- синф ўқувчисини дарс пайтида калтаклаган.

Боланинг яқинлари Озодликка 5 синф ўқувчиси 20 сентябрь куни калтаклангани ортидан комага тушганини айтишганди.

Ўтган йили Озодлик Урганч автомобил транспорти коллежида муаллим ҳақоратлар билан талабани туфлиси билан ураётгани акс этган видеони эълон қилган, бир неча кун ўтиб муаллим ишдан ҳайдалгани хабар қилинган эди.

Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси мулозими Озодликка ўқувчи ёки табияланувчиларнинг калтакланиши билан боғлиқ ҳар бир холат ҳар бир шикоят ўрганиб чиқилишини айтди.

- Бунақа холат сўнгги йилларда бўляпти, ҳар бир холатни ўрганиб, чора кўряпмиз, - деди Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда

XS
SM
MD
LG