Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:37

Паркентда ошиқ йигит бошқага унаштирилган севган қизини пичоқлаб ўлдирди


Паркент тумани Ички ишлар бўлими мулозими Озодликка шундай ҳодиса бўлганини тасдиқлади ва бу бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси, “Қасддан одам ўлдириш” банди бўйича иш очилиб, туман прокуратураси тергов олиб бораётганини маълум қилди.
Паркент тумани Ички ишлар бўлими мулозими Озодликка шундай ҳодиса бўлганини тасдиқлади ва бу бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси, “Қасддан одам ўлдириш” банди бўйича иш очилиб, туман прокуратураси тергов олиб бораётганини маълум қилди.

Паркентлик ошиқ севган қизининг бошқага унаштирлиши ортидан уни ва бўлажак куёвни пичоқлади. Гувоҳлар йигит рашк устида қотилликка қўл урганини айтишмоқда. Паркент туман Ички ишлар бўлими мулозими Озодликка шундай ҳодиса бўлганини тасдиқлади ва бу бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”) бўйича иш очилиб, туман прокуратураси тергов олиб борилаётганини маълум қилди.

Воқеа Тошкент вилояти Паркент туманида 25 август куни содир бўлди.

Пичоқлаган йигит ва пичоқланган келин-куёвнинг исми Озодликка маълум лекин тергов сири важидан таҳририят буни очиқламайди.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, пичоқланган қиз воқеа жойида ҳалок бўлган, унинг бўлғуси турмуш ўртоғи оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Қотилликда гумон қилинаётган йигитни милиция қўлга олган.

Ҳалок бўлган қиз қўшниларидан бирининг Озодликка айтишича, ҳибсга олинган йигит марҳумнинг синфдоши бўлган, қизнинг ота-онаси уни бошқа йигитга унаштиришгани учун рашк устида бўлғуси келин-куёвни пичоқлаган.

- Бу йигит қизни яхши кўрар экан. Лекин қизнинг ота-онаси уни бадавлат оиладан бўлган йигитга унаштирган. Келаси ҳафта тўйлари бўлиши керак эди. Уларнинг учрашишини пойлаб юриб ҳалиги йигит пичоқлаган. Қиз шу ерни ўзида ўлди, йигит ўта оғир аҳволда касалхонага ётқизилди, - дейди ҳалок бўлган қизнинг қўшниларидан бири.

Озодлик пичоқлаб ўлдирилган қизнинг онасига боғланди, лекин у гапиришни истамади.

Паркент туман Ички ишлар бўлими мулозими Озодликка шундай ҳодиса бўлганини тасдиқлади ва бу бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси, “Қасддан одам ўлдириш” банди бўйича иш очилиб, туман прокуратураси тергов олиб бораётганини маълум қилди.

Паркент тумани прокуратураси расмийлари мазкур иш бўйича тергов тугамаганини айтиб, бу бўйича изоҳ беролмасликларини билдиришди.

Ўзбекистонда рашқ устида рўй берган жиноятлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Ўтган йили Ангрен шаҳрида куёв тўйдан бир кун олдин пичоқланган, лекин омон қолган эди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган гувоҳлар келиннинг собиқ севгилиси куёвни пичоқлаганини айтишган.

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида эса уч ой аввал бокира чиқмади деб ҳайдалган қизнинг отаси турмушга чиқишидан олдин қизи билан севишган 28 ёшли йигитни пичоқлагани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Икки йил аввал эса Самарқандлик ошиқ йигит севган қизининг бошқага унаштирилиши ортидан тўй арафаси бўлажак куёвни ўғирлаган эди.

Йигит “куёв ўғирлаш операцияси”га амакиларини ҳам жалб этган. Куёв ўғрилари шу куни милиция тарафидан қўлга олинган. Улар безориликда айбланиб, уч йилдан ортиқроқ муддатга қамалди. Ўғрилардан озод бўлган куёвбола Бекмурод эса эртаси куни унаштирилган қизга уйланган эди.

XS
SM
MD
LG